Халқаро стандартларга мувофиқлик зарурати ёхуд аҳолини сифатли маҳсулотлар билан таъминлашда давлат назоратининг аҳамияти

    Мамлакатимизда иқтисодиёт барқарорлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган тизимли чоралар ўз самарасини бермоқда.

    Жумладан, Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йилнинг биринчи чорагида ялпи ички маҳсулот 242,7 триллион сўмни ташкил этиб, 6,2 фоизга ўсган. Бунда, хизматлар (14,2 фоиз), чакана савдо товар айланмаси (9,3 фоиз), қурилиш (6,8 фоиз), саноат маҳсулотлари (6,5 фоиз) йўналишлари билан бир қаторда, экспорт ҳажми 6,4 миллиард долларга етиб, 10 фоиз ўсиш кузатилгани ҳам муҳим роль ўйнади.

    Иккинчи чоракда барча йўналишларга мос равишда экспорт кўлами ҳам сезиларли ортиши шубҳасиз. Чунки, биринчидан, давлат дастурида 2024 йилда ялпи ички маҳсулот ўсиш суръатларини 6 фоиздан кам бўлмаган, шу жумладан, экспорт ҳажми ўсишини 25 фоиз даражасида таъминлаш вазифаси белгиланган. Иккинчидан, айни пайтга келиб юртимизнинг жанубий вилоятларида пишиб етилган тарвуз, қовун, гилос, ўрик каби маҳсулотларни дунё бозорларига экспорт қилиш жадал кечмоқда.

    Бундан ташқари, май ойи учинчи декадасига келиб халқаро биржа савдоларида мис котировкалари барча даврлар учун янги максимум – 11 минг 105 долларга етди. Йил бошидан ҳисоблаганда эса мис нархи 27 фоизга қимматлашди. Ўзбекистон мис захиралари бўйича дунёда етакчи давлатлардан экани ва мисни қазиб олиш ва уни қайта ишлаш саноатини ривожлантиришга қаратилган йирик лойиҳалар амалга оширилаётгани, қолаверса, дунё бозорида электромобиллар ва қайта тикланувчи энергия манбаларига мос равишда мисга талаб тобора ортиб бораётгани ҳам мамлакатимиз экспорти истиқболлари билан боғлиқ янги имкониятларни яратади.

    Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг 26-27 май кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизга келгани ҳам бу борада муҳим аҳамиятга эга. Бинобарин, ташриф доирасида томонлар яқин истиқболда ўзаро савдо ҳажмини 30 миллиард долларга етказишга келишиб олди. Бу эса ўз навбатида, мамлакатимиз экспорт имкониятларини янада кенгайтиради.

    Умуман олганда, экспорт – у қандай турдаги маҳсулот бўлишидан қатъи назар, даромадлилик борасида энг самарали ечимдир. Шу боис ҳам мамлакатимизда ушбу йўналишни ривожлантиришни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, Жаҳон савдо ташкилотига аъзоликни тезлаштириш, Европа Иттифоқининг махсус преференциялар тизими “GSP+”дан самарали фойдаланиш, МДҲ давлатлари билан ўзаро савдо ҳажмини кенгайтириш, транспорт-логистика инфратузилмасини яхшилаш, божхона маъмурчилигини ислоҳ қилиш каби экспорт билан боғлиқ қатор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Техник жиҳатдан тартибга солиш тизими ҳам бу борада муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Чунки, маҳсулот тайёрлиги, логистика ва божхона шайлиги товарни дунёнинг хоҳлаган бозорига олиб бориб сотиш мумкинлигини англатмайди. Бошқача айтганда, экспорт жараёни билан боғлиқ талаблар, халқаро стандартларга мувофиқлик масаласи бор. Яъни айтайлик, маҳсулотингизни Европа бозорларига сотмоқчи бўлсангиз, харидорлар ушбу маҳсулотнинг халқаро стандартларга мувофиқ етиштирилган ёки тайёрланганига доир хулоса сўрайди. Бу каби масалалар эса бевосита Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги фаолияти доирасида ташкил этилади.

    Мамлакатимизда айни шу мақсадда агентлик фаолияти самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қартиляпти. Хусусан, шу йил 26 февраль куни Президентимиз танишган техник жиҳатдан тартибга солиш тизимини ислоҳ қилиш бўйича таклифлар тақдимотида соҳа ривожига қаратилган устувор вазифалар белгилаб берилган эди.

    Аввало, мамлакатимиз стандартлаштириш соҳасини ислоҳ қилиш ва соҳага замонавий ёндашувларни жорий қилиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2021 йил июндаги “Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори билан Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги негизида Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ташкил этилганини таъкидлаш ўринли.

    Соҳани замон талабларига мос ислоҳ қилиш мақсадида кўрилган бу каби чоралар натижасида кейинги йилларда 12 мингта стандарт қабул қилинди, 400 турдаги маҳсулотни синовдан ўтказиш йўлга қўйилди. Натижада 40 та янги экспорт бозорига чиқилди.

    Шу билан бирга, охирги етти йилда Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 2,5 баробарга ошиб, 63 миллиард долларга етди. Бу йил ҳам экспортни 1,5 баробарга кўпайтириб, 25 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, истиқболда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш мақсад қилинган.

    Тақдимотда агентлик тўғридан тўғри Ҳукумат бўйсунувига ўтказилиши белгиланиб, амалдаги техник тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш, унинг экспортга кўмаклашиш ва ички бозорни сифатсиз товарлардан ҳимоя қилишдаги иштирокини мустаҳкамлаш бўйича вазифалар белгиланди.

    Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида орадан бир кун ўтиб, 27 февралда давлатимиз раҳбарининг “Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги давлат бошқарувини янада такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ҳамда 28 февралда “Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлигининг фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

    Ҳужжатлар агентликнинг Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигидан Вазирлар Маҳкамаси бўйсунувига ўтказишдан бошлаб Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги фаолиятининг асосий йўналишлари белгилаб берилгани билан аҳамиятли бўлди.

    Бугунги кунда агентлик ушбу ҳужжатларда белгиланган вазифалар доирасида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан миллий мувофиқликни баҳолаш, синов ҳамда ўлчаш натижаларини экспорт бозорларида тан олиш борасида ҳамкорликни кенгайтириш, маҳаллий маҳсулотларни ишлаб чиқаришда халқаро стандартлар ва техник регламентларни жорий этиш орқали уларнинг замонавий талабларга мувофиқлигини таъминлаш ва ташқи бозорларда рақобатбардошлигини ошириш, сифатни бошқаришнинг замонавий тизимларини, биринчи навбатда, экспорт қилувчи корхоналарда кенг жорий этиш ва маҳсулотларни техник регламентлар ва стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини таъминлаш каби йўналишларда самарали фаолият юритмоқда.

    Аҳолини сифатли ва хавфсиз маҳсулотлар билан таъминлашда давлат назоратини таъминлаш ҳам агентлик фаолиятининг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан уч йўналишда тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

    Жумладан, биринчиси – давлат назорати йўналиши. Инспекция томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Бизнес омбудсманни хабардор қилган ҳолда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш, савдо каби тармоқларда фаолият юритиб келаётган 120 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларида давлат назорати ўтказилди.

    Уларда текширилган мингга яқин маҳсулотлардан 85 фоиздан ортиғи маркировка, сақлаш шароити, даврий синовлар, сифат кўрсаткичи билан боғлиқ амалдаги техник регламент ва стандарт талабларига номувофиқлиги аниқланди. Бундан ташқари, қарийб 1,9 мингта ўлчаш воситаларидан 930 таси қиёсланмаган. Қиймати 64,6 миллиард сўмлик маҳсулотлар мувофиқлик сертификатисиз реализация қилинган. Шунингдек, 38 турдаги 366 миллион сўмлик маҳсулотлар техник регламент ва стандарт талабларида белгиланган сифат кўрсаткичларига мос эмаслиги аён бўлди.

    Натижада қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган корхоналарнинг юз нафардан зиёд масъулларига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик баённомаси расмийлаштирилди.

    Иккинчиси – профилактика йўналиши. Инспекция томонидан қонунчилик талаблари бузилишининг олдини олиш мақсадида қурилиш йўналишида фаолият кўрсатувчи 5,5 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларига огоҳлантириш хатлари ва тарқатма материаллари юборилди.

    Учинчиси – сертификат ҳужжатлари назорати йўналиши. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида назорат инспекцияси томонидан “Саноат хавфсизлиги” ДМ сертификатлаштириш идораси томонидан лифт ва эскалатор маҳсулотларига расмийлаштирилган 70 га яқин, сертификатлаштириш идоралари томонидан кабель, иситиш қозонлари, радиатор, музлатгич ва кондиционер маҳсулотларига расмийлаштирилган 300 га яқин, арматура ва металл лист маҳсулотларига тайёрланган 90 га яқин аризалар бўйича тайёрланган ҳужжатлар тўплами келиб тушган. Ҳозирги кунгача уларнинг асосий қисми назоратдан ечилди, камчилик аниқланганлари уларни бартараф этиш учун назоратда қолмоқда.

    Умуман олганда, мамлакатимиз техник жиҳатдан тартибга солиш тизими иқтисодиётимиз барқарорлиги, етказиб берилаётган маҳсулотларнинг ишончлилиги, хавфсизлиги, фойдаланишда қулайлиги ва сифатини таъминлашда муҳим йўналиш ўлароқ замон талабларига мос ривожлантирилмоқда. Бу эса ўз навбатида, дунё бозорларига чиқиш, экспорт географияси ва ҳажмини кенгайтириш, юртдошларимизни сифатли ва хавфсиз маҳсулотлар билан таъминлашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

    Азамат Абдураҳмонов,

    Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги инспекция бошлиғи



    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates