Изтироб-ла ёдлаб, ифтихор-ла қутлаб

    Фикр 6 май 2020 2653

    9 май – қувончли ва аламли, фараҳли ва армонли, тинчлик шарафланадиган, урушга лаънат ўқиладиган, қутлуғ анъанага айланган кун, қутлуғ байрам. Халқининг бир ярим миллионини фронтга кузатган, ҳалок бўлган беш юз минг фарзандига аза очган, соғ-омон, музаффар қайтганларини қучоқ очиб, гуллар сочиб, кўз ёшлари, куй-қўшиқлари билан кутиб олган Ўзбекистон учун бу кун ўзгача азиз ва мукаррам. Истиқлолдан кейин юртимиз бу санани ўзи хоҳлагандай, миқёсни катта олиб, кўнгилни кенг қилиб Ғалаба байрами, Хотира ва қадрлаш куни байрами сифатида эсда қоларли нишонлаб келяпти. Кейинги икки йилда пойтахтнинг Ботаника боғида ҳайратланарли тарзда ўтказилган байрамлар иштиёқ-ла кутилаётган, бундан-да зўр нишонланиши мўлжалланаётган тарихий сана олдидан катта репитиция ҳам бўлганидан далолат эди. Президентимизнинг 2019 йил 23 октябрдаги “Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисида”ги қарорида бу байрамга пухта тайёргарлик кўриш ва уни юксак даражада ўтказиш белгиланиб, санани нишонлаш бўйича асосий чора-тадбирлар дастури тасдиқланган эди. Қарорда ижод аҳлига, оммавий ахборот воситаларига байрамга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ жараёнларни кенг ёритиш ҳам тавсия этилганки, шунга амал қилиб фронтда ҳалок бўлган отам, унинг садоқатли ёри, ғолиб бўлиб қайтиб, меҳнат фронтида ҳам жасорат кўрсатган қуролдош дўсти ҳақидаги хотираларимни эътиборингизга ҳавола этсам.

    Ҳозир соч-соқоллари қордек оппоқ нуроний отахон жангчилар сиймосида ўз отамни ҳам кўргандек бўламан, уларни ўн чандон яхши кўриб кетаман, оталари, жигарбандлари қайтмаган кишиларда ҳам шундай ҳолат бўлса керак. Отажоним омон қайтиб келганда, Яратган умр берганда байрам, тантаналарида қатнашган бўлармиди, бағримиз тўлармиди...

    Отам Умирқул Ҳайдаров Ғаллаоролнинг Ўгат қишлоғида таваллуд топган, тақдир тақозоси билан Пайариққа келиб ишлаб қолган, шу ерда ойимга уйланган, уч фарзанд (бир қиз, икки ўғил) кўришган. Тенгқурлари хотираларига қараганда, сельпода раис, ҳалол, хушмуомала, меҳрибон, қўли гул инсон сифатида обрў-эътибор қозонган, техникага қизиққан, биринчилардан бўлиб патефон олган, қишлоққа радиокарнай ўрнатган экан. Уруш бошларида биринчилардан бўлиб фронтга жўнаган, отлиқ кавалерияда хизмат қилган. Энди бир-бир қадам ташлаб йиқилаёзганимда отам суяб қолгани, эркалатганлари, кейинроқ Дархон тоға деган қариндошимиз аравасида ойим ва биз, фарзандларини Булунғурнинг Оқтепа деган қишлоғига уларни кўргани борганимиз эсимда қолган. Урушга чақирилганлар олдин икки-уч ой машқ қилишгач, сўнг фронтга жўнатилар экан. Бир хил кийинган отлиқлар саф бўлиб машқ қилишаётгани, қиличларини бир пайтда чиқариб, ҳавода ўйнатиб, сўнг қинига солиб қўйишаётгани мурғак тасаввуримда нақшланиб қолган. Кейин суворийлардан бири – отам сафдан ажралиб чиқиб келиб, бизлар билан кўришганди...”

    Онам Ойсулов Ҳайдарова қора хат олиб, уч бола билан чирқираганча қолади, дарди, алами, ҳиссиётини ичига ютади, ўзини меҳнат билан овутади, колхозда теримчи, звено бошлиғи бўлиб ишлайди, пахтадан катта ҳосиллар олиб ордень, медалларга сазовор бўлади, туман кенгаши депутатлигига сайланади. Устозим профессор Ғайбуллоҳ ас-Салом ҳамкорлигимиз меваси – “Толибнома” асарида ёзгандилар: “Худораҳмати муштипар волидасини кўрганман. Оҳ, ўзбегимнинг онаси-я. Таърифига тараф йўқ. Отинг ўчкур қирғинбарот урушда эри нобуд бўлибди ҳамки, ёстиқдошини бу ёқда кутаверади, кутаверади... То бу дунёдан кўз юмганигача. Ёш келинчак Ойсулув фарзандлари билан боши очиқ қолиб кетади. Жужуқларини катта қилади. Бизим ардоқли мутафаккир шоиримиз Абдулла Ориф ўзининг гўзал “Аёл” шеърини Саидийнинг онаси ҳақида ёзган бўлса керак. Шундай эмас, албатта, лекин –шундай! Шундай эмасми, шоири замоним?”

    Йиллар ўтган, улғайганинг сари отангни кўпроқ қўмсайдиган, ўлими тафсилотларини билгинг келаверар экан. Қўшни колхозда Санақул Оллонов отамиз билан урушда бирга бўлганини, қадрдон эканини эшитган эдик. Олтмишинчи йиллар охирларида, 9 май куни укам билан табриклагани гул олиб, сарупо қилиб боргандик. Бениҳоя мутаассир бўлган, кўзларига ёш олгандилар: “Қаранг, қуролдош оғайнимнинг ўғиллари эр етишибди, отамиз ҳақида билганларингизни айтиб беринг, деб келишибди... Ҳалиям кўз ўнгимда турибди ўша кун. Ялангликка чиқиб, олдинга йўл олаётгандик. Кутилмаганда немис самолётлари пайдо бўлиб, бомба ташлай бошлади. Дарҳол ўрмонга чекинишга буйруқ бўлди. Баримиз отимизга қамчи босдик. Отангиз нимагадир сал кечикканини сездик, кейин билсак оти ариқча олдида сакрамай, бир зум тисланиб қолибди, шунда бир снаряд парчаси тегиб йиқитибди. Самолётлар қайтиб кетгач, баримиз ўзбек, бир вилоятданмиз, ўзимиз кўтариб бориб жаноза ўқиб, бир дарахт тагига кўмиб, белги қўйиб кетдик. Кўп яхши инсон эди дадаларингиз”...

    Санақул Оллонов урушдан қайтиб келгач, узоқ йиллар колхозда меҳнат қилади, хўжаликка раис, ҳосилот кенгаши раиси вазифаларида ҳам ишлайди. Етмишинчи йиллар иккинчи ярмида ташаббус кўрсатиб, оилавий звено тузиб, Мингчуқур деган жойдан ўн гектар ер очиб, пахта экади. Бўз ер, қаттиқ меҳнат ўз самарасини беради, гектаридан қирқ беш центнердан пахта олинади. Қишлоқдошлари ўша кезларда туман раҳбари бўлган Хайрулла Сайдиев келиб бир белбоғ пул ва янги чиққан “Рассвет” телевизори бериб, раҳмат айтиб кетганини эслашади. Шарофат ая Пай ариғи қазилишида қатнашади. Эр-хотин тўққиз фарзанд – беш ўғил, тўрт қиз кўришади, барини ўқимишли, одобли, меҳнатсевар қилиб тарбиялашади. Катта ўғил Тошмамат узоқ йиллар молия идораларида хизмат қилиб ўтди, Қувондиқ Санақулов бугунги кунда Навоий кон-металлургия комбинати бош директори, техника фанлари доктори, Кончилик институти ректори, Сирлибой Самарқанд вилояти солиқ идораси масъулларидан. Ҳамма фарзандлар ҳаётда ўз ўрнини топиб, эл корига ярайдиган инсонлар бўлиб етишди.

    Бугунги тинч, осойишта, фаровон ҳаётимиз шаҳид жангчилар қони, марҳум инсонлар фидойи меҳнати эвазига эканини бир зум унутишга ҳақимиз йўқ, буни ҳаммага, айниқса, ёш авлодга муттасил тушунтириб бормоғимиз лозим.

    Ғалаба байрами илк бор 1945 йил Москвада, Қизил майдонда ўтказилгани, маршал Жуков оқ отда парадни қабул қилгани, тўп-тўп фашист байроқлари Кремль деворлари пойига ташлангани кадрлари телеэкранларда вақти-вақти билан кўрсатиб турилади. Ўша йили “Фашистлар Германияси устидан қозонилган ғалаба учун” медали таъсис этилган ва жойларда танатанали топширилган. Андре Марте деб аталадиган кичик колхозимиз идораси ёнидаги бир хонада туман комсомоли раҳбари, сочи типратикан ўсган Насриддинов деган йигит (кейин билсам, бир қанча масъул вазифаларда ишлаган, туман партия комитетларини бошқарган Турди ака Насриддинов экан, жойлари жаннатда бўлсин) рўйхатга қараб одамларни бир-бир чақиргани, ёрдамчиси халтадан олиб узатган медалларни яхши сўзлар айтиб топширганини эслайман. Билмадим биттасини, ойим ўрнигами, ҳалок бўлган жангчининг фарзанди дебми менга – энди биринчи синфга борётган болага ҳам топширган эди. Медални тақиб хурсанд бўлиб уйга келганимда ойим қучоқлаб ўпган, кўзларида ёш қалққан эди. Шундан бери Ғалаба байрамлари ҳар йил қандай ўтганини радиодан эшитиб, матбуотда ўқиб, кейинчалик телевизорда кўриб, баъзиларида қатнашиб келаман. Бирда ундай, бирда бундай ўтарди, иттифоқчи республикаларда камтарроқ, Москвада, Қизил майдонда тантанали, дабдабали нишонланарди. Аскар, офицерларнинг майдон узра шахдам қадамлари, тўплар, танклар, ракеталарнинг гулдираб, ваҳима солиб ўтишларида ичдан нураётган империянинг кўриб қўйинг кимлигимизни, куч-қудратимизни, деган иддао, таҳдиди сезилиб турарди.

    Кейинги йилларда юртимизда Наврўз, Ғалаба байрамлари янги жойларда, хушҳаво масканларда, янгича шаклда ўтказилаётгани, бир хилликдан қочилаётгани барчага маъқул бўлаётир. Пойтахтнинг биз яшаётган Боғишамол кўчаси тўридаги Ботаника боғида икки йил олдин бениҳоя зўр ўтган Ғалаба барамини эслайман, таассуротларим ҳақида бир мақола ҳам ёзгандим. Катта кўчанинг икки тарафи икки километрлар чамаси машиналарга тўлиб кетганди, тумонат одам қатнашганди, юриб бўлмас даражада кўп эди. Боғда фронт ва фронт орти манзаралари тиклангани тадбирга ўзгача шукуҳ, жозиба бағишлаганди: кираверишдаги кенг майдоннинг чап томонида танк, тўп, самолёт, орқароқда юз метрлар узунликда темир йўл, қоп, яшиклар юкланган икки вагон, “Ҳамма нарса – фронтга!” деган ёзув, фронтга йўл олаётган миллий кийимдаги йигитлар, кузатаётган ота-оналар, қиз-жувонлар, ўнг томонда бомба вайрон қилган бино, уриб туширилган душман самолёти макетлари, кўнгиллилар ёзилаётган, тайёргарлик кўрилаётган хоналар, фронт газеталари, плакатлар нусхалари, нарироқда миномёт, турли русумдаги тўплар, окоп, блиндажлар, машинага тиркалиб, йўл-йўлакай таом тайёрлаб кетадиган “дала ошхонаси”, танк, тўплар, ўзимизнинг самолёт устига чиқиб расмга тушаётган, мос, ярашиғлик гимнастёрка, пилотка кийган ўғил-қизлар, ҳамширалар, микрофон, камера кўтарган журналистлар, ўйин-кулги... Халқ бундай байрамни орзиқиб кутгани кўриниб турарди. Энг қизиғи, таъсирлиси тўрроқда, махсус ҳозирланган саҳнда бўлганди. Пўрим кийинган, кўкраклари ордень, медаллар билан безанган, Президентимиз билан қўл олиб, қучоқ очиб кўришган фронтовик отахон, онахонлар, меҳнат фахрийлари, ҳукумат аъзолари, хорижлик меҳмонлар, таниқли зиёлилар, санъаткорлар... Давлатимиз раҳбарининг қисқа, ёрқин нутқи... Бетакрор овози билан буюк ғалаба ҳақидаги хушхабарни етказган Юрий Левитан, ҳароратли шеърлар ўқишган Ҳамид Олимжон, Ғафур Ғуломлар тантанада иштирок этишаётгандек эди. Машҳур “Катюша” ва бошқа фронт ашулаларининг жаранглагани, иштирокчилар, отахон, онахонларнинг рақсга тушиб кетганликлари... Байрам тантаналари Мустақиллик, Халқлар дўстлиги, Қардошлик қабристони майдонларида, Қорақалпоғистонда, вилоятларда давом этганди, кечқурун тиниқ осмонимизда ранг-баранг мушаклар порлаганди...

    Ғалабанинг 75 йиллигини муносиб нишонлаш тўғрисидаги қарорнинг барча бандлари, дастурда кўзда тутилган тадбирларнинг бажарилиши, жумладан, уруш талафотлари, тинчлик шарофатларини акс эттирувчи, ўхшаши йўқ аломат мажмуа битказилиши ниҳоясига етаётир. Афсус, минг афсус, кутилмаган “меҳмон”, кўринмас ёв коронавирус ҳаёт тарзини ўзгартириб, кўп режаларни бузиб, тантаналарни суриб юборди. Ҳатто Москва Қизил майдонидаги парад ҳам кечиктирилди. Қутлуғ байрам арафасида ва 9 май куни беомон жангларда ҳалок бўлган юртдошларимизни изтироб-ла эслаймиз, ҳақларига дуолар қиламиз, шу кунларгача етиб келган уруш қаҳрамонларини, меҳнат фахрийларини кўришганда, кўпроқ матбуот, эфир, экран орқали ифтихорла яна қизғин қутлаймиз, ўтганлар ва яшаётганлар олдида бир умрлик қарздормиз, бурчдормиз, ахир. Коронавирус даф бўлиб, ҳаёт тарзи нормал изга тушгач, улуғ байрамни уруш ва меҳнат қаҳрамонлари, таниқли инсонлар, хорижлик меҳмонлар иштирокида ҳавас қилса, ибрат олса арзигулик даражада қойилмақом ўтказишимиз шубҳасиз. Пандемия сабаб каминанинг Волгоград области Серафимович райони Горбатовский хуторидаги Қардошлик қабристонига қўйилган отамнинг қабрини зиёрат қилиб, бир ҳовуч тупроғидан олиб келиб ойимнинг ёнига қайта дафн этиш орзуси ҳам ҳозирча амалга ошмайдиган бўлди (ўғлим интернетдан излаб, Подольск ҳарбий архиви билан боғланиб, дадам 1942 йил 23-27 ноябрь оралиғида ҳалок бўлгани, жасади олиб келиниб, дафн этилганини, қабристон яхши сақланаётгани, мунтазам қараб турилишини аниқлади).

    Беомон урушда ҳалок бўлганлар хотираси дилларимиз тўрида, тилларимиз учида. Яратганнинг инояти билан шу кунларгача етиб келган уруш қаҳрамонларига ҳурмат, эътиборимиз беадад, улар олдида кўп қарздормиз, бурчдормиз.

    Улуғ байрамингиз, байрамимиз муборак бўлсин, азиз юртдошлар!

    Сайди Умиров,
    Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates