Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорида миллий мустақиллик Ватанимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётида бутунлай янги даврни бошлаб берган унутилмас воқеа экани алоҳида таъкидланди. Дарҳақиқат, ўтган тарихан қисқа вақт давомида элимизнинг фидокорона меҳнати ва қатъияти билан миллий ўзлигимиз, қадимий тарихимиз, эзгу қадрият ва анъаналаримиз қайта тикланди. Давлат ва жамият ҳаётининг туб асослари ўзгариб, мамлакатимиз дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнига эга бўлди.
Миллий мустақилликнинг нақадар эъзозли, қанчалар азиз эканини мустабид тузум заҳматларини кўрган, унинг оғир изтиробларини бошидан ўтказган, ўз эрки ва озодлигини йиллар давомида орзу қилиб келганлар яхши билади. Ҳақиқатан ҳам, ўзбек халқи не-не машаққатларни бошидан кечирмади. Айниқса, собиқ мустабид тузум даврида миллий давлатчилик асосларининг йўқ қилиниши, иқтисодиётнинг хомашёга йўналтирилган бир ёқлама ривожланиши, олти миллион тонна пахта етиштириш дардида шаклланган экологик фалокатлар, Оролнинг бир авлод кўз олдида қуриши – буларнинг бари биз учун катта ҳаёт сабоғи.
Мустабид тузум шароитида бой берилган энг катта йўқотишлар миллий маданият, миллий тарбия жабҳаларида юз берди. Турли баҳоналар, миллатчилик, айрмачилик, сохта байналмилаллик каби ўзбек халқи учун мутлақо бегона бўлган айблар билан минглаб миллий зиёлилар жисмонан ва руҳан йўқ қилинди. Миллий қадриятлар, анъаналар, байрамларимизга сиёсий тамғалар қўйилди.
Ана шу нуқтаи назардан, 1991 йил ўзбек халқи тақдирида, ҳеч шубҳасиз, оламшумул, асрларга татигулик сана ҳисобланади. Ўзбек халқи энди қаддини ростлай бошлади, ўз озодлиги, эркига, ўз овози, тилига эга бўлди. Бутун жаҳон Ўзбекистонни таниди, уни тан ола бошлади.
Айниқса, сўнгги олти-етти йил давомида юртимизда рўй берган ва бугунги кунда шиддат билан давом этаётган туб ўзгаришлар, халқ манфаати йўлида амалга оширилаётган ислоҳатлар бир томондан халқимиз, бошқа тарафдан дунё ҳамжамияти томонидан хурсандчилик билан кутиб олинаётганидан даракдир. Энг муҳими, барча соҳаларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари бугун ўзининг реал натижаларини кўрсатмоқда. Халқимизнинг мамлакат раҳбари томонидан олиб борилаётган ва чуқур ўйланган стратегик вазифаларни бажаришга йўналтирилган фаолиятидан розилиги, келажакка бўлган кучли ишонч – бу, энг катта ютуғимиз.
Мустақиллик йилларида биз эришган энг залворли муваффақиятларимиздан бири, шубҳасиз, таълим-тарбия, маънавият ва маърифат соҳасидаги натижаларимиздир. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мустақиллик йилларида, айниқса, кейинги йиллардаги барча ютуқ ва муваффақиятларимиз силсиласида маънавият ва маърифат соҳасининг улуши жуда катта.
Таъбир жоиз бўлса, маънавият бугун жамият ҳаётини янада барқарорлаштирувчи, миллий тараққиётни таъминловчи, турли миллат ва элат вакилларини ягона мақсад – Янги Ўзбекистонни барпо этишга йўналтирувчи маёқ, халқимизни бугунги шиддат билан ривожланаётган дунёда тобора кўпайиб, урчиб бораётган кўплаб таҳдид-у хатарлардан асраб қолувчи феномен ҳодисага айланди. Бекорга мамлакат раҳбари “Ҳеч қачон унутмаслигимиз керак: маънавият – бу, аввало, инсонлар ўртасидаги ўзаро ишонч, ҳурмат ва эътибор, халқ ва давлат келажагини биргаликда қуриш йўлидаги эзгу интишлар, ибратли фазилатлардир. Бир сўз билан айтганда, маънавият – жамиятдаги барча сиёсий-ижтимоий муносабатларнинг мазмуни ва сифатини белгилайдиган пойдевордир. Бу пойдевор қанча мустаҳкам бўлса, халқ ҳам, давлат ҳам ҳам шунча кучли бўлади”, деб таъкидламаган эди.
Ҳа, ҳақиқатан ҳам, ана шу эзгу интилишлар ва ибратли фазилатлар мамлакатни кучли, жамиятни янада барқарор, одамларни масъулиятли, иродали, ахлоқан етук этиб шакллантирувчи буюк куч ҳисобланади. Бугун маънавият аслида юқорида зикр этилган қарорда таъкидланган “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун” деган шиорни ижтимоий ҳаракатга айлантирадиган, мутлақо халқ манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ислоҳотлар жараёнини янада тезлаштирадиган омилга айланди.
Яна ҳам бошқачароқ айтадиган бўлсак, маънавият фақат тарбия, одамларга панд-насиҳат қиладиган соҳа эмас. Маънавиятнинг ижтимоий функциялари тобора кенгайиб бораётганини ҳам эътиборга олиш лозим. Бугун маънавият иқтисодиёт соҳасида ҳалоллик, ростлик, халқ мулкини муҳофаза этувчи, ижтимоий соҳада аҳоли ҳаётини обод этувчи, таълим соҳасида жамиятни янада инсонийлаштиришга, кишилар қалбини поклантиришга хизмат қиладиган, сиёсат бобида кишилар ижтимоий онгига тинчлик, озодлик уруғини сепувчи беназир кучга айланди.
Бундан шундай хулоса қилиш мумкинки, маънавиятнинг вазифалари тобора кенгайиб бормоқда. Унингсиз энди на кучли мамлакатни, на барқарор жамиятни ва на юксак эътиқодли, ахлоқан пок инсонларни тарбиялаб бўлади. Масаланинг яна бошқа жиҳатига ҳам эътибор бериш лозим. Гап шундаки, бугунги шиддатли дунёда манфаатлар кураши тобора кучайиб бораяпти. Турли хатарли мафкуралар ва ғоялар мамлакатлар ва миллатларни бир-бирига қарши қўймоқда. Жаҳоний глобаллашув эса инсоният учун беқиёс янги имкониятлар билан бирга, кутилмаган муаммоларни ҳам қалаштириб ташламоқда. Муболағасиз айтиш мумкинки, бугун башарият катта ҳавф остида қолмоқда. Буни кўрмаслик ва сезмаслик асло мумкин эмас.
Ана шундай таҳликали замонда оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда, Интернет тизимида бугун тарбия соҳасига, маънавият ва маърифатга кераксиз жабҳа, дея қаровчиларнинг борлигини биз мавжуд таҳдидларни кўрмаслик, келажакни тасаввур эта олмаслик, деб биламиз. Нима эмиш, “шахс тарбиясига аралашиш унинг эркинлигини чеклаш” эмиш.
Шу ўринда мамлакат раҳбарининг қуйидаги фикрларига қулоқ тутишни тавсия этган бўлардик: “Афсуски, ҳали орамизда миллий ғоя ва маънавиятнинг моҳиятини тўлиқ англаб етмаган, “маънавият ўзи керакми-йўқми”?, деб юрганлар ҳам бор. Миллий ғоя деганда эски совет мафкурасини хаёлига келтириб, “лабига учуқ тошадиганлар” ҳам йўқ эмас”.
Энди ўша “маънавият бизга керакми”, деганларга баъзи фикрларимизни айтсак. Маънавият ва маърифатнинг жамият ва давлат манфаатлари, инсон камолоти учун нечоғли зарур экани – бу аксиома. Аммо, масаланинг бугун баъзи ҳолларда кескин тус олаётганини эътиборга олсак, маънавиятсиз энди на Янги Ўзбекистонни ва на Учинчи Ренессансни барпо этиш мушкул эканини англаш даври келди, деб ўйлаймиз. Хўш, маънавият бугун нима учун керак?
Биринчидан, маънавият кишиларни фикрий ва маънавий мудроқликдан қутқаради. Айрим одамларда жамиятда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни таҳлил эта олиш кўникмаси мавжуд эмаслигини, бу эса уларда юз бераётган ислоҳотлар мазмун-моҳиятини теран англашга халақит қилаётганини сезиш мумкин. Назаримизда, бу нарса ўша одамларда фикрсизлик ҳолатидаги кемтиклик туфайли содир бўляпти.
Маълумки, фикр арабчадан ғоя, ақл, ўй, мулоҳаза деган маъноларни билдиради. Фикр юритиш бирор хулосага келиш учун нарса ва ҳодисаларни таққослаш, ўйлаш, мулоҳаза қилиш, хулоса чиқаришдир. Шунингдек, фикр ҳаёт, жамият, табиатни тушуниш йўсини, дунёқараш, маслакка эришиш йўлидаги муҳим босқич ҳисобланади.
Фикрлаш инсонга хос хусусият. Ҳар бир шахс фикрлайди, содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга баҳо беради, ўз фаолиятини белгилайди, хулоса чиқаради. Бир сўз билан айтганда, инсон бошқа жонзотлар дунёсидан ўз фикрига эга бўлгани билан ажралиб туради. Фикрсиз инсонни одатда асосан ҳиссиёт бошқаради.
Бу эса ўша инсоннинг бошқалар фикри билан фаолият кўрсатишига ундайди. Яъни фикрсиз киши аслида фикр қарамлигига учраган одам. Фикр ва маънавий қарамлик – кишилар фикри, тафаккури устидан муайян ғояларнинг ҳукмрон мавқега эгалигини, инсоннинг содир бўлаётган воқеалар, ижтимоий-сиёсий жараёнларни мустақил баҳолаш имкониятидан маҳрум бўлганини ифодалайдиган тушунча ҳисобланади.
Фикрсизлик инсонни тафаккур қуллигига олиб боради. Маънавият ўша фикрсизлик ҳолатини бартараф этадиган кучдир. Аслида оломонлик ва жоҳилликнинг мавжудлиги ҳам фикрсизлик натижасидир. Шу маънода, фикрсизликни маънавий ўлим, дейиш мумкин. Маънавият кишида ўзини ўзи бошқариш кўникмасини шакллантиради, ҳар биримизда танқидий таҳлил қилишга кенг имконият яратади.
Шу маънода, биз бугун Учинчи Ренессанс пойдеворини қуришга киришар эканмиз, унинг икки муҳим жиҳати – ёшларда мантиқий фикрлаш ва юксак ахлоқий сифатларни шакллантиришга эътибор беришимиз жуда муҳим. Қотиб қолган эски фикрлар, бир қолипдаги қарашлар, кимнингдир нуқтаи назари асосида қабул қилинган хулосалар аслида фикрий қарамлик, маънавий мудроқликдан бошқа нарса эмас.
Иккинчидан, маънавият бизга инсонни ахлоқий тубанликдан қутқариш учун зарур. Агар маънавият ва ахлоқ уйғунлигига эришмас эканмиз, бу борадаги барча қарашларимиз, хатти-ҳаракатларимиз зое кетаверади. Шу ўринда “Ғарбнинг ўлими” асаридаги қуйидаги иқтибосни жуда ўринли, деб билдик: “иқтисодий, ҳарбий, ижтимоий, сиёсий, илмий ва технологик тараққиётнинг юксак чўққисига кўтарилган Ғарб тамаддуни янги мингйилликнинг бошига келиб, тарихий ривожланишнинг ғоят зиддиятли ва мураккаб босқичини бошидан кечираётгани, азалий қадриятлар ўрнини фақат шахсий манфаат, айш-ишрат, ҳузур-ҳаловат майлларига йўғрилган “янги ахлоқ ва эътиқод” эгаллаётгани, ахлоқий қадриятлар ҳуқуқий меъёрлар билан алмаштирилаётгани, бир сўз билан айтганда, Ғарб тамаддунининг демографик, миллий-этник ҳамда маънавий асослари емирилаётгани, ҳатто Америкадек қудратли давлат ҳам давр таҳдидларига дош бера олмаётгани тобора яққол кўзга ташланмоқда. Ғарб мамлакатлари ҳаётининг турли соҳаларида юз бераётган жараёнларни холисона тадқиқ этаётган олим-мутахассислар асрлар мобайнида Ғарб давлатлари тараққиётини белгилаб берган либерализм таълимоти замон талабларидан ортда қолаётгани, ғарбона индивидуализмнинг таъсирида жамоавий масъуллик барҳам топаётгани, жамиятдаги ижтимоий, сиёсий, маданий табақалашув хатарли тус олаётгани, эркинлик – масъулиятсизликка, плюрализм эса – турли халқлар қадриятларининг қоришувига олиб келаётгани, сирасини айтганда, Ғарб тамаддуни ғоявий-назарий ва мафкуравий жиҳатдан боши берк кўчага кириб қолаётганини таъкидламоқдалар”.
Дарҳақиқат, бугун ўз ахлоқий қадриятларига, миллий анъаналарига бефарқлик билан қараётган ҳар қандай давлат ёки миллат – хоҳ у катта бўлсин, хоҳ кичик –худди чирмовуқдек ўраб келаётган мафкуравий таҳдидлар, ғоясизликлар олдида ожиз бўлиб қолмоқда. Ана шунинг учун ҳам бугун мамлакатимиз раҳбари миллий ахлоқимизни бузишга, миллийлигимизга мутлақо бегона бўлган зарарли ғоялар, тушунча ва қарашлар чегарани бузмасдан, билдирмасдан, таъбир жоиз бўлса, “чақирилмаган меҳмон” бўлиб хонадонимизга, жамиятимизга, энг ёмони, мурғак болаларимизнинг покиза қалби ва юрагига кириб келаётган таҳдидлардан ҳимояланиш бутун жамиятнинг вазифасига айланганини таъкидламоқда.
Юксак маънавиятимизнинг ўқ илдизи ахлоқ ҳисобланади. Агар бугун маънавият ва маърифат тўғрисида гапирар эканмиз, аслида бунда биз юксак ахлоқийликни гапирган бўламиз. Ахлоқийлик – бу, энг аввало, реал ҳаётда ҳар бир инсоннинг ўз бурчини бажариши, виждон азобисиз яшаши, ҳар бир ҳаракатида ўз шахсий ва жамоавий масъуллик ҳиссини сезиш ҳамда унга амал қилишдир.
Ахлоқийлик инсон томонидан ўзини гўзал одоб ва хулқлар билан безаш, зийнатлашдир. Ахлоқ тарбия, билим олиш, маданиятли бўлиш, масъулиятни ҳис этишдан тортиб то жамиятда беадабликка йўл қўймаслик, нафсни жиловлаш, ўзгалар қалбига озор бермасликкача бўлган ўта мураккаб босқичларни босиб ўтиш натижасидагина шаклланиши мумкин.
Шунинг учун ҳам биз маънавият тўғрисида фикр юритар эканмиз, аввало, хаёлимизда, онгу шууримизда ахлоқ феномени туради. Маънавиятимизнинг юксаклиги ахлоқимизнинг даражаси билан ўлчанади. Бугунги тез суръатда ривожланиб бораётган даврда айрим кишиларда моддиётпарастлик сифатлари тобора кенгайиб бориши, жамият манфаатларини менсимасдан, ўз “индивидуализми”га эрк берилиши, миллий қадриятларни очиқдан-очиқ менсимаслик, нафс қулига айланишлар – буларнинг бари аслида ахлоқсизликнинг, демакки, маънавиятсизликнинг энг замонавий кўринишларидир.
Бугун, айниқса, айрим юртдошларимизда осон йўллар билан бойлик орттириш, нафс исканжасига тушиб қолишдан ҳам қўрқмаслик каби иллатлар кўпайиб бораётганини тан олишимиз лозим. Ахлоқсизлик нафснинг ҳали покланмагани, жиловланмагани ва интизомли эмаслигидан даракдир. Бу борада Ҳаким Термизий шундай дейди: шайтоннинг бир соат ичида ҳалок қилганини юзта оч арслон бир сурув қўй ичида қила олмас. Нафснинг бир соат ичида одамга қиладиган вайронлик ишини эса шайтон қила олмас.
Учинчидан, маънавият бизга Ўзбекистон жамиятида шижоатли, ғайратли ёшларни тарбиялаш ва шакллантириш учун керак. Биз бугун янги Ўзбекистонни барпо этишга аҳд қилганмиз. Бу йўлда талай ишлар бажарилди. Ёшликка хос шижоат, жўшқинлик ва мардликни, эзгу орзу-интилишларни амалий ҳаракатга айлантириб, салмоқли натижаларга эришмоқдамиз.
Давлатимиз раҳбари ўзининг “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобида шундай ёзади: “Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, буюк аждодларимиз эришган оламшумул ютуқлар замирида, аввало, она Ватанга, халққа хизмат қилишдек олижаноб мақсад мужассам эканини кўрамиз. Масалан, Абу Райҳон Беруний, Мирзо Улуғбек сингари алломалар, Алишер Навоий, Бобур Мирзо каби шоир ва мутафаккирлар, Абдулла Авлоний, Фитрат, Абдулла Қодирийдек маърифатпарвар адиб ва олимлар машҳур илмий кашфиётларини, ўлмас бадиий асарларини айнан камолот ёшида яратганларини ҳаммамиз яхши биламиз ва бу билан фахрланамиз”.
Ҳеч шубҳасиз, бугун ўша буюк аждодларимизнинг муносиб меросхўрлари, издошлари етишиб келмоқда. Улар жаҳон илм-фан, маданият ва спорт майдонларида ўз Ватани нуфузини оширишдек шарафли вазифаларни муносиб адо этмоқда. Бундан барчамиз ифтихор этамиз. Ана шу юксак эҳтиромларга сазовор ишларни фақат ва фақат метин иродали, шижоатли ва албатта, маънавияти бой ёшларгина бажара олади. Жаҳон илм-фан, маданият, спорт мусобақаларига чиққан ҳар бир ёш йигит-қиз кўз олдида энг аввало, албатта ўз она Ватани, унинг муқаддас тупроғи, жондан азиз қишлоғи, маҳалласи туради. Ахир, бу маънавият бўлмасдан, нима?
Айни пайтда ҳали бу борада бажаришимиз лозим бўлган қатор муаммолар мавжудлигини ҳам ёдда тутиш керак. Бафарқлик, дангасалик, ишёқмаслик, ҳузур-ҳаловатни афзал билиш, жамият қоида-меъёрларига амал қилмаслик каби ҳолатлар, афсуски, жамиятнинг янада тезроқ тараққий этишига халақит қилмоқда. Акс ҳолда, 2023 йилги олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида талабгорларнинг қарийб ярми 56,7 фоиздан кам кўрсаткичга эришганини қандай тушуниш мумкин?
Назаримизда, ана шу салбий ҳолатлардан қутилишнинг энг самарали йўлларидан бири инсон маънавиятининг энг муҳим шарти бўлган шижоат кўрсатиш амалиётидир. Шижоатли одам шундай кишики, ўзини улуғ ва оғир, масъулиятли ишларни бажаришга тайёрлайди, улуғлик ва сардорлик даражасига ўсиб етиш учун кўнгилни жафо ва аламлар юкини кўтаришга тарғиб қилади.
Том маънодаги маънавият ҳар биримиздан ғайратни, ғайратлиликни ҳам талаб қилади. Ғайратлилик инсоннинг бирор фаолиятини амалга оширишдаги шижоати, ўз куч ва имкониятларини тўлиқ сафарбар этиш, меҳнатни самарали ташкил қила олиш қобилиятини англатувчи тушунча ҳисобланади. Хўш, ғайратли одамларнинг энг муҳим сифатлари нималардан иборат? Назаримизда улар қуйидагилардан ташкил топади: биринчидан, бундай кишилар мақсадга эришмагунча тинмайди, иккинчидан, эришилган натижа билан чегараланмайди, учинчидан, ҳар қандай ишни аввалгидан ҳам яхшироқ бажаришга ҳаракат қилади, тўртинчидан, стратегик ва қийин мақсадларни кўзлайдиган, бешинчидан, янги ва янада юксак натижаларга эришиб, ишни астойдил ва сидқидилдан олиб борадиганлардир.
Тўртинчидан, маънавият биз учун бугунги Ўзбекистонда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни таҳлил қилиш, улардан зарур хулосалар чиқариш учун ҳам жуда зарур. Таъкидлаш лозимки, кейинги йиллар мамлакатимиз тарихида сезиларли ижтимоий-сиёсий жараёнларга жуда бой бўлди. Мамлакат ва жамият ҳаётини ислоҳ қилишда кўплаб концептуал-назарий ўзгаришлар содир бўлди. Барча соҳаларда, айниқса, жамият сиёсий тизимидаги ўзгаришлар бир томондан халқимиз ижтимоий ҳаётини ижобий томонга ўзгартираётган бўлса, бўлак тарафдан, бу жарёнлар халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда.
Ана шу масалаларни халқимизнинг кенг оммаси ижтимоий онгига етказиш, унинг мазмун-моҳиятини тушунтириш, шубҳасиз, маънавият, маърифат, тарғибот соҳаларининг энг муҳим вазифаларидан бирига айланган. Тўғри, халқимизнинг кўпчилиги Ўзбекистонда рўй бераётган ижобий жараёнлардан хабардор. Шу билан бирга, улар мазкур ўзгаришларнинг ижодкорлари ҳам ҳисобланади.
Афсуски, айрим ёшларимизнинг ижтимоий тармоқлардаги кўнгилочар саҳифаларга маҳлиё бўлиб қолиши, бепарволиклари, билими пастлиги оқибатида юртимизда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни таҳлил қилиш, зарур хулосалар чиқариш кўникмасига эга бўлмаяпти.
Бунинг жиддий сабаблари бор. Масалан, айрим ёшларимизнинг ижтимоий фаолсизлиги, сиёсий-ҳуқуқий маданият даражасининг пастлиги оқибатида Ўзбекистонда барпо этилаётган янги жамият, демократик, суверен, ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий мамлакатни қуришнинг назарияси ва амалиёти каби масалалар мазмун-моҳиятини англашда нўноқлик қилмоқда. Бу эса уларнинг ўз ҳаётий мўлжалларини танлашда, жамият ва мамлакатдаги ўзгаришлар жараёнида фаол иштирок этишларига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Хўш, бугунги Ўзбекистон ёшларининг бу масаладаги фаолияти қандай бўлиши лозим? Назаримизда, биринчидан, ёшларимизда мавжуд қонунчиликка итоат этиш кўникмасини ошириш, инсоннинг тартиб-қоидаларга амал қилишга мойиллигини кучайтириш, шулар асосида уларда демократик жамият барпо этишнинг барча ҳуқуқий-меъёрий талабларини ҳурмат қилиш маданиятини шакллантириш лозим. Иккинчидан, инсон ўзининг илмий-интеллектуал даражасини ўз маънавий-ахлоқий кўникмалари билан уйғунлигини таъминлаши керак бўлади. Бу ўта қийин ва мураккаб масала. Аммо, бу вазифани адо этмасдан туриб янги жамиятни асло қуриб бўлмайди. Мамлакат раҳбари бежиз янги жамиятни эски тафаккур билан қуриб бўлмайди, демаган.
Биз бугун Янги Ўзбекистонни барпо этар эканмиз, ёшларимизда қонунларга сўзсиз итоат қилиш кўникмасини шакллантириш билан бирга уларда ўз фаолиятини маънавий меъёрлар асосида ташкил этиш масаласига ҳам эътибор беришимиз муҳим. Гап жамият аъзоларининг аста-секинлик билан “Қонунлар устуворлиги”дан “Маънавийлик устуворлиги”га ўтиши ҳақида кетмоқда. Шу нарсани қатъий равишда айтиш лозимки, аслида қонун устуворлиги юксак маънавиятли инсонлардагина шаклланиши мумкин.
Ушбу икки атаманинг бир-биридан фарқи шундаки, фуқаролик жамияти барпо этилгани сари инсоннинг бутун фаолиятида маънавий омиллар асосий роль ўйнай бошлайди. Инсоннинг комиллик сари ташлаган ҳар бир қадами унинг Конституция, мавжуд қонунчиликка мутлақо амал қилишида намоён бўлади. Бошқача айтганда, “Қонун устуворлиги” биз учун қанчалар зарур бўлса, унга амал қилишнинг ягона йўли сифатида “Маънавийлик устуворлиги” ҳам шунчалар муҳим. Яна бир бор қайд этиш лозимки, мавжуд қонунларга амал қилишнинг энг самарали воситаси инсоннинг маънавийлик сифатларига бевосита боғлиқ.
Бешинчидан, маънавият бизга айрим эътиқоди суст, ижтимоий жиҳатдан беғам ёшларимиз маънавий оламини шакллантириш ва уларни “аросатда”да қолиш хавфидан қутқариш учун керак. Барчамизга маълумки, баркамол инсон тарбияси, айниқса, ёшлар маънавий қиёфасини шакллантириш, улар қалбида яхшилик, эзгулик, миллат ва Ватанга меҳр қўйиш сифатларини шакллантириш ўз-ўзидан бўлмайди. Бемақсад, самарасиз, “шунчаки” ўтказилаётган тадбирлар фойдадан кўра зиён келтиришини исботлашнинг ҳожати йўқ. Буни барчамиз биламиз.
Аммо, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга халақит қилаётган бир нарса борки, уни бугун эътироф этиш лозим. Гап фуқароларимизнинг, айниқса, ёшларимизнинг маънавий қиёфасини шакллантиришга, улар қалбида яхшиликка ошнолик сифатларини уйғотишда мавжуд ҳолат ва аниқ вазиятни яхши англаб етмаётганимиз ҳақида кетмоқда. Шу маънода, мамлакатимиз ёшларининг ҳар бир ҳудудий бирлик учун алоҳида маънавий-мафкуравий харитасини яратишни мақсадга мувофиқ, деб биламиз.
Ушбу шартли “харита”да ёшларимизнинг ёш хусусиятлари, қизиқишлари, интилишлари, мақсадлари ўз ифодасини топган бўлиши муҳимдир. Бундай харитани тузишда, назаримизда, социологик сўровномаларнинг ўрни алоҳида аҳамиятга эга. Масалан, қайси ёшда Алишер Навоий асарларини ўқиш ва уларни қай тарзда талқин қилиш ҳақида ўйламас ва уни кекса-ю ёшга бир хил тарзда “тарғиб-ташвиқ” қилар эканмиз, ўз мақсадимизга ета олмаймиз.
Ёшлар қалби шаклланаётган қалб ҳисобланади. Шаклланиш жараёни тўғри белгиланмас экан, бундай вазиятда инсоннинг виртуал дунёга кириб қолиш эҳтимоли жуда катта. Виртуал дунёда инсон қалбида ҳали тўла англаб етилмаган қандайдир ғайритабиий, ғайриодатий ўзгаришлар рўй беради, ундайларда турли тубанликларга тушиш эркинлик сифатида қабул қилинади. Энг ёмони, виртуал дунёда инсон маънавий жавобгарлик ва ижтимоий масъулликни ҳис этмайди.
Ҳозирги шароитда айрим ёшларимизнинг виртуал дунёга тушиб қолиши, уларнинг реал дунёдан ажралиб қолаётганликларининг икки сабаби бор, деб ўйлаймиз. Биринчидан, ундайлар ўзининг мустақил маънавий қиёфасига эга эмас. Натижада “чет”даги барча нарсалар, ҳаттоки фейк “маълумотлар” ҳам “жозибадорлиги” туфайли уларни ўзига тортади, натижада бундай ёшлар аста-секин реал дунёдан оёғи узилганини ҳис қилмайди. Иккинчидан, бундай тоифадагилар ўзини ўзи ривожлантиришга эҳтиёж сезмайди, бировларга кўр-кўрона эргашувчанлик, мослашувчанлик кайфияти устуворлик қилади. Улар ўзларининг мавжуд ҳолатидан қониқиш ҳосил қилади. Бундай ҳолат аслида ривожланишдан тўхташдан бошқа нарса эмас.
Айрим ёшларимизни виртуал дунёга тушиб қолишдан асраш, уларнинг қалбини яхшилик, эзгулик уруғлари билан тўлдириш учун, уларни маргеналлик ҳолатидан чиқариш керак. Маргеналлик – айрим шахс ёки гуруҳнинг жамиятда муайян ижтимоий гуруҳ, табақа, қатламга мансуб бўлмасдан “чеккада”, “оралиқда” қолишидир.
Бошқача айтганда, маргеналлик ҳолатида у ёки бу шахс “аросатда” қолади. Жамият, оила, маҳалла таъсиридан чиқиш эса маргеналлик ҳолатига тушган шахсда бепарволик, уқувсизлик, ижтимоий ҳаётдан бегоналашувни юзага келтиради. Бундай ҳолатга тушган шахснинг асосий “хусусияти” жамият муаммоларига бефарқлик, сустлик, теварак-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга даҳлдорлик ҳиссининг сусайиши, қарорлар қабул қилишда нўноқлик ва хафсаласизликда кўринади. Бундайларни қалби шикастланганлар, дейиш ҳам мумкин. Бу эса жамият учун хавфли.
Ана шундай салбий вазиятлардан ёшларимизни қутқара оладиган ягона қудратли куч – маънавият ҳисобланади. Тарбияда аниқлик зарур. Бунинг учун, юқорида таъкидлаганимиз каби, тарбияланувчига аниқ маънавий ташҳис қўйиш лозим.
Биз бугун энг азиз ва муқаддас бўлган мустақиллик байрамимизни нишонлар эканмиз, ҳеч шубҳасиз, ўтган ўттиз икки йил давомида эришган барча ютуқларимиз замирида мамлакат раҳбари томонидан маънавият соҳасида аниқ ишлаб чиқилган, илмий асосланган устувор йўналишлар муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаш зарур. Бу борада олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар, сўзсиз, Ўзбекистон жамиятини янада барқарорлаштиради, мамлакатимизни дунёдаги энг ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқади. Бунга ҳеч қандай шубҳа йўқ.
Қаҳрамон ҚУРОНБОЕВ,
сиёсий фанлар доктори, профессор
Абдухалил МАВРУЛОВ,
тарих фанлари доктори, профессор









