Музокараларнинг биринчи раундида компания томонидан мамлакатимизда амалга оширилиши режалаштирилаётган инвестиция лойиҳаси доирасида сунъий чарм ишлаб чиқариш корхонасини ишга туширишнинг ташкилий ва амалий жиҳатлари муҳокама этилди.
Маълумот учун: KDTECH Group Co., Ltd 1993 йилда ташкил этилган. Асосан экологик синтетик чарм, ўриндиқ қопламалари, автомобилларнинг ички интерьери учун ночарм материаллар ва сунъий чарм, эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаради. Автомобилларга композит ишлов бериш билан шуғулланади. Саноат занжири интеграциясининг афзалликларига таянган ҳолда, компания мижозларга автомобиль интерьери учун комбинацияларни тақдим этиб келяпти.
Томонларнинг бир ой олдинги учрашувидан сўнг ХХР компанияси Ўзбекистон чарм саноатининг ишлаб чиқариш салоҳияти, экспорт бозорлари бўйича таҳлиллар ўтказди. Лойиҳани амалга оширишнинг афзалликлари кўриб чиқилди. Ушбу таҳлиллар асосида «KDTECH Group» автомобилларнинг ички интерьери учун сунъий чарм ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш учун ўз сармоясини йўналтириш бўйича қарор қабул қилди.
Қайд этиш керак, йилдан йилга Ўзбекистонда автомобилсозлик, чарм-пойабзал соҳаларида сунъий чармга бўлган талаб ортиб боряпти. Шу боис, «KDTECH Group» бу ерда сунъий чарм ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонани барпо этишни мақсад қилган.
Учрашувда мазкур лойиҳани амалга оширишнинг ташкилий, ҳуқуқий, молиявий жиҳатлари атрофлича кўриб чиқилди, деб хабар беради «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.