Маданий мерос объектларини бузиш ёки уларга шикаст етказиш бўйича маъмурий ва жиноий жавобгарлик кучайтирилди

    Маданият 5 март 2021 1730

    Вазирлар Маҳкамасининг “Моддий маданий мерос объектлари ва ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудлар муҳофазасини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

    Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилишни кучайтириш мақсадида сўнгги йилларда қонун ҳужжатлари билан, жумладан, қуйидагилар белгиланган:

    – моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳамда давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказиш бўйича тегишлича маъмурий ва жиноий жавобгарлик кучайтирилди;

    – давлат муҳофазасига олинган моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг қўриқланадиган теграларида, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларда, шу жумладан, ўзининг тарихий-маданий қимматига кўра Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ва уларнинг қўриқланадиган теграларида моддий маданий мерос объектлари ҳисобланмаган бинолар, иншоотлар ҳамда бошқа объектларни белгиланган тартибда рухсатнома олмасдан қуриш ёки бузиш бўйича маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланди;

    – моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузишга оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар бўйича Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари - мансабдор шахслари томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузиш ҳамда қонунда белгиланган тартибда судга юбориш амалиёти йўлга қўйилди;

    – Департамент ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни кўзлаб судларга давлат божи тўламасдан аризалар ва даъволар билан мурожаат қилиш жорий қилинди;

    – Департамент давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига моддий маданий мерос объектлари соҳасида аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимнома киритиши ҳуқуқига эга бўлди;

    – Департаментнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий этиб белгиланди;

    – моддий маданий мерос объектларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва аҳоли пунктларининг бош режалари Департамент билан мажбурий тартибда келишилиши жорий қилинди;

    – ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига тарихий-маданий қийматига кўра киритилган республикадаги ҳудудлар алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудлар ҳисобланиши ҳамда уларда режалаштирилган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари Департамент ҳамда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан мажбурий тартибда келишилган ҳолда амалга оширилиши белгиланди;

    – Департамент томонидан моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини асрашга доир фаолиятга лицензия ва рухсатнома бериш, шунингдек, лицензия ва рухсатнома шартларига риоя қилинишини назорат қилиш жорий қилинди;

    – моддий маданий мерос объектлари соҳасидаги маҳаллий ва хорижий мутахассисларни фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома асосида жалб қилиш ҳамда улар меҳнатига ҳақ тўлаш микдорини Маданий мерос жамғармаси маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар маблағлари ҳисобидан Департамент бошлиғи томонидан белгилаш ҳуқуқи берилди;

    – Департамент моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларидан фойдаланишдан олинган даромадлар ва уларнинг сарфланишига оид маълумотларни тегишли субъектлардан сўраб олиш ҳамда уларга ушбу маблағлардан самарали фойдаланиш бўйича кўрсатма бериш ҳуқуқига эга бўлди;

    – моддий маданий мерос кўчмас мулк объектига етказилган моддий зарар миқдорини ҳисоблаш, улардан фойдаланиш шартлари ва тартиби ҳамда уларга риоя қилишини таъминлаш тартиблари жорий этилди;

    – моддий маданий мерос объектлари муҳофаза қилиниши, асралиши ва улардан фойдаланилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш, моддий маданий мерос кўчмас мулк объектларининг қўриқланадиган теграларини белгилаш ва уларни сақлаш тартиби тасдиқланди;

    – моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш қоидаларини бузганлиги ҳамда моддий маданий мерос объектларини нобуд қилиш, бузиш ёки уларга шикаст етказганлиги учун тўланадиган жарималар, шунингдек, давлат мулки ҳисобланган моддий маданий мерос объектларига етказилган зарарни қоплаш бўйича маблағлар Маданий мерос жамғармасига йўналтирилиши белгиланди.

    Шунингдек, қарорда Департамент ва унинг ҳудудий бошқармалари қонун ҳужжатлари билан уларга берилган ҳуқуқлар ва ваколатлардан етарли фойдаланмаётгани, мажбурият ва функцияларни тўлиқ амалга оширмаётгани ҳамда соҳада давлат назоратини тизимли ва таъсирчан йўлга қўймаётгани кўрсатиб ўтилган.

    Департамент ва унинг ҳудудий бошқармалари тузилмаларига қўшимча 14 та штат бирлиги “Бухоро”, “Самарқанд”, “Ичан қалъа”, “Сармишсой”, “Шаҳрисабз”, “Термиз” ва “Қўқон” давлат музей- қўриқхоналарининг бош мутахассис ва етакчи мутахассис лавозимлари штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобига ажратилади.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates