Маълум қилинишича, Божхона қўмитаси ҳамда Андижон вилояти ва Тошкент шаҳар божхона бошқармалари тезкор тузилмалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда бир гуруҳ шахслар томонидан божхона органлари расмий ҳужжатларини қалбакилаштириш ҳолатларига чек қўйилди.
Тезкор тадбирда олдиндан кузатувга олинган шахснинг яшаш хонадони белгиланган тартибда кўздан кечирилганида, бу ерда «Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси Кадрлар Бошқармаси» ёзувли муҳр, ойлик иш ҳақи тўғрисида маълумотномалар, ушбу шахснинг гўёки божхона ходими эканлигини тасдиқловчи гувоҳнома, ишга алоқадор бошқа ҳужжат ҳамда воситалар борлиги аниқланди.
Маълум бўлишича, 3 нафар шахсдан иборат уюшган гуруҳ ҳужжатларни қалбакилаштириш орқали ойлик иш ҳақи тўғрисида маълумотнома тайёрлаб, унга сохта муҳр босиб, қалбакилаштирилган хизмат гувоҳномалари билан ҳудудлардаги банкларга кредит олиш учун тақдим этиб келишган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.









