J-PAL семинари: камбағалликка қарши курашиш йўллари кўриб чиқилди

    Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Нобель мукофоти лауреатлари Абхижит Банержи ва Эстер Дуфло асос солган J-PAL билан биргаликда камбағалликка қарши кураш бўйича давлат дастурлари самарадорлигини ошириш учун Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда инновацион ёндашувларни ишлаб чиқиш ва синовдан ўтказишга кўмаклашиш мақсадида семинар ташкил этди.

    2022 йил 10-11 май кунлари Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида "J-PAL ва Ўзбекистон: камбағалликка қарши кураш бўйича ҳамкорлик ва тажриба алмашишнинг бошланиши" мавзусида илмий-услубий семинар бўлиб ўтди, дея хабар берди Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Жамоатчилик билан ишлаш бўлими.

    Унда камбағалликка қарши курашнинг энг яхши жаҳон амалиётлари ва усулларини ўрганиш, келажакдаги қўшма тадқиқотлар учун устувор йўналишларни шакллантириш мақсадида ижтимоий ҳимоя, бандлик ва тадбиркорлик, шунингдек, таълим масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

    Тадбирда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов камбағалликка қарши кураш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни ташкил этиш давлатимиз диққат марказида эканини ва сўнгги 5 йил ичида мамлакатимизда бу борада улкан ишлар амалга оширилганини таъкидлади. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг аҳоли ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ва ижтимоий ҳимоясини янада мустаҳкамлашга қаратилган тегишли фармон ва қарорлари қабул қилингани, Ўзбекистонда янги “маҳаллабай” тизимини ишга тушириш, шунингдек, Янги Ўзбекистон стратегиясининг асосий мақсадларидан бири – 2026 йилга қадар мамлакатда камбағаллик даражасини икки баравар камайтириш экани қайд этилди.

    Париж иқтисодиёт мактаби томонидан ташкил этилган J-PAL Europe тадқиқот марказининг сиёсат бўйича директори Киллиан Ноланнинг таъкидлашича, Ўзбекистонга ташрифдан мақсад, камбағалликка қарши кураш бўйича давлат дастурларининг асосини ташкил этиши мумкин бўлган тадқиқотларни кўриб чиқиш, бундай дастурларнинг таъсири ва самарадорлигини ўрганишдир.

    — Биз камбағалликка қарши кураш бўйича турли чора-тадбирлар самарадорлигини, ушбу чора-тадбирлар камбағалликни камайтириш мақсадларига эришиш, таълим олиш имкониятларини ошириш, иш ўринлари яратиш ва аҳоли фаровонлигига ижобий таъсир кўрсатиши ёки кўрсатмаслигини аниқлашга ёрдам берадиган семинар ташкил қилиш мақсадида Ўзбекистонга келдик, — деди эксперт.

    Семинар давомида тингловчилар томонидан, жумладан, тадқиқотни қандай қўллаш мумкинлиги борасида кўплаб қизиқарли саволлар берилди.

    — Тадқиқотнинг ўзи сиёсатни ўзгартира олмайди, аммо у орқали дастур ишлаётгани ёки ишламаётганини билиш мумкин ва келгусида бундай дастурларга ўзгартириш киритишга таъсир қилади. Бизнинг Ўзбекистондаги мақсадимиз техник кўмак кўрсатиш, камбағалликка қарши кураш бўйича давлат дастурларининг асосини ташкил этиши мумкин бўлган тадқиқотларни кўриб чиқиш, бундай дастурларнинг таъсири ва самарадорлигини ўрганиш, фуқароларнинг, шунингдек, камбағалликни камайтириш учун масъул бўлган вазирлик ва идораларнинг саволларига жавоб бериш ва уларни баҳолашдан иборат, — дея таъкидлади J-PAL Europe сиёсат бўйича директори Киллиан Нолан саволларга жавоб бераркан.

    Семинар давомида J-PAL экспертлари иштирокчиларга лабораторияда олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишларининг методологияси асослари ва турли мамлакатларда амалга оширилаётган камбағалликка қарши кураш лойиҳалари ва вақт ўтиши билан ижтимоий ҳимояни ташкил этиш натижалари қандай баҳоланиши ҳақида сўзлаб берди. Хусусан, тақдимотда Перу, Ҳиндистон, Жанубий Африка, Индонезия, Саудия Арабистони ва Туркиянинг тажрибалари келтирилган.

    Амалга оширилаётган лойиҳалар натижаларини вақт бўйича баҳолашга алоҳида эътибор қаратилди.

    J-PAL Global ва J-PAL Europe сиёсат менежери Карла Петерсен таъкидлаганидек, «J-PAL турли мамлакатларда амалга ошираётган айрим лойиҳаларнинг таъсирини баҳолаш учун 6 ойдан икки ёки ундан кўпроқ йилгача вақт кетади ва бу чора-тадбирлар ижобий таъсир қиладими ёки бу жараённи ўз-ўзидан давом эттириш яхшироқ бўладими ёки йўқлигини олдиндан тахмин қилиш ҳар доим ҳам мумкин эмас, чунки амалга оширилган ҳаракатларнинг тескари, салбий таъсири ҳам бўлиши мумкин».

    — Бир мамлакатда қабул қилинган ва муваффақиятли исботланган лойиҳалар, ҳатто иккала мамлакатда ҳам шунга ўхшаш омилларни ҳисобга олган ҳолда, бошқасида ҳам муваффақиятли бўлишига кафолат йўқ. Ҳар бир мамлакат индивидуал ёндашувга муҳтож, — деди Карла Петерсeн.

    Муҳокама давомида J-PAL экспертлари ва тадбир иштирокчилари J-PAL тавсия қилиши мумкин бўлган қўшимча ҳаракатларнинг потенциал таъсирини холис баҳолаш ва прогноз қилиш учун, биринчи навбатда, мамлакатдаги мавжуд вазият юзасидан дастлабки тадқиқотлар ўтказиш, шунингдек, республикада ижтимоий ҳимоя ва камбағалликка қарши кураш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар ва ишга туширилган ташаббусларни ўрганиш муҳим, деган фикрга келди.

    Эҳтиёжмандлар сонини ҳисоблаш бўйича долзарб маълумотларни тўплаш усуллари ва имкониятлари, ижтимоий ҳимояни рағбатлантириш чора-тадбирларини амалга оширишда давлатнинг роли, шунингдек, таҳлилий маълумотларни йиғиш ва кўрилган чоралар оқибатлари динамикасини ҳисоблаш усуллари муҳокама қилинди.

    Хулоса қилиб айтганда, семинар иштирокчилари J-PAL экспертлари билан фикр алмашдилар ва келгуси йилларда бўлажак қўшма тадқиқотлар учун устувор йўналишларни шакллантиришни бошлаш мақсадида тегишли маълумотларни алмашишга келишиб олди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates