Учрашувда JICA нинг Ўзбекистон-Япония стратегик шериклигини жадал ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси ва Агентликнинг Ўзбекистонда янги лойиҳаларни амалга ошириш мақсадларига содиқлиги юқори баҳоланди.
JICA кўмагида Ўзбекистонда энергетика, таълим, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмавий ривожланиш ва соғлиқни сақлаш каби муҳим иқтисодиёт тармоқларида умумий қиймати 3,7 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилган.
Агентликнинг Ўзбекистондаги муваффақиятли иш тажрибасидан келиб чиқиб, энергетика, соғлиқни сақлаш, инсон ресурсларини ривожлантириш, мамлакат ҳудудларида янги эркин иқтисодий зоналар ташкил этиш йўналишларидаги лойиҳаларни молиялаштиришнинг қўшимча имкониятлари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, 2022 йилдан JICA Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини давлат кафолатисиз молиялаштиришни назарда тутувчи Хусусий сектор инвестицияларини молиялаштириш (PSIF) дастурини амалга ошириб келяпти. Мазкур дастур доирасида янги истиқболли лойиҳалар портфелини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
Ўтган йили имзоланган умумий қиймати 2,4 миллиард долларлик 20 та лойиҳадан иборат Дастурнинг амалга ошириш жараёни алоҳида кўриб чиқилди.
Учрашув якунлари бўйича Япония ҳукумати билан «Айирбошлаш ноталари», Республика ихтисослаштирилган неврология ва инсульт илмий-амалий тиббиёт марказини қуриш ва жиҳозлаш лойиҳаси бўйича 150 миллион долларлик кредит шартномаси, JICA ва Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ўртасида чорвачилик, энергетика, таълим ва бошқа соҳалардаги лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутувчи ҳамкорлик протоколини имзолаш маросими бўлиб ўтди, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.









