Айтишларича, кўҳна қишлоқ деҳқончилик маданиятига бу ноёб ва фойдали экин тури кириб келганига етмиш йилдан ошди. Эмишки, водиллик йигит Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан сўнг, уйига қайтаётиб ўзи билан унинг кўчатини олиб келган. Бошқа фикрларга кўра, малина кўчати ўз тақдирини ўзбек ўғлони билан боғлаган россиялик келин ҳаёт тарзига боғлаб айтилади.
Ўсимлик салқин ҳаво ва нам тупроқда яхши ривожланади. Шу боис, сўлим Водилнинг мусаффо об-ҳавоси ушбу экин тури ривожланиб, оммалашишида ўзига хос ўринга эга.
Малина нафақат мазали таъми, мўъмай даромда манбаи, балки шифобахш хусусиятлари билан ҳам ажралиб туради. Унинг меваси иммунитетни мустаҳкамлашда ёрдам беради, кексайишни секинлаштиради, ёғларни эритади, овқат ҳазм қилишни меъёрлаштиради, шамоллаш, саратон юзага келишининг олдини олади, қондаги қанд миқдорини назорат қилади.
Бугунги кунда тумандаги 15 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 4,2 минг хонадонда 184 гектар томорқалар малиначиликка ихтисослаштирилган. Бундан ташқари, озиқ-овқат хавфсизлигини ва ички бозорларда нархлар барқарорлигини таъминлаш ҳамда аграр соҳада аҳоли ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали улар даромадларини ошириш, “Бир ҳудуд — бир маҳсулот” тамойили асосида фермер хўжаликлари ва кластерлар фойдаланишидаги паст ҳосилли пахта ва ғалладан қисқартирилган ҳамда аҳолига узоқ бўлмаган ҳудудларда 520 нафар ишсиз фуқарога очиқ аукцион савдолари асосида ажратилган 250 гектар ер майдонларида ҳам малиначилик плантациялари ташкил этилди.
“Ҳосилот” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган Ҳолисхон Ҳамроева бу ишнинг этагидан тутганига чорак асрдан ошди. Томорқасидаги 4 сотих малиназордан ҳар йили икки марта ҳосил териб олади.
— Биринчи ҳосилнинг ўзидан 20 миллион сўмдан ортиқ даромад олишни кўзлаб турибмиз, — дейди йиғим-терим билан андармон бўлаётган томорқачи. — Килосини 35 минг сўмгача сотяпмиз. Кузги ҳосил ҳам мўл ва сифатли бўлиши учун ҳозирдан тараддуд кўрамиз. Экин тагини юмшатиш, маҳаллий ўғит билан озиқлантириш, сувга қондириш мавсумнинг муҳим амалларидан. Оиламиздаги тинчлик-тотувлик, файзу барака ана шу меҳнат ва изланишларимиз самараси.
“Дилкушод” маҳалла фуқаролар йиғинидаги 425 дан ортиқ аҳоли томорқасидаги 4 гектар ерда малина етиштирилади. Кейинги йилларда бу иш амалларини оммалаштириш, ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, ички ва ташқи бозорда харидоргир маҳсулот турларини етказиб беришга бўлган эътибор ошди. Шу мақсадда томорқасида малина етиштириш ташаббуси билан чиққан 18 нафар фуқарога 473 миллион сўмлик имтиёзли кредит маблағлари берилди.
— Ҳудудимизга яқин бўлган, ҳосилдорлиги паст, пахта ва ғалладан қисқарган экин майдонлари “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган ҳамда ишсиз аҳоли қатламига 10 сотихдан 15 сотихгача 30 йил муддатга ижара асосида малиначилик йўналишида деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун ажратиб берилди. Бу нафақат малина, балки кўчатлар оралиғида бошқа сабазавот экинлари экиб, қўшимча даромад олиш имкониятини бермоқда.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, тумандаги 4 минг 200 та хонадон ва деҳқон ҳўжаликлари боғ қатор ораларидан биринчи мавсумда 1200 тонна ҳосил йиғиб олиш кўзда тутилган. Маҳсулотнинг 480 тоннаси Қозоғистон, Россия, Туркия, Озарбайжон ва Қирғизистон давлатларига экспорт қилиш, қолган қисмини ички бозорга етказиб бериш режалаштирилган. Кузги мавсумда эса ўрта ҳисобда 1000 тоннадан ортиқ маҳсулот экспортга йўналтирилади.
Туманда малина етиштириш, қайта ишлаш ва сотиш кундан-кунга ривожланмоқда. Шу кунга қадар бу йўналишда 3 та малиначилик кластери ташкил этилди. Улар ташаббуси билан Қизилқўрғон массивида 300 гектардан ортиқ самарасиз боғлар ўрнида янги малиназорлар ташкил этилди.
— Бунинг ҳисобига ҳар йили 30 тоннадан ортиқ ҳосил олиш имконияти яратилди, — дейди “Ал-Водил” кластер хўжалиги раҳбари Насибулло Расулов. — Шу кунга қадар, Белорусдан маданийлаштирилган ўн минг туп кўчат олиб келинди. Бу навларнинг серҳосил, меваси йирик ва қаттиқ, узоқ вақт ўз хусусиятини йўқотмаслиги билан ажралиб туради. Маҳсулотни сақлаш учун сиғими 300 тонна бўлган музлаткич қуриб, ишга туширдик. Бу истеъмол бозорига йил давомида шифобахш маҳсулот етказиб бериш имкониятини беради.
Сирасини айтганда, Фарғона туманида қулоч ёйган “Бир ҳудуд-бир маҳсулот” тамойилига кўра, яна 15 та маҳалла фуқаролар йиғинидаги 7,5 минг хонадонда 355 гектар томорқа майдонлари малиначиликка ихтисослаштирилади.
Расулжон КАМОЛОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири