Кариес — дунёда энг кенг тарқалган касаллик. Бу муаммога сайёрамиз аҳолисининг 95-98 фоизи тўқнаш келиши статистик таҳлилларда ўз ифодасини топган.
Шунга қарамай, болалар ва ҳатто катталар орасида ҳам кучли оғриқлар безовта қилмагунича стоматолог қабулига боришни пайсалга солувчилар кўп. Ваҳоланки, уни эрта босқичда даволаш ва олдини олиш мумкин.
Россиянинг Омск давлат тиббиёт университети олимлари бу борада изланишлар олиб бориб, ажойиб натижага эришди: кариеснинг олдини олувчи ва даволовчи қулай ҳамда самарали восита яратилди.
Гель кўринишидаги ушбу препарат ҳатто касалликнинг бошланиш даври, яъни тишларда доғлар ҳосил бўлиш босқичда ҳам яхши натижа беради. Шу тариқа кариес ривожланишига барҳам берса бўлади.
Яратилган махсус суртма фторид, кальций ва фосфордан таркиб топган бўлиб, эмал деворларини мустаҳкамлаш ҳамда тишларни зарур минераллар билан таъминлашга хизмат қилади. Муҳими, ундан уй шароитида фойдаланиш жуда қулай.
Даволаниш курси 2-3 ҳафтани ташкил этади. Муолажани йил давомида икки марта такрорлаш кифоя. Шу аснода тишлар ўн икки ой давомидан кариесдан ишончли ҳимояланади.
Ҳозир тадқиқотчилар 10 та гель композицияси учун патиент олишга муваффақ бўлди. Ҳадемай улар сони яна биттага кўпайиши кутиляпти.