Конго Демократик Республикасида кема дарёга чўкиб кетди, 80 киши бедарак йўқолди

    Конго Демократик Республикаси ғарбидаги Ква дарёсида қайиқ ҳалокатга учради, оқибатида камида 80 киши бедарак йўқолди. Бу ҳақда Actualite ахборот портали мамлакат ҳукуматига таяниб хабар берди.

    Мамлакат Президенти Феликс Чисекеди ҳукуматга содир бўлган воқеани ўрганиш, сабабларини аниқлаш ва келгусида шунга ўхшаш ҳодисаларнинг олдини олиш учун барча чораларни кўришни топширди, дейилади портал хабарида.

    Ўз навбатида Reuters 80 кишининг барчаси ҳалок бўлганини хабар қилмоқда.

    Маҳаллий ҳокимият вакилларининг маълум қилишича, бортида 272 йўловчи бўлган икки кема тушдан кейин Муши бандаргоҳидан чиқиб кетган. Олти соатдан кейин улардан бирининг двигатели тўхтаб қолди, қоронғуда кема тошларга урилиб, чўкиб кетди. Икки кемадан 185 киши қирғоққа етиб келди. Қолганларини қидириш ишлари давом этмоқда, деб хабар беради report.az.