Кенг уфқлар, баланд орзулар, юксак марралар сари

    Фикр 1 август 2025 501

    Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир, дейди улуғ шоир Чўлпон. Ҳа, халқ буюк куч. Халқ баъзан йўл бошида туриб, ён-атрофни кузатиб, ўзига етакчи танлайди – юртни ҳаракатга келтира оладиган, юрагида жасорат, кўзида нур, юришида ишонч бор шахсга эргашади.

    Ўзбекистон учун бундай палла 2016 йилда бошланди. Халқ ўз танловини қилди — Шавкат Мирзиёев мамлакатни бошқаришга киришди. Шундан буён орадан ўтган йиллар рақамларда эмас, юракда ўлчанадиган йиллар. Бу йиллар сакраётган қоплонга ўхшайди: у орқага эмас, фақат олдинга, ўз қудрати билан сакрайди, юксалади, ғоявий ва иқтисодий пойдеворни мустаҳкамлайди.

    Бугун ортга назар солар эканмиз, фақат ўзгаришларни эмас, балки янгиланишни, тараққиётни, ҳаётга бўлган ёндашувдаги туб бурилишни кўрамиз. Шундай ислоҳотлар бўлдики, улар фақат тизимни эмас, тафаккурни ҳам ўзгартирди.

    Сўнгги йилларда Ўзбекистон жамиятида улкан юксалишлар юз бермоқда. Бугунги кундаги юртимиз сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий ҳаёти саккиз йил аввалги ҳолат билан солиштирилса, тубдан фарқ борлиги аён бўлади. Халқнинг давлатга, жамиятга, эртанги кунга муносабати бутунлай янгича мазмун касб этмоқда. Бунинг замирида “Инсон қадри учун” ғояси турибди.

    Кенг кўламли ислоҳотлар марказида айнан инсон, унинг шаъни, ғурури ва эркин яшаш ҳуқуқи туради. Президентимиз бу борада конституциявий комиссия аъзолари билан учрашувдаги нутқида бундай деганди: “Инсоният илмий-технологик даврга қадам қўйди. Жаҳонда кескин трансформация жараёнлари ва рақобат кучаймоқда. Эртанги кунини ўйлаган халқлар ва давлатлар ўз келажаги ҳақида бугун ҳар қачонгидан ҳам жиддий бош қотирмоқда. Шу ўринда табиий саволлар туғилади. Мана шундай ҳал қилувчи паллада ва келажакда давлатимизда, жамиятимизда инсоннинг ўрни ва қадри қандай? Қандай сиёсий-ҳуқуқий, иқтисодий-ижтимоий ва маънавий-гуманитар тамойиллар, қадрият ва манфаатлар биз учун устувор аҳамиятга эга бўлади?”.

    Бу саволга амалий жавоб сифатида Ўзбекистон Конституциясини янгилаш, унинг мазмунига “инсон – жамият – давлат” ёндашувини сингдириш бўйича кенг қамровли ишлар қилинди. Бош қонунимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қиммати устувор бўлиши белгиланди. Президент бу борада бундай фикр билдирган: “Биз барпо этаётган Янги Ўзбекистон учун инсон қадри ва халқ манфаати – ҳамма нарсадан устундир”.

    Айни шу тамойил асосида ислоҳотлар амалга оширилиб, барча соҳаларда инсон манфаатлари устуворлик касб этмоқда. Хусусан, конституциявий ислоҳотлар нафақат қонунчилик жиҳатидан, балки мазмунан ҳам халқнинг эртанги ҳаётини яхшилашга қаратилган.

    Янги Ўзбекистондаги ҳар бир янгилик, аввало, инсон ҳаётига қулайлик яратиш, адолатли муҳит барпо этиш, халқни давлатнинг асосий бойлиги ва кучи сифатида эътироф этишдир.

    Давлатимиз раҳбари яна бир ўта долзарб масалага тўхталган ҳолда бундай дейди: “Инсон – давлат ва жамият учун мақсадга эришиш воситаси эмас, аксинча, ана шу мақсаднинг бош мазмуни ва манбаи ҳамда энг олий қадрият бўлиши лозим”.

    Бугун инсон қадрини улуғлаш, муносиб турмуш учун имкониятлар яратиш давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланган. Таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, суд-ҳуқуқ тизими – барчаси инсон манфаатлари йўлида ислоҳ қилинмоқда. Буни халқ ўз ҳаётида тобора кўпроқ сезмоқда.

    Янги Ўзбекистон инсон қадрини ҳамиша устун қўядиган, халқ манфаати учун ҳаракат қиладиган давлатдир. Бу йўл юртимизни келажакда янада эркин, тараққий топган ва адолатли жамият сари етакламоқда.

    Шавкат Мирзиёевнинг бошқарув концепцияси оддий, лекин улуғвор: инсон қадри ҳамма нарсадан устун. Йиллар давомида яккаҳокимлик остида эзилган пахтакор энди меҳнатининг эвазига роҳат кўради. Мажбурий меҳнат тарихга айланди. Деҳқон ерга эгалик қилади, фермер ҳосилини ўзи сотади, халқаро ташкилотлар бу ўзгаришни тан олди.

    Бу шунчаки қоғоздаги ислоҳот эмас, балки инсон шаънининг тикланишидир. Пахта бугун кийимга айланиб экспортга чиқмоқда, фермерлар ҳаётидан мамнун, болалар далада эмас, мактабда.

    Олий таълим тизимидаги ислоҳотлар, профессор-ўқитувчилар, илмий салоҳиятли мутахассисларнинг жамиятдаги мавқеи оширилди.

    Мамлакатимизда таълим ва тарбия соҳасининг устувор йўналишга айлантирилгани, олий таълим муассасалари сони ва сифат кўрсаткичлари ортиб бораётгани, стипендиялар ва маошлар оширилиши натижасида ўқитувчи “илм ва маърифат маскани”га қайтди.

    Бунга параллел равишда илмий тадқиқотларга ажратилаётган маблағ ҳажми ошди, ёш олимларга кенг имкониятлар яратилди. Илмий грантлар, хорижий таълим дастурлари, халқаро рейтинглар билан ишлаш – буларнинг бари янги Ўзбекистоннинг илм-фан ривожига берган эътиборидир.

    Олий таълимда очиқлик, рақобат ва янгиланиш даври бошланди. Университетлар интеграциялашди, янги факультетлар очилди, хорижий дипломлар тан олина бошланди, стипендиялар ошди, ёш олимларга имкониятлар эшиги очилди. Илм давлат сиёсатининг устунларидан бирига айланди. Фарғона давлат университетида бугун нафақат таълим, балки илм-фан, инновация, халқаро ҳамкорлик йўлга қўйилган.

    Рақамли технологиялар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бораётган бир пайтда таълим тизими рақамлаштирилиши замонавий тараққиётнинг муҳим асоси бўлиб хизмат қилмоқда. Жорий этилган “Электрон университет” тизимлари, “илм-фан – ишлаб чиқариш – инновация” учлиги орқали амалга оширилаётган рақамли лойиҳалар таълим сифатини юксалтирмоқда.

    “Электрон университет”, масофавий таълим, сунъий интеллект асосида баҳолаш биз учун ўзгармас воқеликка айланди. Рақамли трансформация таълимни тез, аниқ ва шаффоф қилди.

    Коррупция — жамиятни ичдан емирувчи вирус. Бу иллатга қарши кураш давлат сиёсатининг асосий фронтига айланди. Ҳар бир университетда “Коррупциясиз соҳа” тамойили асосида ишланмоқда. Имтиҳонлар, аттестациялар, маблағ ажратиш жараёнлари шаффофлаштирилди. Фарғона давлат университетида ҳам “Коррупцияни илдизигача йўқотамиз” шиори остида бу борада доимий мониторинг асосида иш олиб борилмоқда.

    Бугун орқага қараб, сўнгги саккиз йилда амалга оширилган ислоҳотларни кўриб, кўз олдимизда қандай катта сакраш, қандай улкан ҳаракат, қандай мардона босқичлар турганини ҳис қиламиз.

    Энди эса олдимизда янги уфқлар, янги орзулар, янги мақсадлар турибди. Янги Ўзбекистоннинг эртаси маърифатли, кучли, барқарор тараққиётга йўналтирилган бўлишига ишонамиз.

    Баҳодир ШЕРМУҲАММЕДОВ,

    педагогика фанлари доктори, профессор

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates