Ўзбекистон-Туркия: маънавий-руҳий қардош мамлакатлар стратегик ҳамкорлиги янги босқичда

    Ўзбек ва турк халқларини ўзаро боғлаб турувчи кўп йиллик умумий ришталар мавжудлигини тарихимиз, умумий қадриятлар, ўхшаш урф-одатлар ва анъаналар, яқин тил, маданият, ягона дин ва шу каби жиҳатларда кўришимиз мумкин.

    Узоқ йиллик илдизга асосланган икки томонлама муносабатлар ва дўстлик алоқалари ҳозирги кунда янада мустаҳкамланиб бораётгани барчамизга маълум.

    Бугунги кунда давлатларимиз ўртасидаги иқтисодий-сиёсий, ижтимоий-маданий ва шу каби йўналишлардаги мулоқотлар, шу жумладан юқори даражадаги алоқалар мунтазам характер касб этиб, икки давлат ўртасидаги стратегик шерикликни ривожлантиришнинг энг муҳим омилига айланди, десак муболаға бўлмайди.

    Жумладан, 2017 йил октябрь ойида Ўзбекистон Президентининг Туркияга, 2018 йил апрель ойида Режеп Таййип Эрдоғаннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи самарали шериклик учун кенг имкониятлар эшигини очиб берган эди.

    2020 йил давлатимиз раҳбари Туркия етакчисининг таклифига биноан ушбу мамлакатга расмий ташрифи давомида давлат раҳбарлари раислигида олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг биринчи, 2022 йилда эса иккинчи йиғилиши ўтказилиб, унда икки давлат ўртасидаги ҳамкорликка оид бир қатор масалалар юзасидан ижобий натижаларга эришилган эди.

    Куни кеча эса икки давлат раҳбарлари раислигида ўтказилган Ўзбекистон-Туркия олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг учинчи йиғилишида Президентимиз “Стратегик ҳамкорлик кенгашининг ташкил этилиши, Ўзбекистон-Туркия муносабатлари тарихида янги саҳифа очди ва шерикликнинг барча соҳаларида янада ривожланишга кучли суръат бағишлади”, деб таъкидлаганликлари ҳам фикримизнинг яққол далилидир.

    Шу ўринда икки қардош давлатлар ўртасидаги ўзаро иқтисодий-сиёсий ҳамкорлик алоқалар йилдан-йилга ўзининг салмоқли самарасини бериб бораётганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Жумладан, ўзаро савдо ҳажми 1,5 баробарга, қўшма корхоналар сони 2 баробарга, Ўзбекистон иқтисодиётига турк инвестициялари ҳажми 2,5 баробарга, Туркиядан келаётган туристлар оқими 3 баробарга ошган. Стратегик ҳамкорлик кенгаши учинчи йиғилиши фаолиятининг самараси сифатида эса келажакда икки томонлама савдо ҳажмини 5 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.

    Қувонарлиси, ҳамкорлик режалари нафақат иқтисодий-сиёсий балки тадбиркорлик, ишлаб чиқариш, туризм, маданият, қишлоқ ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш, транспорт-логистикаси, олий, профессионал ва техник таълим каби турли йўналишларини ҳам қамраб олган. Бу эса икки қардош халқнинг келажакдаги мустаҳкам ҳамкорлик, яқинлик ҳамда якдил сиёсатининг гарови десак муболаға бўлмайди.

    Шунингдек, ташриф доирасида Президентимиз Туркия Республикасининг Олий нишони билан тақдирланиши икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг нақадар самимий ва дўстона эканлигини яққол далили бўлди. Давлатимиз раҳбари “Бугун мамлакатларимиз ўртасидаги кенг қамровли стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги декларация имзоланган кунда Туркия Республикасининг бундай юксак мукофотини олиш мен учун катта шарафдир. Ушбу мукофот халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталари, олий даражадаги ишончли мулоқот ҳамда икки томонлама кўп қиррали муносабатларнинг жадал ривожланишининг рамзидир”, дея таъкидлади.

    Айтиш жоизки, амалга оширалаётган ҳамкорлик ишлари халқимиз фаровонлигини ошириш, халқ манфаатларини ҳимоя қилиш, фаровон ҳаёт кечириши учун муносиб шароит яратиш ва шу каби эзгу мақсадларни кўзда тутган. Бу йўлда аниқ режалар, ишлаб чиқилган механизмлар эса кутилаётган натижаларни кафолатлайди.

    Муҳайё Исмаилова,

    Республика Маънавият ва маърифат маркази Тошкент шаҳар бўлими раҳбари


    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates