“Янги Ўзбекистон” нашри республикамизнинг ижтимоий, иқтисодий ва маданий соҳаларида хизмат қилаётган юртдошларимиз билан туркум интервьюларни давом эттиради.
Навбатдаги суҳбатдошимиз филология фанлари доктори, профессор Тошкент давлат шарқшунослик университети Кореяшунослик факультети декани Шоира Усмонова бўлди.
Суҳбатимиз кореяшунослик, “тандем” дарслар, китоб мутолааси ва шу каби бошқа мавзуларда кечди.
М.: Шоира опа жорий йилнинг апрель ойида Президент қарори билан сиз фаолият олиб бораётган олийгоҳга “университет” мақоми берилди. Қарор ва “университет” мақомининг берилиши муассаса фаолиятида айнан қандай ижобий ўзгаришларни бермоқда?
Ш.У.: Президентимиз томонидан жорий йилнинг 16 апрель куни “Шарқшунослик соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорнинг имзоланиши нафақат мамлакатимизда, балки қатор Шарқ давлатлари учун ҳам муҳим воқеа бўлиб, шарқшунослик соҳасини ривожлантиришга, уни янги босқичга олиб чиқишга асос солди, деб ўйлайман.
Олийгоҳга “университет” мақомининг берилиши эса, шарқшунослик соҳасида халқаро стандартларга мувофиқ комплекс билимларга эга малакали кадрлар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш, илм-фанни жадал ривожлантириш, профессор-ўқитувчилар салоҳияти, педагогик маҳоратини узлуксиз ошириб бориш, талаба-ёшларни шарқона қадриятлар асосида тарбиялаш учун жуда катта имкониятлар очиб берди.
Хусусан, университетда ўқув, илмий, инновацион, ёшлар билан ишлаш, тарбиявий ишлар тизимини такомиллаштириш ҳамда халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича қарорда белгиланган вазифаларни қамраб олган “Йўл хариталари” ҳамда университетнинг 2023 йилгача ривожлантириш индикаторлари ишлаб чиқилди ва ҳозирда бу вазифалар юзасидан қатор тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, университетнинг янги тузилмаси ишлаб чиқилиб, унинг таркибидаги кафедраларнинг фаолияти хорижнинг етакчи ОТМлар тажрибаси асосида қайта кўриб чиқилди, кафедралар оптималлаштирилди, янги факультетлар, йўналишлар ва мутахассисликларочилди.
2020/2021 ўқув йилидан бошлаб университетда таълим жараёни босқичма-босқич кредить-модуль тизими асосида амалга оширилиши назарда тутилган. Шу мақсадда, профессор-ўқитувчилар ва масъул ходимлар учун “Academic Credit System: International Cases” ва “Credit-modular EducationSystem: The Experience of Japan” мавзуларида вебинар семинар-тренинглар ташкил этилиб,Корея Республикаси ва Япониянинг кредить-модуль тизими тажрибаси ўрганилди.
Қолаверса, янги ўқув йилидан университетимизда кредить-модуль тизими асосида дарс бериш учун хорижий давлатларнинг етакчи ОТМларидан қатор профессор-ўқитувчилар таклиф этилган.
Шу билан бирга, университетимизда хорижий мамлакатларнинг таниқли университетлари билан қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш борасида ҳам кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, янги ўқув йилидан Корея Республикасининг Сангмёнг университети билан ҳамкорликда “Корейс филологияси” ҳамда “Корейс тили ва Корея маданияти” (Korean language & Culture) йўналиши қўшма таълим дастури доирасида 20 нафар талаба таҳсил олиши кўзда тутилган.
Шунингдек, Ҳиндистоннинг Гужарат университети билан ҳамкорликда “Лингвистика: (ҳинд тили)” мутахассислиги бўйича ҳам магистратура қўшма таълим дастури йўлга қўйилди.
М.: Сиз Ўзбекистонда кореяшунос мутахассислар тайёрлаб берадиган ягона факультет раҳбарисиз. Шу нуқтайи назардан, факультетнинг таълим тизими, мақсади ва стратегик йўналишлари нималардан иборат?
Ш.У.: Кореяшунослик факультети нафақат Ўзбекистон, балки Осиёда ягона факультет ҳисобланади. Шу нуқтайи назардан, факультетимиз кореяшунослик соҳасида комплекс умумдаражага эга бўлган филолог ва таржимон кадрлар етиштириш билан бирга, Корея ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий, сиёсий, илмий ва маданий алоқаларни ривожлантиришга катта ҳисса қўшадиган юқори малакали мутахассисларни ҳам тайёрлашни кўзда тутади.
Ҳозирги кунда факультетимизда 393 нафар талаба, 20 нафар магистрант, 4 нафар докторант ва мустақил изланувчи таҳсил олмоқда. Факультетнинг “Корейс филологияси” ҳамда “Корея тарихи, маданияти, сиёсати ва иқтисодиёти” кафедраларида 34 нафар илмий-академик салоҳиятга эга бўлган профессор-ўқитувчилар фаолият олиб боради.
Шунингдек, кореяшунос мутахассисларни тайёрлашда Кореядан келган 10 нафар профессор-ўқитувчининг катта ҳисса қўшаётганини ҳам алоҳида мамнуният билан таъкидлашим жоиз.
Факультетда Корея Республикасининг нуфузли олий таълим муассасалари, хусусан, Ханкук чет тиллари университети, Сеул Миллий университети, Ханшин университети, Ханянг университети, Бусан чет тиллари университети, Хандонг университети, Донгкук университети, Ихва университети, Кёнгхи университети, Сунчон университети, Кёнгдонг университети ҳамда Сангмёнг университетлари билан халқаро ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.
2019 йилнинг сентябрь ойидан Корея Республикасининг Сангмёнг университети билан “Филология ва тилларни ўқитиш” (Корейс тили ва маданияти)” йўналиши ва Кёнгдонг университети билан “Филология ва тилларни ўқитиш (Кореяшунослик)” йўналишлари бўйича 2+2 дастури асосида қўшма таълим дастури амалга оширилди. Ҳозирда мазкур дастур асосида 19 нафар талаба таҳсил олмоқда.
Ўтган давр ичида Ханянг университети билан “Корея иқтисодиёти: бугуни ва келажаги” мавзусида йил давомида онлайн дарслари ҳамда Ханкук чет тиллари университети ва Бусан чет тиллари университети билан “Тандем” инновацион дарслари йўлга қўйилди.
М.: Юқорида “тандем” дарслари ҳақида гапирдингиз. Шу хусусда батафсилроқ маълумот берсангиз?
Ш.У.: Аслида, “Тандем” сўзи немис тилидан олинган бўлиб, “икки киши бошқарадиган велосипед” маъносини ифодалайди. “Тандем” дарслари ўқув жараёнидаги одатий дарслардан фарқ қилиб, бирор бир фаолият тури ёки бирор вазифани жуфтлик асосида амалга оширишни назарда тутади.
Масалан, “тандем” дарсларимизда 14 нафар талаба иштирок этса, уларнинг 7 нафари корейс ва 7 нафари ўзбекистонлик талабалардан иборат. Улар жуфтлик бўлиб берилган вазифаларни биргаликда бажаришади. Бунда икки миллатга мансуб талабаларнинг тил ўрганиши, ўзаро коммуникацияси ва дарсни пухта ўзлаштиришга катта ёрдам беради.
Келгусида мазкур инновацион дарслар кўламини кенгайтиришни мақсад қилганмиз.
М.: Бугунги кунда аксарият ўзбекистонлик ёшлар инглиз, рус тиллари қатори корейс тилини ҳам ўрганишмоқда. Мутахассис сифатида кореяшунос бўлиш истагидаги ёшларга қандай тавсиялар берасиз?
Ш.У.: Соҳа вакиллари яхши билишади, ўзбек ва корейс тиллари қариндош тил. Улар Олтой тиллари оиласига киради. Шунинг учун ҳам ўзбек ва корейс тилларининг грамматикаси ва синтаксисида ўхшаш жиҳатлар мавжуд.
Қолаверса, ҳар иккала тилнинг лексик қатламидаги асос сўзлар бир хил ўзакдан келиб чиққанини ҳам кузатиш мумкин. Бундан ташқари ўзбек ва корейс халқларининг маданияти ва урф-одатлари ҳам муштарак.
Айтилган фикрларимдан келиб чиқиб, кореяшунос бўлиш истагидаги ёшларга шуларни тавсия этаман:
- корейс тили ўзбек тили билан қариндош бўлгани учун уни бошқа тилларга нисбатан тез ва қулай ўзлаштириш мумкин;
- тил ва маданият ўзаро муносабатда. Ҳар бир халқнинг маданияти унинг тилида ўз аксини топади. Шунинг учун фақат тил ўрганишнинг ўзи етарли бўлмайди. Маданиятларни ўрганишга ҳам эътибор қаратиш керак;
- 2 ёки ундан ортиқ тилни билган инсон учун яна бошқа тилларни ўрганиш осон кечади.
М.: Бўш вақтларингизда нималар билан шуғулланасиз ва ёшлар албатта ўқиш керак бўлган китоблар бўйича тавсияларингиз?
Ш.У.: Очиғи, бўш вақтим деярли бўлмайди. Бўлганда ҳам уни асосан китоб ўқишга ва ундаги фикрлар устида мушоҳада юритишга сарфлайман.
Ёшларга, албатта, буюк ўзбек ёзувчилари А.Қодирийнинг “Ўтган кунлар” романива А.Қаҳҳорнинг ҳикояларини қайта-қайта ўқишни тавсия этаман. Чунки мазкур ёзувчиларнинг асарларида ўзбек тили ўзининг бойлиги, имкониятлари ва гўзаллиги билан ўз аксини топган. Уларда қўлланилган “теша тегмаган” миллий ибораларни, ифодаларни, умуман бадиий тасвир воситаларини бошқа асарларда учратиш қийин.
М.: Келгусидаги режаларингиз қандай?
Ш.У.: Ўзбекистонда таълим соҳасини ривожлантиришга, уни янги босқичга кўтаришга ҳисса қўшиш, илм-фан тараққиётига инновацион ғояларни олиб кириш,ўзбек илм-фани ютуқларини хорижда тарғиб ва ташвиқ қилишда фаол иштирок этишни ният қилганман.
Шунингдек, мамлакатимиз учун етук кореяшунос мутахассисларни тайёрлаш асосий мақсад ва вазифаларимдан биридир.
Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди