Жамшид Авлоний: “Бобом фаолияти мен учун юксак намуна”

    XIX аср охири ва XX аср бошидаги ўзбек миллий маданиятининг машҳур вакилларидан бири, маърифатпарвар шоир, драматург, журналист, олим, давлат ва жамоат арбоби Абдулла Авлоний ўқиш ва ўқитиш усулига янгилик киритиб, янги мактаблар ташкил этганидан хабарингиз бор.

    У ўқувчиларга замонавий билимлар бериш, Шарқ ва Ғарб тилларини ўргатиш каби муҳим таълимий-тарбиявий ишларни бажариб, ўзбек миллати тарихида ўчмас из қолдирган. Ўзбек педагогикасининг “отаси” ва юртимизда биринчилардан бўлиб профессор унвонига сазовор бўлган Абдулла Авлоний ҳақида кўп ва хўп гапирсак арзийди.

    Бугунги кунда буюк намоянданинг хайрли ишларини невараси Жамшид Авлоний ҳам муносиб давом эттирмоқда. Кимё фанлари номзоди, фалсафа доктори, полимерлар ва нанотехнологиялар кимёси бўйича муҳандис Жамшид Авлоний 1956 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1991 йилдан шу кунга қадар АҚШда кимё йўналишида катта тажриба орттирди. 2015 йилдан буён АҚШдаги ConTex LLC компанияси директори лавозимида ишлаб келмоқда.

    Олим 2018 йили олган билим ва тажрибаларини юртимиз тараққиёти йўлида қўллашни мақсад қилиб қайтиб келди. Ҳозир Жамшид Авлоний Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар марказида фаолиятини давом эттирмоқда.

    — Кўп йиллар АҚШда истиқомат қилдингиз. Сиз билан қўнғироқ орқали боғланганимизда, бобонгизнинг йўлини давом эттириш асосий мақсадингиз эканини айтдингиз...

    — Бобом фаолияти мен учун юксак намуна ва ибрат вазифасини ўтайдиган етук инсон эди. Тарих ёки адабиёт фани саҳифаларини варақласангиз, бу инсон ҳақида етарлича маълумотларни топасиз. У кишининг жадид мактабига асос солгани, жадид адабиёти ривожига катта ҳисса қўшгани, янги усулдаги мактаблар ташкил қилгани ва кўплаб маданий марказлар очганидан ҳар бир ўзбек фарзанди яхши хабардор. Бобом ўзбек педагогикасининг асосчиси сифатида дарсликлар рўйхатига математика ва география фанларини киритган. Ҳозиргача Абдулла Авлонийнинг бу каби ишлари юксак қадрланиб, номи алоҳида тилга олинади.

    Тарих дарсликларида Бухоро хони Амир Олимхон ҳақида кўп ўқиганмиз. Унинг бой-бадавлат, тахт эгаси бўлганини эшитганмиз. Бироқ унинг номига бағишлаб бирорта мактаб ёки ташкилот очилмаган. Абдулла Авлоний эса катта давлатга эга бўлмаса-да, авлодларига улкан маънавий бойлик қолдириб кетди. Ҳозир кўплаб мактаб, музей ва маданий марказлар унинг номи билан аталади.

    Отам Кенжа Авлоний ҳам бобомнинг изидан бориб, кўп йиллар таълим соҳасида фаолият юритди. Болалигимда мен ҳам бобом ва отамга ўхшаб ўқувчиларга дарс бериб, уларнинг саводини чиқаришни истардим. Аммо илмга қизиқишим устунлик қилиб, кимё йўналишини танладим ва бу соҳада кўплаб ишларни бажардим. Олган билимим ва тўплаган тажрибаларим билан бўлишиш истагида яна она юртимга қайтдим.

    — Бирор мақсадга эришиш кишидан юксак жасорат талаб этади. Нобель мукофоти соҳиби, АҚШлик олим Алан Мак-Диармидга шогирд тушганингизнинг ўзи сизнинг нечоғлиқ катта жасорат эгаси эканингиздан далолат беради.

    — Алан Мак-Диармиднинг олиб борган тажрибалари ва ёзган мақолаларини катта қизиқиш билан ўқиб борардим. Сўнг у инсонга илмий тадқиқотлари ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларимни билдириб, кўплаб хатлар ёздим. Ниҳоят Алан Мак-Диармид билан Германия ва Австрияда ўтказилган конференцияларда учрашишга муваффақ бўлдим. Кўришганимизда у мени ўзи билан бирга ишлашга таклиф қилди. Бундан жуда хурсанд бўлдим. Шундай қилиб, олимнинг лабораториясида 1991 йилдан 1995 йилга қадар ишлаб, катта тажриба орттирдим. Бу инсон ўтган асрнинг 70-йилларида полимерларга оид изланишлар олиб борган.

    Оддий тил билан айтганда, полимерлар бу — пластика. Кимёвий элемент сифатида олсак, токни ярим ўтказувчи хусусиятга эга. Ундаги мана шу хусусият матога ўтказилган ва ижобий натижалар олинган. Бундай ноёб ихтиро юксак баҳоланиб, 2000 йили устозим Алан Мак-Диармид, АҚШлик яна бир олим Алан Хигер ва япониялик олим Хидэки Сиракава Нобель мукофоти билан тақдирланди. Ушбу ихтиро яралишида менинг ҳам ҳиссам бор. Алан Мак-Диармид умри давомида тўрт юз киши билан ишлаган бўлса, улардан бири менман.

    Ҳозир устозимдан ўрганган бор билим ва тажрибаларимни тадбиркорлик соҳасига татбиқ этяпман. Илм соҳаси икки турга бўлинади: биринчиси — академия, иккинчиси — саноат. Мен академияда ишлаб, катта тажриба орттирдим. Сўнг саноатга ўтдим. Тўғриси, бу жуда мураккаб соҳа.

    — Ҳозир қандай инновацион ишланмаларингиз билан саноатга кириб боряпсиз?

    Бозорда босим сенсорига талаб юқори. АҚШда босимли сенсордан жуда кенг фойдаланилади. Масалан, мен яратган матолардан “TIME MAGAZINE” компанияси босимни сезадиган қўлқоп ишлаб чиқарди. Бу ихтиро яқинда АҚШда ўтказилган “Энг яхши инновация” танлови мукофотига муносиб кўрилди.

    Хўш, бу турдаги босим сенсорлари ва қўлқоплар нима учун керак, деган савол туғилиши табиий. Баъзи инсонлар бахтсиз ҳодиса туфайли қўли ёки оёғидан айрилиши мумкин. Натижада уларга протезлар қўйилади. Улар оғир нарсани кўтарганда, умуртқа поғонасига оғирлик тушади. Ёки бўлмаса, сунъий қўллар билан бирор-бир нозик нарсани олаётганда, синдириб юбориши мумкин. Уларни қандай куч ва босим билан олишни сенсорлар “айтиб беради”. Чунки сенсорларда тескари алоқа мавжуд. Масалан, юрганда қоқилмаслик учун тўғри юриш кераклигини асаб толалари орқали биламиз, яъни нерв орқали ҳаракатланамиз. Босим сенсорлари ҳам худди асаб толалари каби фаолият юритади. Айнан протезларга ҳам шундай маълумот керак.

    Биласизми, ҳарбий соҳада кўп янгиликлар кузатилади. Мана, масалан, бутун дунёни эгаллаган интернетни ҳам улар ўйлаб топган. Экзис деган робот бор. У металлдан скелет шаклида ясалган. Ўртача инсон эллик килограмм юкни кўтара олади. Экзис роботининг ичига кирган аскар юз эллик килограмм юкни кўтариб, ўттиз километр юрса ҳам чарчамайди. Аскар тескари алоқа орқали роботни бошқаради. Агар сезгир асаб толалари бўлмаса, робот ҳаракатланмайди ёки ағанайди.

    Бундан ташқари, қандли диабетдан қийналадиган инсонларга ҳам босим сенсорлари фойдали. Бундай касалликни бошдан кечирадиган беморларнинг асаб толалари охири оғриқни сезмай қолади. Ҳатто пойабзални нотўғри кийгани ёки оёғини қисганини ҳам ҳис этмайди. Босим сенсорлари орқали қаерга қандай босим тушганини аниқлаш мумкин. Махсус дастур ёрдамида босимни сезадиган матога танани теккизиш орқали қаерда босим бўлаётганини кўриш мумкин.

    Масалан, оддий пианинони машина босиб кетса ёки сувга ташласангиз, ишламайди, тўғрими? Махсус полимерлардан ишланган пластик ва мато кўринишидаги пианинолар сувга тушса ёки машина босса ҳам синмайди. Жуда ҳам мустаҳкам. У ихчам ва қулай шаклда бўлиб, мусиқа шинавандалари уни бемалол олиб юрса бўлади.

    — Охирги йиллар “инновация” сўзига кўп урғу берилмоқда. Дунё кўрган эксперт сифатида кеча ва бугун юртимизда бўлаётган ўзгаришларга қандай баҳо берасиз?

    — Дарҳақиқат, юртимизда ўзгаришлар жуда катта. Тўрт-беш йил олдин оддий телевизорни ёқсам, кўрсатувлари жуда зерикарли туюларди. Ҳозир эса телеканаллар кўп, кўрсатувлар хилма-хил. Ҳар бири ўзига хос қизиқарли ва муҳим маълумотларга бой. Ҳамма соҳага янги технологиялар кириб келаётганидан жуда қувондим.

    Шунингдек, инвестиция ва туризм соҳасига ҳам кенг йўл очилаётгани алоҳида диққатга сазовор. Мана, мисол учун, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан ўтказилган “InnoWeek” ҳафталигини олайлик. Бу тадбирда кўплаб иқтидорли ёшлар билан танишдим. Айниқса, InnoLab лабораторияси ходими Абдулаҳад Каримовнинг ихтироси эътиборимни тортди. Унинг лойиҳасида тақдим этилган аппарат пахталардан озуқланадиган капалак ва ҳашаротларни тутади. Аппаратнинг тўлқинли чироқли спекторлари пахтадаги зараркунандаларни тортиб олади. Кейин чироқнинг кучи билан уни йўқ қилиб юборади. Натижада ҳавода ғойиб бўлган ҳашаротдан фойдали кимёвий элементлар олинади. Бу каби кўплаб қизиқарли лойиҳалар ҳақида гапириш мумкин.

    — Сизни ҳам “InnoWeek” ҳафталигида қизиқарли лойиҳаларингиз билан учратдик. Ғайриоддий кўрпа ва сенсорли қўлқопларингиз тадбир қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди. Бу ихтиролар қандай вазифаларни бажаради?

    Ғоялар ҳафталигида бир неча ихтироларим билан қатнашдим. Шулардан бири — электр кўрпалар. У бунгача яратилган электр кўрпалардан фарқ қилади. Оддий электр кўрпаларнинг фақат сим ўтказилган жойи иссиқ бўлади, ораси совуқлигича қолади. Аммо жарроҳликни бошдан кечирган бемор учун иссиқ кўрпалар жуда муҳим. У кўп қон йўқотгани учун гипертермияга учрайди. Дейлик, қон босими тушиши натижасида совқотиши ва кўкариши мумкин. Бундай беморларга иссиқлик жуда зарур. Электр симли кўрпалар орасидан беморнинг иссиқлиги чиқиб кетади. Ярим электр ўтказувчи қопламдан тайёрланган “ақлли текстил” кўрпалари бир маромда беморнинг жонига оро кириб, худди лампадан таралган иссиқликдай одамнинг барча калориясини сақлаб қолади. Натижада бемор гипертермия ҳолатидан тезроқ чиқади. Ҳозир чет эл шифохоналарида бундай кўрпалардан кенг фойдаланилмоқда. Ушбу қулайликни юртимиз тиббиётига ҳам олиб кирмоқчимиз.

    Ҳафталикда яна сенсорли қўлқопни ҳам намойиш қилдик. Тоза ва сифатли матодан тайёрланган бўлиб, унга электр ўтказувчи қоплам (полимер) ўтказилган. Қўлни совуқ ҳавода иссиқ ушлайди. Энг муҳими, уни кийган ҳолда телефон ва планшетларни бемалол бошқариш мумкин. Ваҳоланки, чарм ва нейлондан тикилган оддий қўлқопларда бундай имконият йўқлиги учун уни ечишга тўғри келади. Баъзилар эса бу ноқулайликни бартараф қилиш мақсадида қўлқопларнинг учини кесиб ташлайди. Биз яратган қўлқопнинг ўзига хослиги ҳам шунда.

    — Юртимизга илм-фанни кенг тарғиб қилиш учун келганингизни айтдингиз. Буни қандай амалга оширмоқчисиз?

    – Ҳозир турли хил семинар ва тадбирларда қатнашиб, учрашув иштирокчиларига ўз тажрибаларим бўйича сабоқ бериб келяпман. Бироқ ҳар бир тажрибани амалиётда қўллаш бошқача. Мақсадим — ўзимнинг лабораториямни очиш. Унда барча билган сир-асрорларимни келгуси авлодга ўргатишни истайман. Келгусида бундай ишланмалар билан давлатимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиш ниятидаман.

    – Мазмунли суҳбат учун ташаккур!

    Севара АБДУЛЛАЕВА суҳбатлашди.

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates