Истеъмолга яраша тўлов: исроф қилмасак – нолимаймиз, нолисак – исроф қилган бўламиз

    Охирги вақтларда электр энергияси ва газ истеъмолида анча тежамкор бўлиб қолгандекмиз. Улардан ортиқча фойдаланишдан олдин дарров махсус мобил иловага кўз ташлаб, нархлар тарифлари бўйича белгиланган ижтимоий норма чегарасига бир қараб оламиз.

    Бир ойда ҳеч бўлмаса 200 киловаттдан ошиб кетмасин деймиз. Акс ҳолда, тўлов кўпроқ бўлиши мумкин.

    Ўтган йил май ойида юртимизда илк бор электр энергияси ва табиий газ учун жорий этилган ижтимоий норма одамларни тежамкорликка ўргатиши ҳақида гапирилганди. Гарчи масала жиддий тус олиб, нарх-наво кўтарилгани ва ижтимоий норма амалиётга киритилиши кўплаб эътирозларни юзага келтирган бўлса-да, бугунги кунга келиб, ушбу ёндашув ҳақиқатан аҳолини тежамкорликка ўргатаётгани кўзга ташланади. Энди электр энергиясидан ҳар қанча фойдалансак ҳам бир хил тўлов қилмаймиз, сарф ортгани сари нарх ошиб боради. Оддийроқ айтганда, кўпроқ фойдаланган кўпроқ тўлайди, камроқ фойдаланган аксинча.

    Жаҳон тажрибасида шундай бўлиб келган — ҳар ким истеъмолига яраша тўлайди. Исроф қилган бунинг бадалини чўнтагидан қоплайди, бошқаларнинг истеъмол ҳуқуқини поймол қилмайди. Тежаган эса ҳамёнига фойда қилади. Хуллас, буёғи бозор иқтисодиёти.

    Тежамкорликка ундовнинг айни шакли юртимизда йиллар давомида амал қилган — электр энергияси ва газ истеъмолида исрофгарчиликка йўл қўймаслик, ноқонуний фойдаланмаслик, фойдаланилмаган вақтда электр ускуналарни ўчириб юриш, истеъмол учун тўловларни ўз вақтида тўлаш каби жон куйдириб айтилган даъватлардан кўра анча самарали экани амалиётда яққол кўриняпти. Энди бундай гапларни бирор кимга айтишнинг ҳожати йўқ, тизим аллақачон рақамлаштирилган, барчаси автоматик амалга оширилади.

    Ўзгарган ёки ўзгармаган нарх?!

    Гап табиий ресурслардан фойдаланишдаги тежамкорлик ҳақида боряпти. Бу бир неча оила ёки ҳудуд миқёсидаги масала эмас. Кўпчилик яхши билади, табиий ресурсларни тежаб, оқилона фойдаланиш глобал масалага айланган. Уларнинг захиралари қисқаргани сари жаҳон бозоридаги қиймати ошиб боряпти. Энди улардан фойдаланиш самарадорлигини оширишда янгича, замонавий ёндашувлар талаб этилмоқда.

    Кейинги йилларда юртимиз бўйлаб барча хонадонларга замонавий электрон ҳисоблагичлар ўрнатилгани боиси шунда. Инсон омилисиз ишлайдиган бу қурилмалар аҳоли томонидан табиий газ ва электр энергиясидан ўғринча фойдаланиш, ортиқча исроф каби ҳолатларга чек қўйди. Тизимни тўлиқ рақамлаштириш эса кейинги қадам — электр энергияси ва газ тўловлари учун ижтимоий нормани белгилашга йўл очди. Бу ҳам тўлиқ инсон омилисиз ишлайдиган тизим бўлиб, аввало, тежамкорлик, табиий ресурслардан бемақсад фойдаланмасликка хизмат қилади.

    Ижтимоий норма “истеъмолга яраша тўлов” мезонига асослангани учун одамни беҳуда исрофгарчиликдан тийиб туради. Қолаверса, бу ижтимоий адолатни таъминлайди. Масалан, бир ойда минг киловатт электр энергияси сарфлайдиган хонадон 200 киловаттгача ишлатадиган 5 та оила истеъмолига тенг электр энергиясидан фойдаланар экан, тўловни ҳам шунга яраша қилиши керак. Яъни уйида барча шароитлари бўлиб, электр ускуналари кўплиги ўша оиланинг электр энергиясидан бошқалардан кўпроқ фойдаланиши, бироқ ҳамма қатори тўлов қилишига асос бўлолмайди. Афсуски, йиллар давомида шундай бўлиб келган.

    Ўтган йили ижтимоий норма илк бор амалиётга киритилганда электр энергияси тўловлари бир ойга 200 киловаттгача 450 сўм, 1000 киловаттгача 900 сўм этиб белгиланганди. Одамлар бир йил давомида шу асосда тўловларни амалга оширди. Бу даврда ўзимиз фойдаланадиган меъёр ва тежамкорликни ҳам анча ўрганиб олдик. Агар электр ускуналар кераксиз вақтда ҳам ёқиқ қолдирилмаса, чироқлар тежамкор турларига алмаштирилса, фақат қариялар эмас, ҳар биримиз ишламай турган қурилмаларни токдан узиб қўйишга одатлансак, ҳеч ким бўлмаган хонада ҳаво совиткич, телевизор ишлаб турмаса, аслида, кўпчилигимизнинг электр энергияси истеъмолимиз бир ойда 200 киловаттдан ошмаслиги ойдинлашиб қолди.

    Аммо ижтимоий норма қатъий белгилангани нархлар энди ошмайди дегани эмас. Бозордаги ҳар бир маҳсулот каби табиий газ ва электр энергияси тўловлари ҳам муайян вақтда оширилиш заруратига эга. Гап жорий йилнинг 1 май санасидан бошлаб ушбу тўловлар ошгани ҳақида боряпти. Шу асосда янги тарифлар белгиланди. Эндиликда электр энергияси учун базавий меъёр бўйича 200 киловатт соатгача 600 сўм (бунгача 450 сўм эди), 201 киловаттдан 500 киловатт-соатгача 800 сўм, 501-1000 киловатт-соат учун 1000 сўм, табиий газ учун эса ойига 500 куб метргача 1000 сўм (бунгача 650 сўм эди), 501-2500 куб метргача 1800 сўм тўлов амал қилмоқда.

    Мутахассисларнинг айтишича, тарифлар ўзгариши билан кечган нарх ошиши тежамкор оилаларга сезилмаслиги ҳам мумкин. Яъни улар учун орадаги фарқ катта бўлмайди. Ҳатто графикдаги ўзгаришлар аҳоли учун енгиллик яратишга қаратилган. Яқинда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бу борадаги кичик ҳисоб-китобни эълон қилди. Мутахассислар электр энергияси нархи ўзгаргач, бир абонент учун бир ойлик қўшимча харажат неча сўм бўлишини ҳисоблаган. “Агар сиз бир ойда 50 киловатт-соат электр энергияси ёқсангиз, демак, харажатингиз 7500 сўм ошибди. Бу кунлик 250 сўм қўшимча харажат дегани. Меъёрий база миқдори доирасида электр энергияси ёқадиган абонент эса бир ойда 30 минг сўм, кунига 1000 сўмдан қўшимча сарфлайди. Ойига 500 киловатт-соат электр энергияси истеъмол қиладиган абонентлар учун тўловда ҳеч нима ўзгармаган. Улар аввалгидек 360 минг тўлашда давом этади”, дейилади маълумотда.

    Яна ўша тежамкорликка бориб тақаляпти гап. Табиий газ ва электр энергияси тўлов нархлари ошгани аниқ. Аммо бу нархлар тежамкор оилалар учун нисбатан арзонроққа тушади. Қолаверса, ижтимоий норманинг аҳамияти бу ерда янада яққол кўринади: тарифлар ҳам, тўловлар ҳам истеъмолга яраша бўлади. Бу худди мобил операторларда фойдаланувчилар талабларига мос жорий этилган қатор тарифлар, интернет тўпламлари тарифлари ва бошқа шу каби “истеъмолга яраша тўлов” механизмларининг бир кўриниши. Ҳар ким эҳтиёжи ва чўнтагига яраша танлайди ва харажат қилади.

    Компенсация кимларга берилади?

    Дунёнинг кўплаб мамлакатларида одамларнинг асосий харажатлари коммунал тўловларга кетиши ҳақида кўп эшитганмиз. Сабаби нарх-наво анча қиммат. Аслида, бу бежиз эмас. Соҳа мутахассисларининг айтишича, табиий газ ва электр энергиясини истеъмолчиларга етказиб бериш харажатлари ниҳоятда қимматга айланади. Айрим давлатларда тўлов тарифлари шунга яраша белгиланиши боиси шунда.

    Юртимизда эса электр энергияси ва табиий газ учун белгиланган тўловлар ҳали ҳам анча арзонлиги айтилади. Ўтган йили нархлар оширилгунга қадар ишлаб чиқариш харажатларининг асосий қисмини давлат субсидия асосида қоплаган. Ҳозирги кунда 1 киловатт электр энергиянинг таннархи, яъни ишлаб чиқариш харажатлари қўшилган қиймат солиғи билан 1,002 сўмни ташкил қилади. Ўрнатилган меъёр бўйича тўлов нархлари ҳам электр энергияси ишлаб чиқариш, уни етказиш, тақсимлаш учун қилинадиган харажатларни тўлиқ қопламайди. Шунга қарамай, аҳолининг бирламчи эҳтиёжлари ва зарур бўлган миқдорни инобатга олган ҳолда 200 киловаттгача электр энергия учун имтиёзли, субсидияланган нархлар тақдим этилган.

    — Буни ойига 500 киловатт-соатгача электр энергияси ишлатадиган аҳоли мисолида таҳлил қилиб кўрамиз, — дейди Энергетика вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Ҳасан Тошхўжаев. — Шунча миқдордаги меъёр учун ойига 360 минг сўм тўланади, аммо ишлаб чиқариш харажати 500 минг сўмдан ошади. Демак, давлат ҳали ҳам аҳолига 140 минг сўм субсидия беряпти. Йиллар давомида юртимизда электр энергияси нархлари арзон бўлгани ҳақида гапирамиз, аммо шунга яраша тизимда ҳам ислоҳотлар бўлмаган. 2023 йилгача деярли катта ишлар қилинмаган, маблағ етишмаган. Айнан 2023 йилдаги аномал қиш энергетика соҳасидаги асл вазиятимизни кўрсатиб қўйди. Туб ислоҳотлар самарасини одамларнинг ўзи ҳам қисқа вақтда кўра бошлади.

    Ижтимоий норманинг ўзи аввал бошдан аҳоли томонидан сотиб олишда қўлланиладиган имтиёзли тариф экани айтилганди. Яъни энергия муайян меъёргача нисбатан паст (имтиёзли) нархда ва бу меъёрдан юқори истеъмол учун бозор нархларида сотилади. Ҳозирги тарифлар бўйича 200 киловаттлик меъёр имтиёзли ҳисобланади ва бу аҳолининг барча қатламига амал қилади.

    Бунга қўшимча тарзда юртимизда тўлов қобилиятига эга бўлмаган ва ижтимоий ¬ёрдамга муҳтож аҳоли қатлами учун алоҳида компенсация белгиланди. Давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори билан шу йилнинг 1 май санасидан бошлаб эҳтиёжманд аҳолига давлат томонидан газ ва электр энергияси тўловларида алоҳида ёрдам — йил давомида компенсация бериладиган бўлди. Авваллари бундай ёрдам фақат қиш мавсумида берилган.

    Бу ҳам ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларга кўмак беришнинг ўзига хос шаклларидан бири. Аниқроғи, кам даромадга эга оилалар учун 2025 йил 1 майдан 2027 йил 1 апрелга қадар электр учун ойига базавий меъёр (200 киловатт)дан ортиқ фойдаланилган 150 киловаттгача, газ учун ноябрь-февраль ойларида базавий меъёр (500 куб метр)дан кўп фойдаланилган 250 куб метргача, бошқа даврларда эса 150 куб метргача ортиқ фойдаланилган қисми учун тўловлар давлат томонидан тўлаб берилиши катта ёрдам, аслида.

    Эҳтиёжманд оилалар қаторига эса, аввало, ижтимоий ҳимоя ягона реестридаги оилалар киради. Яъни биргаликдаги ойлик даромади тенг тақсимланганда 669 минг сўмдан кам чиққан оилалар ушбу тизимга киритилган. Компенсация тўлаб бериладиган кейинги талабгорлар эса камбағал ¬оилалар реестри рўйхатидагилардир. Шунингдек, иккала реестрга ҳам кирмаган, аммо мол-мулки кам ва ойлик даромади ҳар бир оила аъзосига 1 миллион сўмдан ошмайдиган оилаларга газ ва электр тўлови учун компенсация тўланади.

    Ушбу амалиёт шу йилнинг 1 май санасидан кучга кирди. Компенсация олиш учун аризалар 1 июндан “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ва маҳаллалардаги ижтимоий ходимлар орқали қабул қилинмоқда. Бугунги кунгача 915 мингдан зиёд оила компенсация олиш учун ариза топширган. Уларнинг 808 мингдан ортиғи ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган, камбағал деб топилган оилалар бўлса, 106 мингдан зиёди ҳали рўйхатга кирмаган, аммо ёрдамга муҳтож оилалардир. Маълумотларга кўра, 2024-2025 йилги иситиш мавсуми учун умумий кам таъминланган оилаларга 313,6 миллиард сўм ёрдам берилган бўлса, жорий йилда умумий ҳисобда 1 триллион 330 миллиард сўм миқдорда компенсация ажратилиши режалаштирилган.

    Электр энергияси узлуксизлиги ўз қўлимизда!

    Айни пайтда юртимизда чилла мавсуми авж паллада. Бундай вақтда совитиш техникасидан фойдаланиш кўлами ортгани ҳисобига уйимиздаги электр ҳисоблагич одатдагидан тезроқ айланади! Истаймизми-йўқми, айрим мавсумларда электр энергиясига талабимиз кескин ошади. Шундай вақтда тежамкорлик ҳақида ўйлаш у ёқда турсин, электр токида озгина узилиш бўлиб, чироқ ўчиб қолса, хунобимиз чиқади.

    Аммо шундай шароитда ҳам тежамкорликнинг иложи бор. Муаммонинг ечими — муқобил энергия манбаларида. Авваллари бу борада фақат дунё тажрибасини гапирардик. Бугун эса Ўзбекистон “яшил” энергетикага фаол ўтиб бормоқда. Саноат корхоналаридан тортиб, аҳоли хонадонларигача қуёш панеллари ўрнатиляпти. Бунинг учун имтиёз, субсидиялар ажратиляпти. Мақсад табиий ресурсларни тежаш, муқобил энергия манбалари ҳисобидан мавжуд эҳтиёжни қоплаш, қолаверса, экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган.

    Электр токини газ ёки бошқа ёқилғи манбаларидан олишдан кўра қуёш ёки шамолдан фойдаланиш анча барқарор ва зарарсиз. Боиси, улар қайта тикланиш хусусиятига эга. Жаҳон миқёсида энергетика захиралари тобора камайиб бораётган вақтда бу энг зарур ва ишончли ечимга айланган. Қолаверса, сайёрамиздаги демографик ўсиш бевосита электр энергиясига талабни оширмоқда. Масалан, “Ember” нашри маълумотига кўра, 2024 йилда глобал электр энергияси истеъмоли 4 фоиз ўсиб, илк бор 30 миллиард киловатт-соатдан ошган. Энг юқори истеъмол Хитой ва АҚШ ҳиссасига тўғри келяпти. Истеъмол талаби ошишига эса электромобиллар, дата-марказлар ва иссиқлик насослари кабилар тобора кучлироқ таъсир кўрсатмоқда. Мазкур тармоқлар глобал электр энергияси истеъмоли ўсишининг 17 фоизини таъминлаган. Юртимизда ҳам бундай талаб ўсишда давом этяпти. 2030 йилга бориб мамлакатимиз истеъмолчиларининг электр энергиясига йиллик талаби жорий 74 миллиард киловатт-соатдан 110 миллиард киловатт-соатгача ошиши ҳисоб-китоб қилинган.

    Энди муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш кўрсаткичини ошириш ҳисобига бу талаб қондириб борилади. Жумладан, Ўзбекистон ўз олдига 2030 йилга бориб “яшил” энергия ҳажмини 54 фоизга етказишни мақсад қилган. Бу ҳаракатлар оширилган тарифларни муайян маънода юмшатиш баробарида тежамкорлик, энергетика ресурсларидан тўғри ва оқилона фойдаланишга хизмат қилади.

    Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, ҳозир 10 та вилоятда умумий қуввати 4067 мегаватт бўлган 11 та қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда 3 та шамол станцияси бор. Улар томонидан ишлаб чиқарилган электр энергияси эса жорий йил бошидан буён 4 миллиард киловатт-соатдан ошган. Қизиғи, бир ой олдин бу кўрсаткич 3 миллиард киловатт-соатга етгани қайд этилганди. Бу ўтган вақт мобайнида қуёш ва шамол электр станцияларидан кунига ўртача 34,5 миллиард киловатт-соат электр энергия олинди дегани.

    Бу рақамлар аҳолининг қуёш панелларидан фойдаланиш кўрсаткичи ошиб бораётгани ҳисобига ортмоқда. Жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, юртимиз бўйича жами 121 минг 168 та объектга умумий қуввати 1417,3 мегаваттга тенг кичик қувватли қуёш панеллари ўрнатилган. Шундан энг кўпи — 173 минг 798 таси аҳоли, 26 минг 831 таси эса тадбиркорлик субъекти томонидан ўрнатилгани қайд этилмоқда. Ушбу жами панеллар орқали жорий йилнинг беш ойида 489 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлиб, натижада 148 миллион куб метр табиий газ тежалган, 220 минг тонна зарарли газ атмосферага чиқишининг олди олинган.

    Хонадонига қуёш панеллари ўрнатган юртдошларимизнинг кўпи билан суҳбатлашганимда, деярли ҳаммаси замонавий технологиянинг афзалликлари ҳақида гапиради. Улардан олинадиган ортиқча энергияни давлатга сотиб, даромад қилаётганлар орамизда кўпайган. Ҳеч бўлмаса, ўз эҳтиёжига фойдаланганда ҳам одамлар қуёш панеллари орқали электр энергиясига сарфлайдиган харажатини яхшигина тежамоқда. Бу тежамкорлиги билан миллий иқтисодиёт ва табиатга ҳам фойда келтиряпти.

    Яъни бугун электр энергияси истеъмоли бевосита экологик барқарорликнинг бир қисмига айланган. Куни кеча эълон қилинган йиллик статистик шарҳга кўра, дунё энергия тармоғида карбонат ангидрид ташланмалари бўйича янги рекорд ўрнатилиб, кетма-кет тўртинчи йил юқори кўрсаткичга кўтарилди. Бу сайёрамизда электр энергияси истеъмоли ортиб бораётгани билан боғлиқ. Аниқроғи, глобал энергия таъминоти 2006 йилдан бери биринчи марта 2 фоиз ўсган. Барча манбалар, хусусан, нефть, газ, кўмир, атом, гидроэнергетика ва қайта тикланадиган энергия манбалари кўпайди. Бу CО2 эмиссиясини тахминан 1 фоиз ошишига олиб келди. Тўғри, бу вақтда шамол ва қуёш энергияси ҳам 16 фоиз ўсган, бу энергияга талабнинг умумий ўсишидан тўққиз баробар тезроқ. Шунга қарамай, Дубайдаги COP28 иқлим саммитида келишиб олинганидек, дунё 2030 йилга бориб қайта тикланадиган қувватларни уч баравар ошириш мақсадига эриша олмаётгани таъкидланяпти.

    Агар мамлакатлар иқтисодиётида энг кўп электр энергияси истеъмоли ва улардан чиқадиган зарарли газлар айнан саноат корхоналари ҳиссасига тўғри келишини ҳисобга олсак, ушбу тармоқларда муқобил энергиядан фойдаланиш, айниқса, долзарблиги кўринади. Қолаверса, бу тармоқларнинг ишлаши учун барқарор қувват манбалари зарур. Шу йилнинг 23 июнь куни давлатимиз раҳбари йирик саноат корхоналарини “яшил” энергия билан таъминлаш чора-тадбирларига оид тақдимот билан танишар экан, энергия исрофини камайтириш, айниқса, йирик саноат корхоналарида тежамкор ускуналар ўрнатиш вазифаси қўйилди.

    Яъни энергияни нафақат ишлаб чиқариш, балки тежаш ҳам жуда муҳим. Хўш, саноат тармоқларида бу қандай амалга оширилади? Масалан, маълумотларга кўра, сув хўжалигидаги насосларга йилига 6,5 миллиард киловатт-соат электр сарфланяпти. Шу боис, 12 та йирик насосни модернизация қилиб, ҳар бирига 75-100 мегаваттли қуёш станцияси ҳамда 50 мегаваттли сақлаш қурилмаси ўрнатиш вазифаси белгиланди. Натижада насосларнинг электр сарфи йилига 2 миллиард киловатт-соат камайиб, 4,5 миллиард киловаттга тушади. Нефть-газ корхоналарида ҳам 240 мегаваттли қуёш станцияси ва 300 мегаваттли сақлаш қурилмалари ўрнатиб, камида 600 миллион киловатт-соат электр олиш имконияти бор.

    Юртимиз бўйлаб саноат корхоналарида қуёш панеллари ўрнатишга киришиб кетилгани боиси шунда. Бунинг учун йирик инвестициялар жалб этиляпти. Биргина Наманган вилояти Давлатобод туманида 2023 йилдан бери қуёш панеллари ўрнатиш ҳажми 1-2 баробар ошган. Тумандаги қоғоз ва тўқимачилик корхоналари учун аксессуарлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган заводлардан бирида ўтган йили қуёш панеллари ўрнатилгач, электр энергиясидан фойдаланиш имконияти янада ошди. Узлуксиз ишлаб чиқарилаётган электр токи умумий тармоққа тўланадиган харажатларни кескин камайтирди. Асосийси, тадбиркор Шавкатжон Сиддиқов исталган вақтда чироқ ўчиб қолиб, заводида иш тўхтаб қолиши муаммосидан халос бўлди.

    Завод томига ўрнатилган қуёш панеллари соатига ўртача 846 киловатт электр энергияси ишлаб чиқаради. Корхона эҳтиёжидан ортган қисми давлатга сотиляпти. Ҳозирги кунга қадар сотилган 45 минг киловатт-соат электр энергиядан олинган даромад корхонанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга йўналтирилди.

    Умуман, бугун электр энергияси тежамкорлиги борасидаги ҳаракатлар оддий тарғиботдан анча юқори. Янгича ёндашув ва замонавий технологиялар энди бевосита амалиётда қўлланиляпти. Ҳозир уйдаги бирор қурилмани шунчаки ўчириб қўйишдан кўра хонадонда энергиятежамкор ускуналардан фойдаланиш аниқ самарадорликни кўрсатади. Бунга ўзимиз ҳам мослашиб боряпмиз. Энди қандай қилиб электр энергияси ва унга кетадиган харажатларимизни қисқартиришни яхши биламиз. Шунга қараб ҳаракат ҳам қиляпмиз.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates