Хусусан, 16 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг энг йирик фракциялари — ЎзЛиДеП ва “Миллий тикланиш” демократик партиясининг алоҳида, 17 май куни мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни амалга ошириш ва ушбу масалани Олий Мажлис палаталари кенгашлари муҳокамасига киритишга бағишланган қўшма йиғилишлари бўлиб ўтди.
Шу билан боғлиқ ҳолда, 20 май куни Сенат ва Қонунчилик палатаси кенгашларининг қўшма мажлиси ўтказилди. Бу йиғилишда Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия ташкил этилиб, унинг таркиби ва вазифалари белгиланди. Мазкур Конституциявий комиссия таркибига барча ҳудудлардан депутатлар, сенаторлар, жамиятнинг турли қатламлари, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари, етук ҳуқуқшунос ва сиёсатшунослар ҳамда бошқа экспертлар (жами 46 киши) киритилди.
Хўш, парламентимизнинг бундай қарорига сабаб нима ва у нима билан боғлиқ? Конституциявий ислоҳот нимага керак, унинг асл, туб ғояси нимадан иборат? Комиссия фаолияти қандай йўл билан ва қайси тамойиллар асосида ташкил этилади? Булар мазкур мавзу юзасидан глобал тармоқ ва ижтимоий саҳифаларда берилаётган саволлар рўйхатининг кичик бир қисми, холос.
КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТ — АҲОЛИНИНГ КЕНГ ҚАТЛАМИ ВА САЙЛОВЧИЛАР АМРИ
Аввало, Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотнинг бош ғоявий илҳомлантирувчиси, шубҳасиз, Президентимиз Шавкат Мирзиёев, асосий ташаббускори эса мамлакатимиз аҳолисининг кенг қатламидир.
Биринчидан, 2021 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон Президенти сайлови жараёнида барча номзодларнинг электорат вакиллари билан учрашувлари чоғида ҳаётий талабдан келиб чиққан ва мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлган муҳим таклиф илгари сурилди. Бу — конституциявий ислоҳотни амалга ошириш.
Хусусан, Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга оид биринчи таклиф ЎзЛиДеПдан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловчилар билан Қорақалпоғистоннинг Бўзатов туманида бўлиб ўтган учрашуви чоғида илгари сурилган эди. Нафақат минтақавий, балки жаҳон кўламига эга экологик фожиа — Орол денгизи қуриши билан боғлиқ вазиятда амалдаги Конституцияда ўз аксини топмаган, инсоннинг экологик ҳуқуқлари, юртимиз аҳолисининг яшаб турган ва бўлажак авлодларининг қулай ва тоза атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини мамлакат Бош қонунида акс эттиришнинг долзарблиги ва ҳаётий аҳамияти таъкидланди.
Келгусида Шавкат Мирзиёевнинг ҳудудлардаги сайловчилар билан яна 7 та вилоятда бўлиб ўтган учрашувлари жараёнида хусусий мулк муҳофазасига доир конституциявий-ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлаш ташаббуслари, жумладан, ер ва ерости бойликларига бўлган ҳуқуқ, инсон қадр-қиммати, ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, мамлакатда миллатлар ва элатлараро тотувликни кучайтириш, миллий демократик институт — маҳалланинг ўрни ва мақомини ошириш, келажак авлодларгача анъанавий инсоний қадриятларни асраб-авайлаган ҳолда етказиш, оила институтининг аҳамияти, давлат ёшлар ва гендер сиёсатини, инновацион иқтисодиёт ва “билимлар иқтисодиёти”ни ривожлантириш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳага инвестициялар ҳажмини кенгайтириш каби ташаббуслар илгари сурилди.
Энг муҳими — келтирилган барча масалалар сайловчилар, жумладан, ўқитувчилар, тадбиркорлар, фермерлар, фуқаролик жамияти институтлари ва миллий-маданий марказлари вакиллари — мамлакатнинг оддий аҳолиси томонидан кўтарилди. Ўз навбатида, бу, бир томондан, Президентимизнинг Янги Ўзбекистон стратегияси доирасидаги демократик ислоҳотлар сиёсати кенг қўллаб-қувватланаётганидан далолат берса, иккинчи томондан, сайловчилар уларнинг натижадорлигидан, уларни янада чуқурлаштириш ва сайловолди дастурда белгиланган мақсадларга эришишдан манфаатдорлигини кўрсатади.
Қуйидаги партия номзодларининг учрашувлари чоғида ҳам:
- Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси — мамлакатимизнинг конституциявий тенглигини белгилаш, миллий анъана ва қадриятларни мустаҳкамлаш ва муҳофаза қилиш юзасидан;
- Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси — суд ҳокимияти мустақиллиги, қонунлар ва суд қарорлари одиллиги, Конституция ва қонунлар, инсон ҳуқуқлари устуворлигининг, коррупцияга қарши курашишнинг конституциявий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган;
- Ўзбекистон Халқ демократик партияси — аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламларининг, айниқса, ногиронлиги бор шахсларнинг конституциявий ва ижтимоий ҳимоясини кенгайтириш, ижтимоий йўналишга эга давлат қуриш борасида;
- Ўзбекистон Экологик партияси —
мамлакатда яшил иқтисодиётга ўтиш, экологик ноқулай ҳудудларда вазиятни яхшилаш бўйича таклифлар билдирилди.
Таъкидлаш жоизки, буларнинг барчаси сайлов ва президентликка номзодлар билан учрашувлар жараёнида сайловчилар томонидан билдирилган фикр-мулоҳаза, таклиф ва хоҳиш-истакдир.
Иккинчидан, сайловчиларнинг хоҳиш-истакларини чуқур ўрганган ҳолда, Ўзбекистон Президенти конституциявий ислоҳотлар заруриятига алоҳида урғу берди:
- ўтган йилнинг 6 ноябрь куни ўзининг инаугурация нутқи вақтида Президент академик таълим ва экспертлар ҳамжамияти олдида конституциявий ривожланишда миллий ва хорижий тажрибани ўрганиш вазифасини қўйди, депутат ва сенаторлардан ушбу масалага эътибор билан ёндашиб, уни ўрганиш ва аниқ таклифларни ишлаб чиқишни сўради;
- Президентимиз Конституциямиз қабул қилинганининг 29 йиллиги муносабати билан йўллаган табригида сайловчиларнинг амри ва хоҳиш-истакларига, тез суръатга эга демократик ўзгаришлар эҳтиёжларига асосланган конституциявий ислоҳотнинг устувор йўналишларини белгилади.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбари “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” фундаментал муаллифлик монографиясининг иккинчи қайта кўриб чиқилган ва тўлдирилган нашрига конституциявий ислоҳотнинг заруратига бағишланган ва сайловолди кампания жараёнида берилган барча таклифларни умумлаштиришга асосланган бўлимни киритди. Китобда Ўзбекистондаги конституциявий ислоҳотнинг асосий устувор йўналишлари белгиланган.
Учинчидан, сиёсий партиялар, аввало, ЎзЛиДеП ва “Миллий тикланиш” ДП кутилаётган конституциявий ислоҳотларга нисбатан ўз электоратининг кайфияти ва истакларини чуқур ўрганишни ташкиллаштирди.
Ушбу икки партиянинг 1,5 миллиондан ортиқ аъзоси Конституциянинг модернизациясини қўллаб-қувватлабгина қолмай, унинг халқ томонидан қўллаб-қувватланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси мақсадларига эришишнинг, мамлакат ва жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маданий-гуманитар ҳаётидаги барча соҳаларни янада тез ва жадал ислоҳ қилиш учун зарур ҳуқуқий асосларни яратишнинг муҳим шарти сифатида зарурлигини кўрсатди.
КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАР: ДУНЁДАГИ ЗАМОНАВИЙ ТЕНДЕНЦИЯЛАР
Бугунги кунда дунёда 500 дан ортиқ амалдаги конституция бўлиб, улардан 200 га яқини мустақил давлатлар, 300 дан ортиғи федерациялар субъектларига тегишли. Шу билан бирга, Шумер шоҳи Ур-Наммунинг Қонунлар тўплами дунёнинг энг қадимги ёзма конституцияси, деб ҳисобланади. У муҳрланган сопол пешлавҳачаларнинг ёши 4 минг йилдан ошган.
Бунда Конституция ақида эмас, балки ҳаракатларнинг, барқарор тараққиётнинг дастури. Тузатиш, ўзгартириш киритиш имконияти барча конституцияларнинг фундаментал хусусиятидир. Жамият тарихий ривожланишининг турли босқичларида бирдек хизмат қиладиган конституциявий матнни биттада ва абадий яратиб қўйишнинг иложи йўқ.
Шундай қилиб, ХХ асрнинг охирги ўн йиллиги ва XXI асрнинг боши дунё юриспруденцияси тарихига жаҳон ҳамжамияти вакилларининг конституциявий тузумида конституциявий ислоҳотларнинг янги сифат босқичига чиқиши, конституциявий дунёқарашда сифат жиҳатидан чуқур ўзгаришлар даври ўлароқ киради. Хусусан, сўнгги 30 йил ичида дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатида конституциявий ислоҳотлар ўтказилди, 57 давлатда янги конституция қабул қилинди. Эътиборлиси, конституцияга энг кўп ўзгартириш ва қўшимчалар киритган давлатлар ўнталигида Мексика, Янги Зеландия, Бразилия, Швейцария, Австрия, Исроил, Чили, Колумбия, Грузия ва Ҳиндистон мавжуд. Бунда конституциявий ислоҳотларнинг аксарияти давлат ва жамиятни модернизация қилиш ёхуд сиёсий, иқтисодий ёки ижтимоий инқирозларга йўл қўймаслик, оқибатларини бартараф этиш доирасида амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда дунёда дастлабки таҳрирдаги конституциялар деярли қолмаган. Ҳозирги кунда энг қадимий ҳисобланган конституцияларга ҳам АҚШ да 27 та туб ўзгартириш, Норвегияда 200 мартадан ортиқ (бунда Бош қонун моддаларидан тахминан 1/3 қисмигина ўзининг дастлабки кўринишида қолган), Нидерландияда 24 марта (бироқ 1983 йилда матни пухталик билан модернизация қилиниши натижасида ундаги деярли барча моддалар ўзгарган) ўзгартириш киритилган.
Замонавий глобаллашув шароитида бутун дунё мамлакатлари жадал тарзда конституциявий ривожланишнинг ўз моделини изламоқда. Шу билан бирга, Конституция давлатнинг сиёсий ва ижтимоий барқарорлигини таъминлашнинг асосий омилларидан бири бўлиб қолмоқда. Бунда конституциявий тамойиллар қуйидагиларни кўзда тутади:
биринчидан, инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини кенгайтириш (шахс конституцияси);
иккинчидан, “жамоат ҳуқуқлари”, “умумжамият ҳуқуқлар”нинг ҳимоясини мустаҳкамлаш, яъни фуқаролик жамияти институтларини мувофиқлаштириш, ижтимоий шериклик ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш (жамият конституцияси);
учинчидан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари тизимини ташкиллаштириш, бевосита демократия шакллари билан уйғунлашган вакиллик демократиясини (сайлов, референдум, умумхалқ муҳокама) такомиллаштириш, ҳокимият ваколатларини бўлиш, жумладан, қонунчилик ва ижроия ҳокимияти ўртасидаги ўзаро назорат ва мувозанатни сақлаш ҳамда суд органлари мустақиллиги тамойилини қўллаш, мансабдор шахсларнинг масъулияти ва ҳисобдорлигини янада ошириш (давлат конституцияси).
Конституциявий ислоҳот ҳозирги ва келажак барқарор ривожланишнинг зарур юридик заминидир. Хусусан, у ҳокимият тармоқлари ўртасида ўзаро назорат ва мувозанатни сақлаш тизимини мустаҳкамлашга, ҳисобдорлик, шаффофлик, иштирок ва келажакни кўра билишни оширишга кўмаклашувчи конституциявий “қоидалар”ни ўзгартириш йўли билан “самарали бошқарувнинг” ҳаётий аҳамиятга эга инструменти бўлиши мумкин. Бошқарувнинг сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгаришлар сиёсий тизим барқарорлигига имкон беради. Бу, ўз навбатида, иқтисодиёт учун фойдали бўлиб, инвестиция ва тараққиёт учун барқарор замин яратади.
Дунёдаги конституциявий ўзгаришларни ўрганиш ўзига хос жиҳатни — давлат Бош қонунини замон талабларига мослаштириш, унинг вужудга келаётган даъватларга жавоб бериш қобилиятини ошириш заруратини намоён қилмоқда.
Дунёда замонавий конституциявий ривожланишнинг устувор тенденциялари қуйидагиларга жамланмоқда:
- конституциявий ислоҳотларнинг тизимлилиги. Улар сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва гуманитар соҳалар, шунингдек, конституциявий ислоҳотлар билан модернизация жараёнларининг ўзаро боғлиқлиги ва ўзаро шартланганлиги;
- конституциявий тартибга солишнинг кенгайиши, давлат ҳокимияти механизмини ислоҳ қилиш ва бошқарув шаклини ўзгартириш;
- конституциявий кўлам соҳасини ривожлантириш, ҳуқуқий суверенитетни мустаҳкамлаш ва давлат конституциявий ўзига хослигини белгилаш;
- инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг суд ҳимоясини ошириш, конституциявий одил судлов ваколатини кенгайтириш, фуқароларга Конституциявий судга бевосита мурожаат қилиш ҳуқуқини бериш;
- конституциявий ҳуқуқ ижодкорлигининг глобаллашуви, дунё давлатлари конституцияларида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойил ва нормаларини акс эттириш;
- давлат ва жамиятнинг конституциявий ривожланишини экологиялаштириш, сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш принципини амалга ошириш;
- рақамли ҳуқуқларни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, ахборот жамиятини институтлаштириш, киберхавфсизликни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш.
ЎЗБЕКИСТОН: КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТ ЙЎЛИДА
Ўзбекистон конституциявий ислоҳотларни амалга оширишда катта тажрибага эга. Хусусан, Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган вазифаларни амалга ошириш доирасида 7 марта Конституциянинг 21 моддасига 32 та ўзгартириш ва қўшимча киритилган. Хусусан, улар парламент, Президент ва ҳукумат фаолиятига, суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва ривожланишига, ҳокимият тармоқлари ўртасида ўзаро назорат ва мувозанатни сақлаш тизимига, сайлов тизимини демократлаштириш ва маҳаллага тегишли бўлган.
Конституциявий тузум, сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маънавий соҳаларни тубдан ривожлантириш, янги Ўзбекистонни бунёд этиш, эркин ва одил фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган ўзаро боғлиқ ва шартланган демократик сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва ҳуқуқий чуқур ислоҳотларни конституциявий таъминлашга алоҳида эътибор берилган.
Шу билан бирга, глобаллаштириш, рақамлаштириш, иқлим ўзгариши даври ва жадаллик билан ўзгариб бораётган ҳаётий воқелик мамлакатни янада модернизация қилиш, тинчлик, барқарорлик ва миллий мустақилликни мустаҳкамлаш бўйича ўта муҳим ва долзарб бўлган янги, кечиктириб бўлмайдиган вазифаларни қўймоқда.
Шу тариқа, Ўзбекистоннинг конституциявий тараққиёти умумжаҳон конституциявий ислоҳотлари йўлидан кетмоқда.
КОНСТИТУЦИЯВИЙ ИСЛОҲОТЛАРНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ
Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” китобида демократик ислоҳотларни янги сифат босқичига олиб чиқувчи янада жиддий вазифалар қўйилган. Улар қонунчилик ҳамда ҳуқуқни англаш ва қўллаш тизимини, жамиятнинг сиёсий-ҳуқуқий онгини умуминсоний қадриятлар ва барқарор ривожланиш тамойилларига йўналтиради. Янги Ўзбекистонга мувофиқ келадиган янги конституциявий принцип ва нормаларни белгилаш кўзда тутилган.
Аввало, бу “Инсон қадри учун” устувор тамойилини ҳаётга татбиқ этишга тегишлидир. Бунда инсон қадри — мамлакатнинг ҳар бир фуқароси учун тинч ва хавфсиз ҳаётни, фундаментал ҳуқуқ ва эркинликлари, малакали тиббий хизмат, сифатли таълим, кучли ва манзилли ижтимоий ҳимоя ҳамда соғлом экологик муҳит таъминланишини, муносиб турмуш шароити ва замонавий инфратузилманинг босқичма-босқич яратилишини англатади.
Конституциявий ислоҳотларнинг қуйидаги устувор йўналишлари белгиланган:
биринчидан, аввал амал қилган “давлат — жамият — инсон” парадигмасини янги “инсон — жамият — давлат” парадигмасига ўзгартириб, конституциявий қонунчилик ва конституциявий амалиётда мустаҳкамлаш;
иккинчидан, иқтисодий ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини таъминлаш. Бу халқчил давлатни бунёд этишнинг энг муҳим шартидир;
учинчидан, фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини, “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори” тамойилини конституциявий мустаҳкамлаш;
тўртинчидан, оила институтини ривожлантириш, бўлажак авлодларга анъанавий инсоний қадриятларни асраб-авайлаган ҳолда етказиш, мамлакатда миллатлараро тотувликни мустаҳкамлашнинг конституциявий асосларини белгилаш;
бешинчидан, Конституцияда давлат ёшлар сиёсатини, янги Ўзбекистон бунёдкорлари — ёшларнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини, уларнинг ҳуқуқи, манфаатлари ва мажбуриятларини акс эттириш;
олтинчидан, ҳозирги кунда Ўзбекистон ижтимоий давлат ва одил фуқаролик жамиятини қуриш сари илдам бораётганини ҳисобга олган ҳолда “Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат” тамойилини конституциявий норма сифатида мустаҳкамлаш;
еттинчидан, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизими самарадорлигини ошириш, болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлиги бор шахслар ва кекса авлод вакиллари ҳуқуқларининг ишончли муҳофазасини таъминлаш;
саккизинчидан, Конституцияга махсус экологик қоидалар, глобал иқлим ўзгаришларига тегишли ҳуқуқий меъёрларни киритиш;
тўққизинчидан, болалар боғчалари, мактаблар, Учинчи Ренессанс асосларининг ўзаро боғлиқ жиҳатлари бўлган олий таълим ва фан соҳаларини ривожлантириш масалаларини конституциявий даражада мустаҳкамлаш.
Президентимиз: “Атоқли давлат ва сиёсат арбоби Уинстон Черчиллнинг “Яхши бўлиш учун — ўзгариш керак, яхшиларнинг яхшиси бўлиш учун эса янада кўпроқ ўзгариш керак”, деган сўзларида, ўйлайманки, теран ҳаётий маъно мужассам”, дея урғу берди. Дарҳақиқат, жадал ўзгариб бораётган замона замонавий талабларга жавоб берадиган Конституцияга эга бўлиш учун мувофиқ хатти-ҳаракатлар ва ўзгаришларни талаб қилади.
КОНСТИТУЦИЯВИЙ КОМИССИЯ: АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА ТАМОЙИЛЛАРИ
Олий Мажлис палаталари кенгашлари томонидан Конституциявий комиссиянинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
- таклифларни тўплаш, умумлаштириш, шакллантириш асосида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш;
- давлат органлари, нодавлат ташкилотлар ва мансабдор шахслардан ҳужжатлар, экспертлик ва турли хулосалар, статистик маълумотлар ва бошқа ахборотларни сўраб олиш;
- илмий-тадқиқот муассасалари, олимлар, экспертлар ва мутахассисларнинг Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлари юзасидан тавсияларини, шунингдек, экспертлар хулосаларини олиш;
- Конституциявий комиссиянинг ишига давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар вакилларини экспертлар сифатида жалб қилиш;
- зарурат туғилганда, манфаатдор давлат органлари ва нодавлат ташкилотларга ўрнатилган тартибда кўриб чиқиш учун тақдим қилинган таклифларга асосан, бошқа қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш;
- конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлар бузилиши ҳақида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларни тегишли идораларга кўриб чиқиш учун юбориш.
Конституциявий комиссия ишининг энг муҳим тамойиллари қуйидагилардан иборат:
биринчидан, фаолият очиқлиги ва шаффофлиги. Бунда конституциявий ислоҳотларнинг энг муҳим вазифаларини жамиятда очиқ, шу жумладан, халқаро экспертлар ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида муҳокама қилиш учун барча шароитлар таъминланади.
Бунда Конституциявий комиссия матбуот хизматининг фаолияти алоҳида ўрин тутади, хусусан, у оддий фуқаро учун содда ва тушунарли тилда конституциявий ислоҳотларнинг, конституциявий новеллаларнинг (янгиликларнинг) зарурияти, устуворликлари ва асосий йўналишларини етказишни таъминлайди.
Бундан ташқари, аввал икки маротаба ўтказилган, кутилаётган конституциявий ислоҳотларнинг турли жиҳатларига бағишланган халқаро конференцияларнинг ижобий тажрибасини ҳисобга олган ҳолда, илмий конституциявий форумларни ташкиллаштириш давом этади. Буларнинг барчаси янги Ўзбекистоннинг ўз фуқаролари учун ҳам, халқаро ҳамжамият учун ҳам очиқлигидан далолат беради;
иккинчидан, коллегиаллик. Конституциявий комиссиянинг барча аъзолари қарор қабул қилишда бир овозга ва тенг ҳуқуқларга эгалиги бунга кафил бўлади;
учинчидан, Президентнинг “Халқ — қонун ижодкори” ғоясини амалга ошириш, Конституциявий комиссия фаолиятида фуқаролик жамияти институтлари, академик, тадқиқот ва таҳлил марказларининг кенг иштирокини таъминлаш.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази, “Барқарор ривожланиш маркази” ННТ ва Ўзбекистон Фанлар академияси тизимидаги Давлат ва ҳуқуқ институти томонидан “Конституциявий ислоҳотлар: дунё мамлакатларининг тажрибаси” мавзусида илмий изланишлар олиб борилмоқда. Ушбу тадқиқотлар, хорижий ва халқаро конституциявий ривожланишини эътиборга олган ҳолда, Ўзбекистон Президенти томонидан белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш учун амалга оширилмоқда.
Умуман олганда, конституциявий ислоҳотлар аҳоли фаровонлиги ва мамлакат равнақини янада юксалтиришга, унинг иқтисодий қудратини ва дунёдаги рақобатбардошлигини мустаҳкамлашга қаратилган вазифаларни амалга оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Акмал САИДОВ,
Конституцияга ўзгартиришлар киритиш бўйича
таклифларни шакллантириш ва ташкилий чора-тадбирларни
амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия раиси
("Янги Ўзбекистон" газетасининг 102-сони, 2022 йил 24 май)