Ўзбекистон делегацияси сафар давомида Инчхон эркин иқтисодий зонаси (IFEZ), «Pangyo Techno Valley» саноат зонасини ривожлантириш бўлими, шунингдек, «Gyeonggi Bio Center» биомарказини ривожланиш гуруҳи раҳбарияти билан музокаралар ўтказди.
«Pangyo Techno Valley» саноат зонаси Корея Республикаси ҳукумати ташаббуси билан 2005 йилда 662 000 м² майдонда ташкил этилган. Бугунги кунда биотехнологик зонада АКТ, биотехнологиялар ва нанотехнологияларни ривожлантириш бўйича фаолият юритувчи 1622 та компания мавжуд.
«Gyeonggi Bio Center» биомаркази Кёнгидо вилояти раҳбарияти ташаббуси билан 32 000 м² майдонда 2007 йилда ташкил этилган. Ушбу марказ биотехнологиялар соҳасидаги инвестиция ва стартап лойиҳаларини амалга оширишга ихтисослашган. Бугунги кунда марказда 24 та корхона фаолият кўрсатяпти. Уларда 50 минг ишчининг бандлиги таъминланган. Марказда 14 та стартап лойиҳа амалга оширилмоқда.
Мулоқотлар чоғида мазкур ишлаб чиқариш ва илмий-тадқиқот йўналишларининг яратилиш тарихи ҳақида делегация аъзоларига батафсил сўзлаб берилди. Қайд этилишича, уларга Жанубий Корея ҳукумати томонидан субсидия ажратилади.
Музокаралар доирасида томонлар ҳамкорликнинг кўплаб истиқболли йўналишларини муҳокама қилдилар. Хусусан, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлигининг илмий-тадқиқот институтлари, Ўзбекистондаги фармацевтика йўналишидаги олий ўқув юртлари ҳамда «Toshkent Farma Park» инновацион илмий-ишлаб чиқариш кластери ва «Gyeonggi Bio Center» биомаркази ўртасида тажриба ва кадрлар алмашинувини йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди.
Жанубий Корея томони Ўзбекистон билан илмий-тадқиқот йўналишидаги ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлигини билдирган ҳолда Корея Республикаси биотехнология марказларида ўзбекистонлик олимларнинг малака оширишларини ташкил этиш учун амалий ёрдам беришга тайёрлигини билдирди, деб хабар беради «Дунё» АА .