Жумладан, 16-17 июнда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятида, 17-19 июнда Ўзбекистоннинг қолган ҳудудларида ҳаво ҳарорати кундуз кунлари 40-42 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда, баъзи жойларда 43-44 даражагача кўтарилади.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизматининг тавсия қилишича, жазирама кунларда, энг аввало, болалар, кексалар, ҳомиладор аёллар ва сурункали касалликлардан азият чекаётган беморлар ўз соғлигига янада эътиборли бўлишлари зарур.
Соат 10:00 дан 17:00 га қадар соя-салқин жойларда бўлиш тавсия этилади. Ташқарига чиқиш лозим бўлса, табиий, ёрқин рангдаги, пахта матосидан бўлган либослар ва енгил бош кийим кийиш ҳамда қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак тақиш мақсадга мувофиқ.
Иссиқ ҳавода кунига 3 литрдан кам бўлмаган миқдорда суюқлик ичиш лозим. Бироқ паст ҳароратдаги салқин ичимликларни ичишдан тийилиш керак.
Газланган, энергетик ва алкоголь ичимликлар, қаҳва истеъмол қилмаслик зарур. Ёғли, дудланган таомлар тановул қилмаслик, аксинча, кўпроқ мева-сабзавотлар истеъмол қилиш тавсия этилади.
Кун давомида илиқ душ қабул қилиш, вақти-вақти билан баданни совуқ сувда намланган дастрўмол билан артиб туриш ҳам танани ҳаддан зиёд қизиб кетишдан сақлайди.
Қуёш уриши — энг хавфли ҳолат бўлиб, жабрланувчида кўнгил айниши, бош айланиши, қусиш, бурундан қон кетиши, қулоқларда шовқин, кўриш қобилиятининг бузилиши, юрак уриши ва нафас олиш кучаяди. Ҳатто, айрим пайтларда тутқаноқ тутиш, алаҳсираш, галлюцинация кузатилиши ва бемор ҳушини йўқотиши мумкин.
Бундай пайтда уни, энг аввало, салқин жойга кўчириб ўтказиш лозим. Сўнг горизонтал ҳолда ётқизиб, оёқларини сал кўтариш, кийимларини ечиш, юзини совуқ сувда ювиш ва бирор хўлланган матони юрак соҳасига қўйиш керак. Шунингдек, унга қатиқ ичириш ва зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш лозим.
Шунингдек, иссиқда оғир жисмоний меҳнат билан шуғулланиш сувсизланиш ва силла қуриш хавфини сезиларли даражада оширади. Бундай шароитда юрак-қон томир тизимига тушадиган юк ортиб, юрак хуружи ёки инсульт юзага келиши мумкин.
Шу сабабли сурункали касалликлари (гипертония, юрак касалликлари, семизлик) бор инсонлар иссиқ вақтда жисмоний фаолликдан чекланиш, агар зарур бўлса, шифокор билан маслаҳатлашиши лозим.