Энг муҳими, жамият ҳаётини янги эзгу ғоялар билан бойитиб, халқнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлигига асосланган янги маънавий-руҳий маконни яратишда маънавият катта куч бўла олган. Айнан ана шу макон одамлар қалби ва онгида миллатпарварлик, ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаб, жамиятни юксак тараққиёт йўлига бошлайдиган янги уйғониш тўлқинларини юзага келтирган.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Ўзбекистоннинг янги уйғониш даврини яратишга киришар эканмиз, ҳар бир юртдошимизнинг қалби ва онгида маънавият шуъласи порлаши ва у бизни эзгу ишларга ундаб, юксак масъулият туйғуси билан яшашга даъват этиб туриши зарур”.
Жамиятдаги маънавий янгиланишлар ҳар бир инсонни қалбан-руҳан эзгу мақсадлар йўлида бирлаштиришга хизмат қилади. Бу йўлда миллий ғоя, миллий маънавият ҳар бир халқнинг амалий дастурига айланади. Бирлашган жамият юксак метин қоядек собит туради, бирлашолмаган жамият қумдай сочилиб кетиши мумкин. Ҳар бир мамлакатни, аввало, бирлашган фидойилар юксалтиради! Янги йилнинг дастлабки кунлари ана шундай ойдин ниятлар билан бошланди. Ўтаётган кунлар ҳаётимизни ҳар томонлама таҳлил қилишни тақоза этмоқда. Шукроналар бўлсинки, бизнинг сарҳисоб қиладиган, хулоса чиқарадиган, ибрат оладиган қадриятларимиз етарли. Айниқса, кейинги йиллар мустақил юртимиз тарихида алоҳида қайд этиладиган ёрқин воқеаларга бой бўлди.
Бугунги кунда “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган улуғвор мақсад кун тартибига қўйилди. Тараққиётнинг янги даври талаблари асосида мамлакатимизда амалга ошириладиган энг муҳим вазифалар белгилаб олинди.
Мамлакатимизни ривожлантириш бўйича қабул қилинган Тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган устувор вазифалар Ўзбекистоннинг янги Ренессансига – янги Уйғониш даврига мустаҳкам пойдевор бўлиши лозим. Ана шу маънода бундан бир йил муқаддам, айнан 19 январь куни Ўзбекистон республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат Кенгашининг илк йиғилиши мамлакатимиз тараққиётида янги бурилиш даврини бошлаб берганлигини алоҳида таъкидламоқ жоиз. Унда маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини мустаҳкалаш, Республика Маънавият ва маърифат марказининг мувофиқлаштирувчи ролини кучайтириш, соҳада илмий ёндашувни кенг жорий этиш, илғор ташаббусларни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ чоралар белгиланди.
Мафкуравий ишлар борасида давр талабларини ўзида мужассам этган йўналишлар асосида қабул қилинган 2021 йил 26 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”, яна шу куни “Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида” қарорлари, 2021 йил 3 июнда Вазирлар Маҳкамасининг “Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар иниститути фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” ги қарори Ўзбекистонда маънавий-маърифий ишларни тизимли йўлга қўйиш, мувофиқлаштириш борасида янги йўналишни яратишга асос бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 мартдаги “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори асосида барча вазирлик ва идораларда Маънавият ва маърифат кенгашлари тузилди. Мазкур кенгашлар фаолиятини мувофиқлаштириб бориш бўйича икки томонлама “Йўл харита”лари ишлаб чиқилиб, маънавий-маърифий ишларнинг янги тизими амал қила бошлади. “Йўл харита”ларида белгилаб қўйилган тадбирларни бугунги кун талаблари даражасида амалга ошириш мақсадида илк бор мамлкатимиздаги 109 та вазирлик, идора ва ташкилотлар Республика Маънавият ва маърифат маркази билан, 630 дан зиёд корхона ва ташкилот Марказнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят бўлимлари билан, 5175 дан зиёд корхона ва ташкилотлар туман бўлинмалари билан икки томонлама ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши маънавий-маърифий соҳада янги тизим яратииш борасидаги биринчи қадамлар бўлди.
Давлат хизматларини ривожлантириш агентлиги ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини баҳолаш индикаторлари (KPI) ишлаб чиқилди. Мазкур индикаторлар асосида ҳудудларда маънавий-маърифий ишлар ҳолатини мунтазам баҳолаб бориш йўлга қўйилмоқда.
Мамлакатимизда маънавий-маърифий соҳада янги тизим яратиш, жойларда тарғибот-ташвиқот ишларининг самарадорлигини оширишга кўмаклашиш бўйича 30 нафар олим, ижодкор ва мутахассислардан иборат Марказ қошида Республика экспертлар гуруҳи ташкил этилди.
Ўрганиш натижаларига кўра маънавий-маърифий соҳага масъул ходимларнинг малакасини оширишга қаратилган махсус ўқув курслари ташкил этиш, соҳа вакилларининг методик таъминотини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Ижтимоий тармоқлардан самарали фойдаланган ҳолда вилоят “Маърифат” тарғиботчилар жамияти аъзоларини маънавий-маърифий тарғиботи бўйича фаоллигини ошириш, тарғибот тадбирлари ва материалларни ижтимоий тармоқлар орқали ёритиш янада жадаллаштирилди. Корхона, ташкилот, муассаса ва бошқа тузилмаларда маънавият масалаларига жамоатчилик асосида бириктирилган масъулларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг малакасини ошириш ишлари йўлга қўйилди.
Ҳеч кимга сир эмас, ҳозирги глобаллашув даврида дунё майдонида ҳамма соҳаларда кескин кураш ва рақобат тобора аёвсиз тус олмоқда. Айрим давлатлар, сиёсий марказлар томонидан бошқа мамлакатларни ўз таъсир доирасига олиш, озодлик руҳини синдириш, мустақиллигини тизгинлаш, айниқса, ёшларнинг онгу тафаккурини эгаллаш орқали тараққиёт ва барқарорлик, миллий бирлик ва ҳамжиҳатлик илдизларига болта урувчи манқуртларга айлантирмоқда. Бу йўлда ҳавойи ёрлиқлар ёпиштирилган ёлғон ва пуч даъволар асосида турли усул ва воситаларни қўллашга, жуда катта куч, маблағ ва имкониятлар сафарбар этиляпти.
Мана шундай мураккаб шароитда миллий ўзлигига эга бўлмаган, маънавий ҳамжиҳатликка эришмаган мамлакат моддий ва маънавий бойликларини, энг ёмони, мустақиллигини бой бериб қўйиши ҳеч гап эмас. Бунга ўтмишдан ҳам, бугунги кунимиздан ҳам истаганча мисоллар келтириш мумкин. Ана шундай шароитда тарғиботнинг тезкор, замонавий усулларидан фойдаланмасдан мақсадга эришиши қийин. Шу маънода Республика Маънавият ва маърифат маркази қошида “Oyina.uz” электрон портали ташкил этилиб, Рақамли тарғибот бўлими фаолияти йўлга қўйилди ва улар жадал фаолият юритмоқда.
Давлатимиз раҳбари “Янги Ўзбекистон стратегияси” асарида “...тарғибот-ташвиқот ишларида аҳолининг ҳудудий, касбий ҳамда ёш хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда мутаносиб, мақсадли ва мазмунли ёндашувни жорий этиш тартибини яратиш ва уни амалиётга қўллаш механизмини такомиллаштириш” (283-бет) вазифасини белгилаб берган эди. Албатта, мақсадга эришиш учун ҳудудий бўлимлар зиммасига янги масъулият ва мазмун юкланиши табиий. Уларнинг фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида Марказнинг ҳудудий бўлим ва бўлинмаларига жами 303 та (шундан ҳудудий бўлимларга 28 та, туман/шаҳар бўлинмаларига 275 та) қўшимча штат бирлиги ажратилиб, мазкур штат бирликлари тегишли мутахассислар билан тўлдирилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 3 июндаги “Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида” Қарори билан Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти ташкил этилди. “Тафаккур”, “Маънавий ҳаёт” журналлари ҳамда “Маънавият” нашриёти Марказ тасарруфига ўтказилиб, улар фаолиятини ривожлантириш чоралари кўрилди.
Ўтган вақт давомида Қурилиш вазирлиги томонидан “Маънавият ва маърифат маскани”нинг намунавий лойиҳаси ишлаб чиқилиб, 2021 йил учун ҳудудлар кесимида 48 та туман/шаҳарларда Маънавият ва маърифат масканларини фойдаланишга топшириш бўйича ташкилий-қурилиш ишлари олиб борилди. Бугунги кунда 27 та туман/шаҳарларда Маънавият ва маърифат масаканлари фойдаланишга топширилди.
Маънавий-маърифий ва тарбиявий ишларни намунали йўлга қўйиш бўйича анъанавий тарзда ўтказилиши режалаштирилаётган “Энг намунали вазирлик ва ва идора” ҳамда “Энг намунали туман ва шаҳар” танловлари ўтказилди. Танловда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар Маънавият ва маърифат кенгашлари тавсияси асосида 14 та туман/шаҳар ҳамда 20 та вазирлик ва идоралар ўз аризалари асосида иштирок этди.
Жорий йилнинг июнь-август ойларида танлов иштирокчиларининг маънавий-маърифий йўналишдаги фаолияти ўрганилиб, ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Танлов ғолибларини тақдирлаш учун 3 дона “Дамас” автомобили ҳамда 101 миллион сўмлик китоблар тўплами харид қилинди. Танлов ғолибларини тақдирлаш маросими 2021 йил 15 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат маркази катта мажлислар залида ўтказилди.Танловда Махсус комиссиянинг ўрганиш натижаларига кўра Қорақалпоғистон Республикси Элликқалъа ва Фарғона вилояти Бувайда туманлари 1-ўринни эгаллади. Вазирлик ва идоралар ўртасида эса Мудофаа вазирлиги 1-ўринга муносиб кўрилди. Танлов ғолибларининг тақдирланиши барча вазирлик ва идоралар, туман ва шаҳарларда маънавий-маърифий ишларни ривожланишига кучли таъсир кўрсатди.
Мактабгача таълим, халқ таълими, олий ва ўрта махсус таълим соҳасидаги маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, бу борада бошқа ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ягона тизим ишлаб чиқилди. 2021 йил 1 апрелдан бошлаб барча олий таълим муассасалари ва уларнинг филиалларида Ёшлар билан ишлаш бўйича проректор лавозими негизида Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор лавозими жорий этилди. Республикадаги барча умумтаълим мактабларининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари фаолиятини ўқув йили якунига кўра кенгаш муҳокамасига киритиш тартиби йўлга қўйилди. Хусусан, 2020–2021 ўқув йили якуни бўйича 7565 нафар директор ўринбосарининг фаолияти кўриб чиқилиб, шундан 520 нафари яхши, 6911 нафари қониқарли, 144 нафари эса қониқарсиз деб топилиб, улар фаолиятини кучайтириш бўйича тегишли чоралар кўрилди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмасининг “Умумий ўрта таълим муассасаларида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи лавозимини жорий этиш тўғрисида”ги Қўшма қарори қабул қилинди. Ҳудудий танлов комиссиялари хулосасига кўра, 10 008 та умумтаълим мактабларига ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи тайинланди. Улар учун намунавий дастур ишлаб чиқилди. Шунингдек, Таълим муассасаларидаги тарбияси оғир ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналари билан эл-юрт ҳурматига сазовор фахрий авлод вакиллари иштирокида “Авлодлар учрашуви” лойиҳаси, “Бир маҳаллага бир зиёли маънавий ҳомий” ҳамда “Бир нуроний – беш нафар ёшга мураббий” тамойиллари асосида профессор-ўқитувчилар, ижодкор зиёлилар, ижтимоий фаол нуронийларни жалб қилган ҳолда “маҳаллабай” ишлаш тизими яратилди.
Албатта, эртанги кунимиз ворисларини ҳар томонлама етук шахслар этиб тарбиялашда тарих энг катта мактабдир. Шонли тарихимизни билиш, аждодоларимиз билан фахрланиш фарзандларимизда миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини кучайтиради. Бу йўналишда ҳам кўплаб тадбирлар ташкил қилинди. Жумладан, Республика Маънавият ва маърифат кенгашида берилган топшириқлар асосида ҳамкор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 685 йиллигига бағишлаб “Амир Темур – дунё олимлари ва адиблари нигоҳида” мавзусида халқаро илмий-амалий конференцияси ўтказилди. Унда Франция, Германия, Россия, Туркия, Миср, Уммон султонлиги, Эрон, Покистон, Озарбойжон каби дунёнинг 14 та мамлакатидан Амир Темур ва Темурийлар даври илм-фани, маданияти, тарихи бўйича илмий тадқиқотлар олиб бораётган 17 нафар меҳмон ҳамда 60 дан зиёд маҳаллий олимлар қатнашди.
Ҳозирда “Жалолиддин Мангуберди изидан” илмий экспедицияси ташкил этилди. “Жалолиддин Мангуберди тарихининг янги саҳифаларини ўрганиш” мавзусида халқаро илмий-амалий конференцияни ўтказиш бўйича ташкилий чоралар кўрилмоқда. Конференцияда иштирок этиш истагини билдирган 15 дан зиёд хорижий мамлакатлардан 20 га яқин олим ва мутахассислар билан ҳамкорлик мулоқоти олиб борилмоқда.
Миллий қадриятларимизни тарғиб қилиш, уларни мазмунан бойитиб, замонавий имджини юксалтириш соҳасидаги ишлар юртимиздаги маънавий муҳитнинг жозибадорлигига ижобий таъсир этмоқда. Республика экспертлар гуруҳи томонидан ҳудудларда Республика Маънавият ва маърифат кенгашида белгиланган вазифалар ҳамда 2021 йилда соҳага оид норматив ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини ташкил этишга кўмаклашиш мақсадида ҳудудларда семинар-тренинглар ҳамда маҳорат дарслари ташкил қилинди.
Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларда жами 52 та семинар-тренинг ташкил этилди. 15 та туманда ҳудуддаги тегишли соҳа бўйича ҳоким ўринбосарлари, ректорлар, мактаб директорлари, профессор-ўқитувчилар ва ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчилар иштирокида маънавий-маърифий тарғибот ишларини ташкил этиш бўйича “Маҳорат дарси” ўтказилди.
Марказ ва унинг ҳудудий бўлимлари томонидан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда нодавлат телеканаллар билан ҳамкорликда 170 дан зиёд кўрсатув ва интервьюлар тайёрланиб, эфирга узатилди.
Албатта, кўрсатилаётган эътибор натижасида маънавий-маърифий ишлар жонланганлигини кўриб турибмиз. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Давлат тили, Давлат байроғи қабул қилинганининг 30 йиллиги ва Давлат мадҳияси тўғрисидаги қонунлар қабул қилинган кунларни илк бор оммавий байрам сифатида муносиб нишонлаш бўйича ўтказилган тадбирлар халқимиз, хусусан, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда маънавий-маърифий ишлар қанчалар катта аҳамиятга эгалигини кўрсатди. Бу байрамни нафақат мамлакатимизда, хорижий давлатлардаги элчихоналаримиз, Ўзбекистондан ташқарида таълим олаётган, меҳнат қилаётган фуқароларимиз, ўзга юртлардаги ватандошларимиз томонидан ҳам муносиб ва жўшқин руҳда нишонланганлиги бундай тадбирларни халқимизни миллий юксалиш ғояси атрофида жипслаштиришдаги ўрнини яна бир карра намоён этди. Тўғриси, бу байрам жамиятмиздаги муҳитни маълум бир маънода ўзгартирди. Одамларимиз байроқ, мадҳия ва бошқа давлат рамзлари ҳаётимизда миллий ғурур ва ифтихор, туйғуларини жўш урдирувчи қудратли восита эканлигини қалбан ҳис қилишди. Очиғи мен ҳам бундан ғурурландим.
Бу тадбирлар албатта яхши. Шу билан бирга бизга халқимизнинг ватанпарварлик руҳини янада кўтариш ва барқарорлигини таъминлаш, айниқса, ёшларни миллий юксалиш ғояси руҳида тарбиялаш мақсадига қаратилган узлуксизлик, мунтазамлик асосига қурилган алоҳида, мустаҳкам тизим керак.
Бугунги ҳаётнинг ўзи биздан янгича фикрлашни, янгича ишлашни талаб қилмоқда. Афсуски, кўпинча биз маънавият иши деганда одамларни тўплаб маъруза қилишни тушунамиз. Аслида-чи? Ҳаётимизнинг бирор бир жабҳаси, бирор бир они йўқки, у маънавиятсиз амалга ошириладиган бўлсин. “Алоҳида таъкидлаб кўрсатмоқчиманки, – деб ёзади муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ”Янги Ўзбекистон стратегияси“ китобида, – агар кимки маънавият масаласи, бу – фақат Маънавият маркази ёки тегишли вазирлик ва идораларнинг иши, деб ўйласа, катта хато қилади. Буларнинг ҳаммаси давлатимиз ва жамиятимизнинг, барча раҳбарларимиз, бизнинг ишонган тоғимиз бўлган илғор зиёлиларимиз, барча-барчамизнинг энг асосий ва муҳим вазифамиздир” (280-бет). Энди фақат ҳисобот учун мажлис ўтказиш, аудиториянинг ёш хусусиятлари, хабардорлик даражасини, маънавий эҳтиёжларини ҳисобга олмаган ҳолда, ҳаммага бир хил ёндашиш, тайёргарлик кўрмасдан зерикарли оммавий маърузалар қилиш даври ўтди. Тадбир ўтказавериб, одамларни мажлислардан бездириб ҳам қўйдик. Унинг қандай самара бераётгани билан қизиқмадик.
Давр ўзгарди, халқимиз, ёшларимиз бугун янгича фикрлаяпти. Энди маънавий тадбирларда мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурлари мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламларига етказишга қаратилган тарғибот ишларини изчил амалга ошириш бўйича янги замонавий тарғибот технологияларига ўтишимиз керак. Одамларга дунёда юз бераётган мураккаб геосиёсий ва ғоявий-мафкуравий жараёнларнинг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам ҳар томонлама чуқур маълумот ва тушунчалар бериб бориш муҳим аҳамиятга эга. Айниқса, терроризм, диний экстремизм, ақидапарастлик, одам савдоси, “оммавий маданият”, наркобизнес каби таҳдидларга қарши биргаликда курашишнинг самарали механизмларини, инновацион усулларини ишлаб чиқишимиз лозим.
Жамиятимизнинг барқарор ривожланишига тўсқинлик қилаётган эл-юрт тақдирига лоқайдлик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик, оилавий қадриятлар ва ёшлар тарбиясига эътиборсизлик каби ички иллатларга барҳам беришга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга оширишимиз керак.
Бу ишларни жойларда ташкил қилиш ва мувофиқлаштириб боришда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, барча бўғиндаги ҳокимлар – ҳудудлардаги Маънавият ва маърифат кенгашларининг раисларидан жуда катта масъулият талаб этилади. Шунинг учун, аввало, ҳудудий кенгашлар фаолиятини танқидий кўриб чиқиб, ишни тўғри йўлга қўйиб олишимиз керак.
Афсуски, аксарият ҳокимлар зиммасидаги бундай ўта масъулиятли вазифани етарли даражада ҳис қилишмаяпти. Уларнинг кўпчилиги ўзлари раҳбарлик қилаётган ҳудудда юзага келган маънавий муҳитдан етарли даражада хабардор эмас. Бу борадаги муаммоларни чуқур ўрганмаган ва уларни ўз вақтида бартараф этиш чораларини кўрмаган. Қачонки, вазият издан чиқиб, қандайдир кўнгилсиз воқеа юз берсагина, улар ҳаракатга тушиб қолишади. Лекин бундан кимга фойда?
Ҳар бир раҳбар маънавий-маърифий ишларни зиёли-олимлар, фидойи ватандошларимиз, жамоатчилик билан ҳамкорликда йўлга қўйган бўлса, ўша жойда жиноятчилик, турли экстремистик ва террористик оқимларга адашиб қўшилиб қолиш ҳолатлари, миллий қадриятларга эътиборсизлик, эрта турмуш қуриш ва оилавий ажрим каби салбий ҳолатлар камая боради.
Шунинг учун Республика, вилоят ва туман Маънавият ва маърифат кенгашлари мажлисини ҳар ярим йилда бир марта ўтказишни қатъий белгилаб қўйдик. Шу йўл билан ҳокимларнинг ҳудуддаги маънавий-маърифий муҳитни ўрганиб, мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш борасидаги масъулиятини ошириш кўзда тутилган эди. Бироқ, афсуски, бир қатор вилоят, туманлар ҳокимлари ҳалигача буни тушуниб етгани йўқ.
Ёшларни миллий ва умумбашарий қадриятларга содиқ, жисмонан соғлом, маънан етук, дунёқараши кенг, ўз мустақил фикрига эга бўлган баркамол авлод этиб тарбиялашга қаратилган узоқ муддатли, кенг кўламли маънавий-маърифий ҳамда тарбия дастурларини ишлаб чиқишимиз зарур.
“Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси” асосий ҳаракатлантирувчи кучга айланиши, бу борада куч ва маблағни сира аямаслигимиз керак.
Япония, Жанубий Корея, Сингапур каби давлатлар қандай қилиб, ниманинг ҳисобига жаҳоннинг энг ривожланган давлатлари қаторига кирди? Ваҳоланки, бу давлатларнинг табиий қазилма бойликлари деярли йўқ. Барча хом-ашёни хориждан сотиб олади. Демак, аввало, ёшлар қалбида улуғ Ватанимизга, миллий ғоямиз, маънавиятимиз, миллий қадрият ва бой меросимиз, она тилимиз, давлат рамзларимизга нисбатан буюк муҳаббатни шакллантиришимиз зарур. Токи, ватанимизнинг эртанги келажаги бўлган ҳар бир ёш йигит-қиз бу улуғ тушунчаларни мустақилликни асрагандай асрай билсин! Ёшлар буюк қадриятларнинг ҳимоячисига айланиши керак!
Биз бугунги кунда фарзандларимиз тарбияси, ёшлар камолоти йўлида жуда кўп ишларни амалга оширяпмиз. Лекин натижа ва самара ҳали қониқарли эмас. Таҳлилларга кўра, 60 фоиздан зиёд ота-оналар фарзандларига етарли даражада тўғри тарбия беришни билмайди. Баъзи мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларида эса тарбия масаласига эътибор ҳамон паст даражада қолмоқда.
Маълумки, инсон маънавияти ўзгариб туради. Шундай экан, маънавият иши биз учун ҳар куни, ҳар соатда, керак бўлса, ҳар нафасда шуғулланишимиз лозим бўлган ҳаётий муҳим масалага айланиши керак. Бу соҳада кичкина, арзимаган ишдек туюлган ҳолат ҳам эртага катта муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Маънавият соҳасида бирор бир ишни қилиб бўлдим, деб хотиржамликка берилиш ярамайди. Мана шуни ҳаммамиз яхши англаб олишимиз керак.
Минҳожиддин ҲОЖИМАТОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари