Келажак мутахассислари муҳандислик мактабларида тайёрланади

    Миллий иқтисодиёт олдида турган устувор вазифалар ва саноат шериклари билан ўзаро алоқалар муҳандислик мактабларида таълимнинг янги тури учун асос бўлиб хизмат қилади.

    Давлатимиз раҳбари иштирокида муҳандислик кадрларини тайёрлаш тизимидаги устувор вазифаларга бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида илм-фан ва технологияларнинг энг сўнгги ютуқларидан бохабар бўлган, замонавий муҳандислик технологияларига доир билимларни эгаллаган, тизимли ва ижодий фикрлаш кўникмасига эга юқори малакали муҳандисларни мақсадли тайёрлаш масаласи кўриб чиқилди.

    Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси технологиялар ва инновацияларнинг жадал ривожланиши билан боғлиқ глобал муаммолар ечимини топишга қаратилган. Глобаллашган бугунги мураккаб даврда барча давлатлар ўз ички ресурсларига таяниб, масаланинг инновацион ечимига эътибор қаратмоқда.

    Бугунги кунда муайян соҳанинг талабларига йўналтирилган замонавий таълим, илғор ускуналарга эга лабораториялар ва, энг муҳими, ўз ишига иштиёқи баланд ёшларнинг салоҳиятига асосланган муҳандислик мактаблари масаланинг ечими сифатида кун тартибига қўйилган. Миллий иқтисодиёт олдида турган устувор вазифалар ва саноат шериклари билан ўзаро алоқалар муҳандислик мактабларида таълимнинг янги тури учун асос бўлиб хизмат қилади. Йиғилишда давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “тармоқ-корхона-олийгоҳ” тизими асосида ҳар бир олийгоҳ бириктирилган саноат ҳамкори билан дуал таълим орқали амалий кўникмалар олади ҳамда корхоналарда ташкил этиладиган кафедраларда илмий тадқиқот ишларини олиб боради.

    Корхоналарнинг асосий вазифаси янги турдаги кадрлар тайёрлаш учун зарур шарт-шароитларни яратишдир. Ўқув дастурларида амалий компонентларнинг катта қисми: амалиётлар, стажировкалар, дарсдан ташқари лойиҳалар, муаммоларнинг рақамли ечимлари, замонавий тадқиқотлар олиб боришда мавжуд технологик ускуналардан фаол фойдаланиш ҳисобига талабалар ва тадқиқотчилар маърузаларни ва семинар матнларини камроқ ёзади, амалий кўникмаларни кўпроқ эгаллайди. Таълим фаолиятини ташкил этишда олий таълим муассасаси учта асосий тамойилга асосланган бўлади. Биринчиси, барча таълим дастурлари саноат шериклари билан биргаликда амалга оширилади. Иккинчиси, ҳар бир таълим дастури корхонада иш билан таъминлашга қаратилган бўлади ва учинчи тамойил – энг муҳими, таълим ва ишдаги инновацион, қизиқарли лойиҳалар орқали етук мутахассислар жалб қилинади. Бугун яқин келажакда таълим ишлаб чиқаришнинг ажралмас қисмига айланиши хусусида сўз бормоқда.

    Тезкор технологик ривожланиш даврида янги техника ва технологияларни ярата оладиган муҳандислар тайёрлаш жуда муҳим аҳамиятга эга. Бу жараён нафақат мамлакатнинг иқтисодий ва технологик ривожланишига ҳисса қўшади, балки глобал рақобатбардошликни оширади. Қуйида бу муҳим вазифанинг баъзи жиҳатларини кўриб чиқамиз.

    Таълим дастурларини янги талабларга мослаштириш зарурати

    Технология тезкор суръатларда ривожланаётган бир пайтда таълим дастурларининг ҳам ушбу ўзгаришларга мослашуви муҳимдир. Шу сабабли муҳандислик олий таълим муассасаларида замонавий ва келажак технологияларига йўналтирилган курсларни жорий этиш керак. Булар сунъий интеллект ва робототехника: ушбу соҳалар ҳозирги ва келажакдаги кўплаб технологик янгиликларнинг асоси ҳисобланади.

    Илмий тадқиқотлар ва инновацияларни рағбатлантириш

    Муҳандислар янги технологияларни яратишда илмий тадқиқот ва инновацияларга асосланиши лозим. Университетлар ва илмий тадқиқот марказлари ўзаро ҳамкорлик қилиб, янги лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида молиявий қўллаб-қувватлаш, саноат билан яқин ҳамкорлик орқали илмий тадқиқотларнинг амалий қўлланилишини таъминлаш ҳамда стартап экотизимларини ривожлантириш эътиборга олиниши керак.

    Амалий тажрибага эътибор қаратиш

    Назарий билимлар қанчалик муҳим бўлмасин, амалий тажриба улардан кам эмас. Шунинг учун муҳандислик таълимида амалиёт ва лаборатория машғулотларига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Талабалар реал лойиҳаларда иштирок этиши, турли корхоналар ва илмий марказларда амалиёт ўташи зарур. Лойиҳа асосида кадрлар тайёрлаш жараёнида талабаларни турли лойиҳаларда иштирок этиш ва улар устида ишлашга йўналтириш лозим. Шунингдек, уларнинг йирик компанияларда стажировка ўташ орқали реал иш шароитларини ўрганиши муҳим аҳамият касб этади.

    Янги техника ва технологияларни ярата оладиган муҳандисларни тайёрлаш келажакда муваффақиятли ва рақобатбардош бўлишимиз учун муҳим. Бу жараён таълим дастурларини замонавийлаштириш, илмий тадқиқот ва инновацияларни рағбатлантириш, амалий тажрибага эътибор қаратиш ва узоқ муддатли режаларга асосланган стратегияларни амалга ошириш орқали рўёбга чиқади. Фақат шу йўл билан биз глобал рақобатда олдинга чиқиб, технологик ривожланишда етакчилик қила оламиз.

    Муҳандислик соҳаларида кадрлар тайёрлаш тизимида давлатимиз раҳбари илгари сурган устувор вазифалар ва таҳлилий-танқидий хулосалар жамоамиз томонидан ўрганилиб стратегик режаларни белгилаб олдик.

    Алишер САМАДОВ,

    Тошкент давлат техника университети

    Олмалиқ филиали директори,

    техника фанлари доктори, профессор