Ўзбек халқи нафақат моддий, балки бой номоддий маданий меросга ҳам эга. Бу номоддий мерос асрлардан-асрларга ажодларимиз томонидан авлодларга етказиб келинмоқда. Истибдод йилларида бутун халқимиз каби номоддий меросимиз ҳам кўплаб тазйиқларга учради. Аммо халқ бу хазинани қалб қўри билан истиқлол йилларигача омон сақлаб келди ва оламга намоён этишга киришди.
Шу ўринда, аввало, номоддий мерос нима, деган саволга қисқа жавоб қилсак. Номоддий мерос муайян бир халқнинг асрлар давомида шаклланган оғзаки ижоди, ижрочилик санъатлари, жамиятнинг урф-одат, маросим ва байрамлари, табиат ва коинот билан боғлиқ билимлари, анъанавий ҳунармандликка оид билим ва кўникмаларидир.
Мамлакатимиз 1992 йилда ЮНЕСКОга аъзо бўлгач, Бойсун маданий муҳити, “Шашмақом”, Катта ашула, Наврўз байрами, Аския, Палов маданияти ва анъаналари, Адрас тўқиш каби номоддий меросимиз намуналари ЮНЕСКО репрезентатив рўйхатига киритилди.
Номоддий мероснинг 4 та алоҳида рўйхати юритилади. Булар — зудлик билан муҳофаза остига олиниши лозим бўлган номоддий маданий мерос объектлари рўйхати, номоддий мероснинг репрезентатив рўйхати, номоддий мероснинг миллий рўйхати, номоддий мероснинг маҳаллий рўйхати.
Бирор мамлакат ўзида юритилаётган номоддий мерос миллий рўйхатидан қайсидир номзодномани ЮНЕСКОнинг зудлик билан муҳофазага олиниши лозим бўлган рўйхатига ёхуд репрезентатив рўйхатига киритиши мумкин. Бунинг учун ЮНЕСКОнинг ўз талаблари ва тартиблари мавжуд. Мамлакат агар бу йил бир номзодномани ЮНЕСКОга киритса, муайян вақт у янги миллий номзодномани бошқаларга ҳам навбат тегиши учун тақдим этмай туради. Агар у миллий эмас, кўп миллатли (бошқа мамлакатлар билан ҳамкорликдаги) номзоднома тақдим этса, унда ҳар йили номзоднома тақдим этиши мумкин бўлади.
Айни пайтда номоддий меросимизнинг миллий рўйхатидан юздан ортиқ номзоднома ўрин олган. Уларни босқичма-босқич тизимли равишда ЮНЕСКО рўйхатларига киритиш, жаҳон аҳлига кўз-кўз қилиш Маданият вазирлиги, тизим ихтиёридаги илмий муассасалар, ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссия, қолаверса, соҳада фаолият юритаётган нодавлат ташкилотларнинг биргаликдаги вазифаларидандир.
Буни дилдан ҳис этган Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди 2016 йил ноябрь ойидан миллий рўйхатимиздаги “Хоразм рақси — лазги” номзодномасини ЮНЕСКО репрезентатив рўйхатига тақдим этиш ташаббуси билан чиқди. ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссия бу ташаббусимизни қўллаб-қувватлагач, фонд марказий офисида ва Хоразм вилоятида мутахассис ва олимлар, ташаббускорлардан иборат ишчи гуруҳлар тузилди.
Хоразмдаги ишчи гуруҳ фаоллари, жумладан, фонднинг Хоразм вилояти муассасаси раиси Комил Нуржонов ва Ўзбекистон халқ артисти, лазги рақси билимдони, ҳам амалиётчиси Гавҳархоним Матёқубова маълумотларни жамлаш юзасидан дастлабки ишларни амалга оширди. Кейин “Олтин мерос” фондида мутахассислар вазифаларни тақсимлаган ҳолда изчил иш олиб борди. ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссиянинг собиқ котиби Алишер Икромовнинг қатъияти, маслаҳатлари билан 5 ойдан ортиқ вақт ичида ЮНЕСКО талаблари акс этган шакл тўлдирилиб, лазги тарихи ва бугуни акс этган 10 дақиқалик фильм суратга олинди. Лазгининг халқчиллиги ва латофати, оммавийлиги акс этган 10 та чиройли сурат танланди. Г.Матёқубова лазги ҳақида рисола тайёрлади. Мамлакатимизнинг турли бурчакларидан 30 дан зиёд давлат ва жамоат ташкилотдан ушбу номзодномани қўллаб-қувватловчи мактублар йиғилди. Уларнинг барчаси инглиз тилига таржима қилиниб, махсус компакт дискка жамланган ҳолда, ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссиямиз орқали Парижга етказилди. ЮНЕСКО бош қароргоҳидаги элчимиз уни ЮНЕСКОга тақдим этди. Шундан сўнг 2 йил давомида биз номзоднома юзасидан ЮНЕСКО билан ёзишмалар олиб бордик. Номзодномани такомиллаштириш учун зарур бўлган маълумотларни тақдим этдик. Ниҳоят, 2019 йилнинг 12 декабрь куни тунда Колумбиянинг Богота шаҳридан “Хоразм рақси — лазги” номзодномаси ЮНЕСКО репрезентатив рўйхатига киритилгани ҳақида хушхабар олдик. Мавриди келганда бутун халқимизни, айниқса, номзодномани тайёрлашда жонбозлик кўрсатган олиму мутахассисларни бу муваффақият билан чин юракдан табриклайман. Улар номзодномани тайёрлашда беғараз, ишдан ташқари вақтларида бирор таъмасиз меҳнат қилди. Бу қадриятларимизга ҳақиқий муҳаббатнинг ифодаси бўлди.
Таъкидлаш жоизки, ҳозиргача ЮНЕСКО томонидан Туркиянинг “Мавлави само” (2005), Аргентинанинг “Танго” (2009), Перунинг “Қайчи” (2010), Ҳиндистоннинг “Чхау” (2010), Франциянинг “Малоя” (2009), Испаниянинг “Фламенко” (2010), Малавининг “Мвиноги” (“Қувонч”) (2014), Саудиянинг “Ал-мизмар” (2016), Кениянинг “Уоканада”, Кубанинг “Румбо” (2016) каби 15 га яқин рақс репрезентатив рўйхатга киритилган.
Энди бевосита халқимиз ижрочилик санъати ва лазги рақсига келсак, ҳамюртларимиз ўзбек миллий рақс санъатининг 5 та фарқли мактаби шаклланганини яхши билади. Булар Фарғона-Тошкент, Хоразм, Бухоро-Самарқанд, Қорақалпоқ, Қашқадарё-Сурхондарё рақс мактабларидир. Бу мактаблар бир-биридан ўзига хослиги, жозибадорлиги, элементлари, ҳаракатларининг маҳаллий колорити билан фарқ қилади.
Миллий рақс санъатимиз аниқ ритм(усул)га асосланади ва ҳаракатлар оҳанг ўзгаришига монанд равишда тизимга солинади. Юқорида қайд этилган дастлабки уч мактаб пайдо бўлиши шу ҳудудларда мавжуд бўлган Қўқон хонлиги, Бухоро амирлиги, Хоразм хонлиги ҳукмронлиги билан изоҳланса, қорақалпоқ миллати вакилларининг жорий ҳудудга келиб жойлашиши Ўзбекистонда рақс мактабининг янги кўриниши шаклланишига омил бўлди. Қашқадарё ва Сурхондарё мактаби эса азалдан халқона фольклор унсурларини жамлагани, эркин импровизацияси билан ўзига хосдир. Ҳар қандай ҳолатда ҳам рақс мактабларининг кўплиги ЮНЕСКО томонидан алоҳида ҳурмат қилинадиган маданиятнинг теран ва ранг-баранглиги нишонасидир.
Рақснинг барча турлари каби лазгининг ҳам ўзига хос тарихи бор. Бу тарих мана шу мўътабар заминимизда асрлар бўйи яшаган она халқимиз тақдири билан уйқаш ва ҳамоҳанг кечган. Мутахассислар лазги тарихининг айрим ҳаракатларини инсон яралиши билан боғлайди. Халқимиз даҳосининг дурдоналаридан бўлган қадим “Авесто” ҳам ушбу рақс шаклланишида муҳим ўрин тутган. Жаҳон тарих фанининг асосчиларидан бири бўлган Геродот ўз асарида бундан 2500 йилдан аввал қадим хоразмийларнинг Окс (Амударё) дарёси бўйида олов ёқиб, аланга устига хушбўй гиёҳлар сепиб, ўйин-кулги қилиб, гулхан атрофида туни билан ҳолдан тойгунча ажиб рақс тушиб, тонгни қаршилаши ҳақида маълумот беради.
Лазги шаклланишида Хоразмнинг қиши қаттиқ келиши ҳам ўз аксини қолдирган. Хусусан, Абу Райҳон Беруний ўзининг “Осор ул-боқия” асарида Хоразмда фақат 40 кун иссиқ бўлиши, қолган ойлар нисбатан салқин ва совуқ бўлишини таъкидласа, Хоразмга ташриф буюрган ажнабий тарихчилар Ибн Фадлон ва Абу Мансур ас-Саолибий ҳам ўз асарларида (масалан, “Идил (Волга)га саёҳат”, “Йатимат ад-даҳр фи маҳосин аҳл ал-аср” (“Аср аҳлининг фозиллари ҳақида замонасининг дурдонаси” каби) бу ўлканинг совуқ иқлими ҳақида хабар берган. Шу боис, айрим мутахассислар рақсдаги титрамалар — форсий “ларзидан” сўзининг ўзаги ушбу рақс номини белгилаганини айтадилар. Қадимий санскрит тилида ҳам “lasya” — “рақс”, “lasaka” — “раққос” маъносини бериши қайд этилади.
Шўролар даврида айрим “олим”лар ҳатто лазги рақси Кавказдаги лезгинларникидан олинган, деган сохта илмий хулосаларга ҳам келган. Тарихимиз қадимийлигини шу тахлит хаспўшлашга уринишган. Тарихий манбалар аслида бунинг аксини кўрсатиб турибди. Тарихчи олимларимиз Жалолиддин Мангуберди 1225 йилда Тифлисни забт этганида аскарларининг бир қисми Кавказда қолиб кетгани, улар лазгининг ҳарбийча ҳаракатларга монанд кўринишида рақс тушганларини айтади.
Ҳар на қилганда ҳам лазги рақси бугунги кунларгача етиб келди. Ўзбекистон халқ артисти, лазги бўйича илмий тадқиқотлар қилган ва амалиётчи мураббий Гавҳархон Матёқубова “Лазги тарихи” асарида ушбу рақснинг 9 турини фарқлаб кўрсатади.
“Бугунги кунда Хоразмда лазги рақсининг 9 тури мавжуд, — дейди тадқиқотчи. — Мана шу лазгилар ҳар хил шароитда пайдо бўлиб, асрлар оша давримизгача етиб келган. Тотемизм — “Масхарабоз лазгиси”, анимизм — “Қайроқ лазгиси”, зардуштийлик — “Олов лазгиси”, афсоналардан келиб чиққан “Дутор” ва “Сурнай” лазгилари, фантазия маҳсули бўлган “Хива лазгиси”, шарт-шароит тақозосига кўра пайдо бўлган “ЎҒЛОН бола” лазгиси, “Гармон лазгиси”, элатларининг аралашувидан келиб чиққан Хоразм эронийлари лазгиси фарқланади. Уларнинг ижро услуби ҳар хил. “Масхарабоз лазгиси”ни ўйнайдиган ижрочи “Хива лазгиси”ни ёки “Дутор лазгиси”ни ўйновчи “Гармон лазгиси”ни ўйнай олмаслиги мумкин. Шунинг учун лазги ижрочиларининг услуби турлича, бири иккинчисига ўхшамайди. Бу услубларни ўрганиш жуда қийин. Лазгининг ўз ижрочиси бор. Лазгини исталган раққоса, санъаткор ўйнай олади, деб ўйлашади. Бу нотўғри. Лазгини юксак даражада ўйнаш учун илоҳдан берилган қобилият бўлиши керак”.
Лазгининг ЮНЕСКО репрезентатив рўйхатига киритилиши халқимизни руҳлантирди. Номоддий меросимизнинг халқаро эътирофи ғуруримизни юксалтирди, албатта. Президентимизнинг Лазги академиясини ташкил этишга оид ташаббуси, 2022 йилдан бошлаб Лазги халқаро рақс фестивалини ўтказиш ҳақидаги қарори кишини янада қувонтиради. Бу чора-тадбирлар жаҳон аҳлига бой миллий қадриятларимизни намоён этиш билан бир қаторда, мамлакатимизнинг сайёҳлик жозибадорлигини оширишга ҳам хизмат қилади.
Шу ўринда миллатимиз жонкуярлари эришилган ютуқлар билан кифояланмай, ЮНЕСКОга бу йил янги номзодномаларни тақдим этганларини таъкидламоқчиман. Олимлар, мутахассисларимиз бу йил ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссия котибияти кўмаги билан яна 5 та номзоднома тақдим этди.
Булар: Бахши санъати миллий номзодномаси; Насриддин Афанди анъанавий ҳажвиялари кўп миллатли номзодномаси (Туркия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркманистон, Тожикистон); Рубоб ясаш ва чалиш анъаналари кўп миллатли номзодномаси (Эрон, Ўзбекистон ва Тожикистон); Халқ ўйинлари (этноспорт) кўп миллатли номзодномаси (Ўзбекистон ва Тожикистон); Каштачилик санъати кўп миллатли номзодномаси (Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон).
Қувонарлиси шуки, номоддий меросимизни тарғиб этишда давлат ташкилотлари қаторида Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамоат фонди, “Умрбоқий мерос” каби жамоат ташкилотлари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Амирқул КАРИМОВ,
Халқаро “Олтин мерос”
хайрия жамоат фонди раиси