Унда шаҳар солиқ бошқармасининг масъул раҳбари ҳамда тумани солиқ инспекцияси бошлиғи томонидан кичик ва ўрта бизнес вакилларининг мамлакат иқтисодий ривожидаги муҳим ўрни, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар, солиқ қонунчилигига киритилган ўзгаришлар ҳамда тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги тўғрисида сўз юритилди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 19 март куни кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан соҳанинг иқтисодиётдаги ўрнини ошириш ва ривожланишини янги босқичга олиб чиқиш масалаларига бағишланган учрашувида белгиланган мақсад ва вазифалар тўғрисида маълумотлар ҳам берилди.
Таъкидлаш жоизки, кичик ва ўрта бизнес юртимизда иш ўрни, инвестиция, инновация, рақобат, қўшилган қиймат ва экспортни кўпайтиришга энг катта туртки бераётган йўналиш ҳисобланади. Шу боис мазкур йўналишда фаолият юритаётган ишбилармонлар сафини янада кенгайтириш, фаолиятларини ривожлантиришда бизнес вакилларининг мавжуд муаммо ва таклифларини ўрганиш ҳамда уларга ечим топиш муҳим аҳамиятга эга.
Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган учрашувда кичик ва ўрта бизнес тадбиркорларнинг солиқ ҳисоботларини топшириш, имтиёзлардан фойдаланиш бўйича таклифлари тингланиб, ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди.