Корея Республикасининг «Lotte group» компанияси раҳбари бошчилигидаги делегация қабул қилинди

    Бугун, 13 июнь куни Вазирлар Маҳкамасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириқларига асосан, Бош вазир Абдулла Арипов Корея Республикасининг «Lotte group» компанияси раҳбари Шин Донг Бин бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

    Учрашувда Олий даражадаги яқин ва ишончли мулоқот мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни изчил ривожлантириш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилаётгани, Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёлнинг ташрифи икки томонлама муносабатларни янги босқичга олиб чиқишга яна бир муҳим қадам бўлиши алоҳида таъкидланди.

    «Lotte group» нафақат Кореяда, балки Осиёда энг йирик конгломератлардан бири ҳисобланади. Мазкур компания мамлакатимиздаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция иштирокидаги илк йирик Устюрт газ-кимё мажмуаси қурилишида иштирок этган.

    Учрашувда ҳамкорликдаги лойиҳаларни «яшил» энергетика, газ-кимё, туризм, озиқ-овқат ва бошқа соҳаларни қамраб олган ҳолда янада бойитиш масалалари муҳокама қилинди.