Креатив иқтисодиёт моҳияти ва уни ривожлантиришнинг жаҳон тажрибаси

    Креатив иқтисодиётнинг глобал бозори 2024 йилга бориб 1 триллион долларга етади.

    Инсоният кўчманчиликдан ўтроқ шароитга ўтиб, ижтимоийлашув бошланган даврдан то ҳозирги кунга қадар бўлган жамиятлар ривожи таҳлилига эътибор қаратадиган бўлсак, ҳар бир одамнинг фаровон ва тўкис ҳаёт кечириши икки асосий жиҳат: биринчиси – шахсий мақсадлари ва шунга мувофиқ қилаётган амали, иккинчиси – у яшаган давр жамияти қарашлари ва барқарорлигига боғлиқ эканини кўриш мумкин. Бу икки омилнинг қай бири муҳимроқ экани борасида турли қарашлар мавжуд. Бизнингча, биринчи факторни рад этмаган ҳолда, иккинчи жиҳатнинг ижтимоий йўналтириш ҳарактерига эга эканидан келиб чиқиб уни асосий омил сифатида баҳолаш мумкин.

    Бу нималарда кўринади? Айтайлик, сиз мўл ҳосил етиштиришнинг ҳадисини олган уста деҳқонсиз. Ҳар йили бошқаларга нисбатан кўп ҳосил ва шунга яраша кўп даромад оласиз. Бу – сизнинг мақсад ва уни амалга оширишга йўналтирилган саъй-ҳаракатларингиз самараси. Бошқача айтганда, биринчи жиҳат ҳосиласи.

    Айни ҳолатда агар иккинчи жиҳат таъсири ва кўмаги билан етиштирган ҳосилни қайта ишласангиз, экспортга йўналтирсангиз, табиийки, даромадингиз ва шунга мос равишда турмуш фаровонлигингиз бир неча баробар ошади. Демак, бир-бирига узвий боғлиқ ушбу омилларда иккинчи жиҳат қамрови ва самарадорлиги бўйича устунликка эга.

    Бунга кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Айниқса, сўнгги йилларда мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишдек буюк мақсадлар йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар самараси бунга “узукка кўз қўйгандек” мос тушади. Нега деганда, яқин-яқингача иқтисодиётимиз пахта яккаҳокимлигига асосланган, жамият ҳаёти пахтачиликка чамбарчас боғланган ва ўз навбатида, аҳоли фаровонлиги кўпроқ пахта ҳосили етиштириш билан боғлиқ эди.

    Президентимизнинг бундай узоқ турғунлик – хомашё етиштиришдан уни чуқур қайта ишлаб, саноатлашиш жараёнига ўтишга доир қатъий талаб ва ташаббуслари, шунга мос яратилиб берилаётган шароитлар асосида тарихан жуда қисқа даврда катта ютуқлар қўлга киритилмоқда. Буни нафақат пахта хомашёсини ўзимизда тўлиқ қайта ишлашга эришилгани ва текстиль йўналишида кўплаб янги ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилгани, балки авваллари хомашё сифатида экспорт қилинган қора ва рангли металларни қайта ишлашнинг тўлиқ занжири яратилгани каби мисолларда ҳам кўриш мумкин.

    Янги ғоя ва ташаббуслар зарурати

    Иккинчи жиҳатнинг яна бир муҳим томони – жамиятни маълум бир мақсад йўлида бирлаштириш, бошқача айтганда, йўналтириш ҳамда қўллаб-қувватлов бугунги глобаллашув ва жадал тараққиёт шароитида рақобатда ютишнинг муҳим шартига айланди. Шу боис, Ўзбекистон ҳам юксак тараққиётга эришиш ва аҳоли фаровонлигини янада юксактиришдек катта мақсадларни ўз олдига устувор вазифа сифатида қўяр экан, бу жиҳатга алоҳида эътибор қарата бошлади. Аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш, мамлакатнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш, бунинг учун қулай инфратузилма ва бизнес муҳити яратиш, ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш чоралари кўрилди ва бу жараён давом этяпти.

    Умуман олганда, гап иқтисодиёт барқарорлиги ва аҳоли фаровонлиги ҳақида борар экан, уни таъминлашнинг энг асосий талаби замон талабларига мос янги ғоя ва ташаббусларни ҳаётга татбиқ этишдир. Бинобарин, Президентимиз таъкидлаганидек, “Янги давр учун янги ғоя ва ташаббуслар керак, янги натижалар керак. Шундагина у том маънода янги давр бўлади”.

    Эътиборли жиҳати, сўнгги йилларда аввалги даврлардан фарқли ўлароқ, янгиликдан, янгиланишдан чўчиш эмас, янги ғоя ва ташаббусларни ишлаб чиқиш ҳамда ҳаётга татбиқ этиш кучайди. Бу жараёнда айниқса, давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзи халқаро миқёсда ҳам фаол экани диққатга сазовор.

    Президентимиз 2023 йил 22 декабрь куни ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган мажлисидаги нутқида иқтисодиётимиз барқарорлиги, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилувчи яна бир янги йўналиш – креатив иқтисодиётга тўхталиб, “Келгуси йили Тошкентда креатив иқтисодиётга бағишланган халқаро конференцияни, Нукусда эса “Орол маданияти” халқаро илмий анжуманини ўтказамиз.

    Креатив иқтисодиётни ривожлантириш бўйича алоҳида қонун қабул қилиш ҳам кун тартибидаги долзарб масаладир”, деди.

    Ижодий иқтисодиёт ва индустрия

    Креатив иқтисодиёт атамаси аксариятимиз учун нисбатан янгилик. Шунинг учун ушбу мақоламизда креатив иқтисодиёт нима экани, қайси йўналишларни қамраб олиши, имкониятлари хусусида фикрлашамиз.

    Аввало, креатив иқтисодиёт атамаси маъносига тўхталсак. Креативлик лотинча Creatio – яратиш, бунёд этиш, ижодкорлик сўзларидан келиб чиққан, бу атама 1950 йилларда психология фанига кириб келган. Креативлик деганда шахснинг маълум стандартлар, нормалар, шаблонлардан четга чиқиш лаёқати ва барча жабҳаларда ноодатий ёндашув хусусияти тушунилади.

    Креатив иқтисодиёт тушунчаси биринчи марта 2000 йилда Business Week журналидаги мақолада тилга олинган. Унда муаллиф XXI асрда компанияларнинг тараққиётида креатив ғояларнинг аҳамияти ортиб, интеллектуал ресурслар ишлаб чиқаришнинг асосий омилига айланиши ҳамда янги иқтисодиёт шароитларига мослашиш имкониятлари ҳақида фикр юритган.

    Унинг бугунги кундаги зарурати, шу жумладан, Ўзбекистон учун аҳамияти ҳақида тўхталганда, жаҳонда креатив иқтисодиёт жадал ривожланаётган глобал тармоқлардан бирига айланиб бораётганини алоҳида таъкидлаш ўринли. Бу йўналиш халқаро даражада келажакдаги иқтисодий ўсишнинг муҳим омили сифатида эътироф этилмоқда. Масалан, UNESCO таҳлилларига кўра, ушбу йўналиш жаҳон ЯИМнинг 3,1 фоизи ва барча иш ўринларининг 6,2 фоизини ташкил этмоқда.

    Ушбу йўналиш бугун шу қадар устувор йўналишга айланяптики, ҳаттоки БМТ 2021 йилни Барқарор ривожланиш учун Халқаро ижодий иқтисодиёт йили, деб эълон қилди. “Influencer Marketing Hub” маълумотига кўра, ижодий иқтисодиётнинг глобал бозори 2024 йилга бориб 1 триллион долларга етади.

    Креатив иқтисодиёт – бу барча тармоқларда ғоядан пул топишга асосланган фаолият ҳисобланади. Унинг асосий йўналиши креатив индустриядир. Креатив индустрия – интеллектуал фаолият натижасида яратилган товар ва хизматларни сотишга асосланган иқтисодиётнинг махсус тармоғи ҳисобланади. Ушбу товар ва хизматларни ишлаб чиқаришда технология, инновация ва креативликнинг ривожланиши муҳим роль ўйнайди. Кўпгина Ғарб давлатларида креатив соҳаларни ривожлантириш бундан 15-20 йил аввал қўллаб-қувватлана бошлаган.

    БМТнинг Савдо ва тараққиёт конференцияси (UNCTAD) классификaцияси креатив соҳаларни тўртта асосий гуруҳга бўлган: мерос, санъат, медиа ва функционал гуруҳ. Бу гуруҳлар, ўз навбатида, тўққизта қуйи гуруҳларга бўлинган.

    Мамлакатимизда креатив индустрия, жумладан, маданият ва санъат соҳасини ривожлантиришга алоҳида аҳамият берилмоқда. Айни пайтга қадар ушбу йўналишни ривожлантиришнинг ҳуқуқий асослари яратилгани диққатга сазовор. Жумладан, Президентимизнинг 2018 йил 26 августдаги “Ўзбекистон Республикасида маданият ва санъат соҳасини инновацион ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, 2020 йил 26 майдаги “Маданият ва санъат соҳасининг жамият ҳаётидаги ўрни ва таъсирини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2022 йил 6 июлдаги “2022 — 2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожланиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонлари билан ижодий иқтисодиётни ривожлантиришнинг устувор вазифалари белгиланди. Хусусан:

    – инновацион инфратузилма субъектлари тармоғини шакллантириш орқали стартап ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ҳамда йирик ҳажмли ишлаб чиқаришни (капитал яратиш) ташкил этиш;

    – инновацион фаолиятни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг институционал механизмларини такомиллаштириш орқали инновацион фаол ташкилотлар улушини ошириш;

    – кичик тадбиркорликнинг инновацион фаоллигини ошириш орқали ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий жадал ўсишини таъминлаш;

    – янги турдаги маҳсулотлар ва инновацион технологиялар яратишнинг ғоядан якуний истеъмолчигача бўлган комплекс тизимини таъминлаш орқали инновацияларга бўлган талабни рағбатлантириш;

    – таълимнинг барча босқичларида яратувчанлик, инновацион тадбиркорлик ва рaционализаторлик кўникмаларини ривожлантириш орқали инновацион фаолият бошқарувида инсон капиталини янада ривожлантириш;

    – музей бошқаруви ва маркетингида илғор хорижий тажрибани яратиш;

    – маданиятни кенгроқ ўрганиш ва олға силжишида инновацион ғоялар ва технологиялардан самарали фойдаланиш;

    – маданият ва санъат соҳасида миллий брендларни яратиш ва уларнинг жаҳон туризм бозорларига чиқишига комплекс равишда ёндашув;

    – кино саноатига хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ривожлантиришга йўналтирилган замонавий маркетинг тадқиқотларини ўтказиш.

    Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси меъёрий ҳужжатларида креатив иқтисодиёт ёки креатив индустрия сўзлари учрамайди, бу мамлакатимиз учун нисбатан янги тушунча ҳисобланади. Креатив иқтисодиёт асосан, “стартап”лар, яъни янгича бизнес-лойиҳалар, оригинал ғояларни қўллаб-қувватлаш орқали фуқароларнинг ишлаб чиқаришдаги фаол иштирокини назарда тутади.

    Халқаро тажриба

    Хорижий мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, креатив индустрия шаҳарлар ва ҳаттоки, бутун мамлакат иқтисодий ривожланишининг драйвери, яъни ҳаракатлантирувчи кучига айланмоқда.

    Креатив индустрия қатор Европа шаҳарларининг янги иқтисодий ривожланиш сиёсати ва стратегиялари марказида туради. Креатив тармоқлар фаол ўсиши, айниқса Лондон, Берлин ва Барселона шаҳарларида кузатилмоқда. Жумладан, Лондонда 386 мингдан ортиқ креатив тадбиркорлар мавжуд, улар 19 миллиард фунт стерлингга яқин даромад келтиради. Бу Буюк Британия пойтахти иқтисодиётининг 16 фоизини ташкил қилади, дегани. “GLA Economics” маълумотига кўра, реклама, архитектура, ахборот технологиялари ва нашриёт каби ижодий соҳалар Лондондаги умумий иш ўринларининг 16,3 фоизини қамраб олади.

    Берлин сўнгги пайтларда турли халқаро тадбирлар ўтказиладиган асосий марказлардан бирига айланди. Мисол учун, Берлинале, German film awards, Media Convention, Gamesweek, Deutscher Computerspielpreis шулар жумласидан. Мазкур шаҳарда лойиҳа-майдонлари (project spaces) кенг тарқалган, ушбу ҳудудларда махсус жиҳозланган бинолар бўлиб, уларда маълум бир лойиҳани амалга ошириш, бизнес моделларини ва турли ғояларни тажрибадан ўтказиш асосида синаб кўриш мумкин. Умумий қилиб айтганда, Берлинда 170 минг ходимга эга 24 мингдан ортиқ креатив корхоналар фаолият юритмоқда.

    Барселона шаҳри ҳам креатив индустриянинг энг йирик кластерига киради. Бу ердаги креатив тармоқларга дастурлаш, видео-индустрия, илмий-тадқиқот ишлари, босмахона, мода, заргарлик буюмлари ва мусиқа саноати кабилар киради. Ушбу шаҳарда креатив индустрия доимий ўсишда давом этяпти ва янги иш ўринлари билан таъминлаш, рақобатбардошлик ва фаровонликни оширишнинг кучли воситасига айланган.

    “The Catalan Institute of Cultural Enterprises” ташкилоти Каталонияда фаолият юритаётган 140 мингдан ортиқ креатив тадбиркорлар фаолиятини мувофиқлаштиради. Креатив индустрия йилига 5,7 миллиард евро миқдорида даромад келтиради. Бу Барселонада ишлаб чиқарилган барча маҳсулотлар қўшилган қийматининг 3,2 фоизини ташкил этади. Испания ҳукумати Барселонада таълим, илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш, креатив соҳаларда бизнес лойиҳаларини йўлга қўйишга кўмаклашмоқда. Креатив лойиҳаларга инвесторларни жалб этиш мақсадида савдо ярмаркалари, иқтисодий тадбирлар ва ғоялар танловлари ташкил этилади.

    Хорижий мамлакатлар амалиётда креатив индустрияни ривожлантириш бўйича ҳукуматлар, вазирликлар даражасида амалга ошириладиган ҳамда давлат томонидан молиялаштириладиган турли дастурларни амалга ошириш амалиёти йўлга қўйилган. Европада креатив тармоқларни қўллаб-қувватлаш бир вақтнинг ўзида тўртта инфратузилма компонентларини ривожлантиришга асосланади. Булар профессионал тармоқлар ва уюшмалар, махсус таълим дастурлари, бизнес инкубаторлар ва акселераторлар ҳамда ижодий кластерлар.

    Буюк Британияда креатив индустрия вакилларига биноларни имтиёзли шартлар асосида тақдим этиш ва грантлар асосида қўллаб-қувватлаш амалиёти кенг тарқалган. Ҳозир ушбу давлатда креатив индустриянинг мамлакат иқтисодиётидаги улуши 77 миллиард фунт стерлингни ташкил этади. Биргина ушбу тармоқда 1,7 миллиондан ортиқ иш ўринлари яратилган.

    Хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганиш жараёнида креатив индустрияни ривожлантиришнинг дунё бўйича тўртта гуруҳ моделлари аниқланди. Булар: Америка, Скандинавия, Европа ва Осиё.

    Креатив индустрияни ривожлантиришнинг тўрт гуруҳи

    Европадаги креатив соҳалар фаолияти маданий қадриятлар, индивидуал ёки жамоавий ижодий фаолиятнинг бадиий шаклларига асосланган, “Креатив Европа” дастурида белгиланган тармоқлардан иборат бўлади. Уни ривожлантиришнинг Европа модели халқаро ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш, креатив индустрияларнинг тармоқ фаолияти ва муҳим таркибий қисмларини биргаликда ҳамда кластерлар тизими орқали молиялаштиришга асосланади. Креатив кластерлар бу креатив маҳсулот яратувчиларининг маълум бир ҳудудда концентрaциялашуви бўлиб, ушбу йўналишда фаолият юритувчи тадбиркорлар ва истеъмолчилар учун ижодий куч ва илҳом берувчи марказ ҳисобланади.

    Кўҳна қитъа мамлакатларида креатив кластерлар ўз иштирокчиларининг бадаллари, шунингдек, олинган грантлар ҳисобига фаолият юритади. Ҳозирда креатив сектор ва тармоқларни молиялаштириш долзарб масала бўлгани сабабли Европада самарали молиявий экотизимни яратиш устида иш олиб борилмоқда.

    Америка модели тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш, ижодий қобилият ва яратувчанликни ривожлантириш сиёсатига асосланади. АҚШда “глокализaция” стратегияси кенг қўлланилади. Бу иқтисодий, ижтимоий, маданий ривожланиш жараёни бўлиб, кўп йўналишли тенденцияларнинг биргаликда мавжудлиги ва хорижлик истеъмолчиларнинг эҳтиёжига мослаштирилган маҳсулот ва хизматларни яратишга йўналтирилганлиги билан тавсифланади.

    Бу давлатда федерал даражада креатив соҳалар учун ягона сиёсат мавжуд эмас, барча тармоқлар штат ва муниципалитет даражасида қўллаб-қувватланади.

    Креатив индустрия инновацияларни рағбатлантиради, АҚШнинг жаҳон бозорида рақобатбардошлигини кучайтиради ва иқтисодий фаолликни қўллаб-қувватлашда муҳим роль ўйнайди. АҚШда креатив индустрия тушунчасини аниқлашда консерватив ёндашувни қўллайди, фақат санъат асарларини ишлаб чиқарадиган ёки тарқатувчи корхоналарга (нотижорат музейлардан, симфоник оркестрлар ва театрлардан тортиб тижорат кино, архитектура ва реклама компанияларигача) эътибор қаратилади. Креатив сектор улушини баҳолашда компьютер дастурлаш ва илмий тадқиқотлар каби соҳалар эътиборга олинмайди.

    Скандинавия модели. Ушбу ҳудудда жойлашган мамлакатлардаги креатив индустрия модели тадбиркорлик фаолиятида креатив кўникмаларни амалий қўллашга ўргатувчи касб-ҳунар таълими тизимига ихтисослашган. Ушбу модел шунингдек, грант ёрдамида қўллаб-қувватлаш, инновацияларни рағбатлантириш ва ижодкорликка инвестиция киритишга асосланади.

    Креатив индустрияни ривожлантиришнинг Осиё модели ижодий маҳсулотнинг инновация таркибий қисмини яратишга қаратилган. Бунда анъанавий маданият элементларидан жаҳон бозорида миллий манфаатларни илгари суриш сиёсати сифатида фойдаланади. Жанубий Кореяда “Корея ижодий контент агентлиги (КОCCА)” мамлакат креатив индустриясидаги фаолиятни мувофиқлаштириш ва корейс товарларини халқаро бозорга олиб чиқиш сиёсати билан шуғулланади.

    Хитойнинг креатив индустрияси эса иқтисодиётнинг хусусий сектор сармояларига таянади ва Европанинг ижодий соҳалари каби глобал бозорларга йўналтирилган.

    Методологик нуқтаи назардан, ижодий, маданий ва креатив индустрияга тааллуқли соҳаларни ажратиш муаммоси хориж ҳамда Ўзбекистон амалиётида очиқлигича қолмоқда. Мамлакатимиз иқтисодий ривожланишида креатив индустрия улушини баҳолаш ҳамда уни ривожланиш тенденцияларини таҳлил этиш мақсадида Ўзбекистонда креатив индустрияга тааллуқли соҳаларни аниқлаш методологиясини ишлаб чиқиш муҳим ҳисобланади.

    Мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишида аҳолини иш билан таъминлаш, ижодий қобилиятга эга истеъдодларни ҳамда креатив тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш зарурати ортиб бормоқда. Бутун дунё, шу жумладан, креатив индустрияни юқори ривожланиш даражасига олиб чиқишда мактаб давридан бошлаб креатив тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш бўйича таълим дастурларини кенгайтириш, шубҳасиз устувор вазифалардан бири ҳисобланади. Креатив индустрияни молиялаштиришда қўлланиладиган краудфандинг ва фандрайзинг усулларидан ташқари, ижодий соҳа вакилларининг фаолиятини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва самарали молиявий инфратузилма яратилиши Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқларини диверсифакациялашнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.

    Умуман олганда, мамлакатимизда креатив иқтисодиётни ривожлантиришнинг дастлабки босқичлари бошланган. Масалан, аксарият шаҳарларимизда ёшларнинг иқтидорини рўёбга чиқаришга хизмат қилаётган технопарклар ташкил этилди. Натижада юртимизда стартаплар тобора кенг жорий этилиб, ёшлар орасида оммалашиб бормоқда. Бу қувонарли ҳол, албатта.

    Ойбек ДЎСМУҲАМЕДОВ,

    иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates