Бу эса Ватан туйғусининг, ватанпарварликнинг халқимиз қалбидаги яширин ифодасидир. Бу туйғу барчамизни диёримизга ҳурмат ва садоқатли, ўз касбига фидойи бўлишга ундайди.
Ватанга меҳр-муҳаббат қаердан бошланади? Назаримда, Ватанга муҳаббат қалбимиздан, яъни хали туғилмаган, дунёни кўрмаган, аммо онасининг қорнидаёқ юрак уриши орқали Ватанни нақадар мўътабарлигини хис қила оладиган гўдакнинг тафаккурига сингишдан бошланади.
Қишлоғимизда бир аёл бор эди. Мактаб даврим ўқишга кетаётиб, опанинг уйи дарвозаси йўқлиги сабаб ичкаридан чиқаётган овозни беихтиёр эшитиб қолдим. “Ўғилларим, сизларни деб яшаяпман. Сиз бор – мен ва оиламиз бор. Чет элда ишлашдан қандай наф? Аксинча, юртимизда ишлаб тирикчилик ўтказишга нима етсин? Майли, ғишт қуйинг, деворларни сувоқ қилинг, лекин университетда ўқинг ва ишланг. Ўзимизнинг юртдагидек, халқимиз сингари меҳрли инсонлар хеч қаерда йўқ. Сизлар ватанимизни севиб, унга муносиб инсон бўлишга ҳаракат қилсангиз, Аллоҳнинг ўзи сизни қўллайди. Нима иш қилишингиз муҳим эмас. Ишингизни ҳалол бажаринг, шунинг ўзи етади”.
Қизиққанимдан бир неча кун ўша маҳалла оралаб, опанинг гапларини тингладим. Ҳар куни эрталаб шу гапларни ўғилларига уқтирарди. Фарзандларига сиз деб мурожаат қиларди. “Узоқни бошоғидан яқинни сомони яхши болам. Мана энди тўғри иш қилибсиз. Шу пулларга китоб олинг ва ўзингиз уйда ўқиб, ўқишга тайёрланинг. Бугун акангиз ўрнингизга менга ёрдам беради”, дея болларига юмушларни бўлиб ҳам берар эди.
Ҳаёт турфа қисматларга тўла. Баъзан, кимнидир оққушдай осмонга учиради. Бу опахон турмушидан эрта бева қолганига қарамай, 4 нафар ўғлини отасиз ўзи вояга етказди. Таълим-тарбия берди. Ўзи ҳам устозлик қиларди. Ҳозир нафақада. Ўғиллари эса турли соҳаларда ўз ўринини топа олган. Барчаси олий маълумотли. Оилали. Нега улар ўз ўрнини топа олди? Нега турли нотекс йўлларга қадам қўймади. Чунки, уларни онаси Ватанга муҳаббат туйғуси билан тарбиялади.
Инсон – қайси соҳада, қайси жойда ишлашидан қатъи назар, ўз касбининг устаси, қалбида ватанпарварлик хисси юксак, юртига садоқат билан хизмат қилиб, касби ва оиласини севса, қадрласа, меҳнатини сидқидилдан бажарса, демак у, Ватан ва юрт равнақи йўлида хизмат қилаётган ҳисобланади.
Сиз боғбон, деҳқон, ўқитувчи, посбон ё оддий фаррошдирсиз. Ким бўлишингиздан, қай соҳада ишлашингиздан қатъи назар, ўз ишингизни ҳаллолик-поклик билан, сидқидилдан бажараётган бўлсангиз, демак, сиз Ватан, деб яшаяпсиз. Акс ҳолда сиз нафақат Ватанга, ўзингизга ҳам хиёнат қилаяпсиз.
Инсоннинг нафақат ақли, балки юраги ҳам юрт ишқида ёнса, Ватани деб борини, молини, ҳаттоки жонини беришга тайёр бўлса, демак у Ватан нелигини, уни қандай севишни, қадрлашни ҳамда унга ўз меҳнати, қўлидаги ҳунари, касби билан хизмат қилишни билади. Касбга садоқатли бўлиб, сидқидилдан меҳнат қилиш, бу Ватанга хизмат қилишнинг асл намунасидир.
Зулхумор Акбарова