Маълумот учун: «Иннопром – 2024» кўргазма майдони 50 000 квадрат/метрни ташкил этди. Кўргазмада Хитой, Туркия, БАА, Беларусь ва бошқа мамлакатлар маҳсулотлари намойиш этиляпти. Кўргазма дастурида саноатни ривожлантириш ва инвестициялар, савдо алоқалари, энергетика ва бошқа долзарб мавзуларда 100 дан ортиқ давра суҳбатлари ва панель мунозаралари ўрин олган.
Кўргазманинг асосий тадбири «Уфқ – 2035: ШҲТ – жаҳон иқтисодиётининг ўқи» номли панель мунозараси бўлди. Унда Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов, Россия Федерацияси саноат ва савдо вазири Антон Алиханов, Қирғизистон Республикаси иқтисодиёт ва тижорат вазири Данияр Амангелдиев, Қозоғистон Республикаси саноат ва қурилиш вазири Канат Шарлапаев, Беларусь Республикаси саноат вазири Александр Рогожник, Тожикистон Республикасининг саноат ва янги технологиялар вазири Шерали Кабир ҳамда ШҲТ Бош котиби ўринбосари Соҳаил Хон маъруза қилдилар.
Лазиз Кудратов ўз нутқида Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) ҳудудида инвестицияларни рағбатлантириш ва ўзаро ҳимоя қилиш механизмларини, шунингдек, лойиҳа фаолияти ва саноат кооперациясини ривожлантиришга қаратилган молиялаштириш механизмлари жорий этишни назарда тутувчи янги иқтисодий мулоқот бўйича ҳамкорлик дастурини яратиш таклифининг конструктивлигини алоҳида таъкидлади.
Кўргазма доирасида Россия Федерациясининг қатор вазирликлари, ҳудудлари ва компаниялари раҳбарлари билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Хусусан, Россия Федерациясининг янги тайинланган саноат ва савдо вазири Антон Алиханов билан музокаралар чоғида томонлар амалдаги келишувларни ҳаётга татбиқ этиш жараёнини атрофлича муҳокама қилдилар ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича аниқ режалар ишлаб чиқдилар, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.
Умуман олганда, РФга ташриф доирасида ўтказилган тадбирлар, учрашув ва музокаралар томонларнинг савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни чуқурлаштириш, янги истиқболли лойиҳа ва ташаббусларни амалга ошириш бўйича кенг қамровли қўшма ишларни давом эттиришга ижобий муносабати ва тайёрлигини яққол намоён этди.