Лого Лого-пв-уз

    Маънавият ва маърифат ўчоғи — жамият ҳаётининг ажралмас қисми

    Суҳбат 1 август 2023 923

    Ўзбекистон Фанлар академияси таркибидаги Асосий кутубхона юртимиздаги энг йирик зиё масканларидан бири саналади. Мана, 90 йилдирки, у илм йўлида изланиб, интилган ҳар бир фуқарога самарали хизмат кўрсатиб келади.

    Босиб ўтилган шонли йилларда ушбу кутубхона кўмагида минглаб фан номзодлари, фан доктори, профессорлар магистр ҳамда бакалавр даражасидаги чинакам илм эгалари камол топди, десак асло муболаға қилмаган бўламиз. Кутубхона директори Зуҳра БЕРДИЕВА билан суҳбатимиз мазкур даргоҳнинг кенг қамровли фаолиятига бағишланди.

    — Зуҳра Шукуровна, сиз кутубхонашунос ва библиограф сифатида ушбу зиё масканида узоқ йиллардан буён фаолият юритиб келасиз. Келинг, суҳбатимизни Фанлар академияси таркибидаги Асосий кутубхонага тамал тоши қўйилган илк кунлар ва қадамларни эслашдан бошласак.

    — Фанлар академияси таркибидаги кутубхона 1933 йил Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Фан қўмитаси таркибида ташкил этилган ва 1943 йилда Фанлар академияси таркибига кирган. Ўша йилдан бошлаб, Фундаментал кутубхона деб юритила бошланган. Дастлаб, у ўша давр зиёлилари совға қилган 39 000 нусхадаги китобдан иборат фондга эга бўлган. Бугунги кунга келиб китобларимиз 4 миллионга яқинлашди. Албатта, бу фонд ўз-ўзидан барпо бўлиб қолмади, йиллар давомида давлат бюджетидан ажратиладиган маблағ, ҳомийлар ёрдами, муаллифларнинг совғалари, турли лойиҳалар туфайли бойиб келди. Кутубхона фондида хорижий тиллардаги 600 000 дан ортиқ адабиёт ҳам мавжуд.

    — Давр ўзгариши, фан-техника ривожи, одамларнинг китобга, мутолаага муносабати, қолаверса, юзага келган шарт-шароит кутубхоналар фаолиятига ҳам таъсир кўрсатиши табиий. Шу маънода, Фундаментал кутубхона фаолияти қай даражада ўзгарди? Нималар такомиллашди?

    — Истиқлол шарофати боис мамлакатимиз кутубхоначилик соҳасида туб ислоҳотлар юз берди. 1994 йилдан бошлаб юртимизда биринчилардан бўлиб кутубхоначилик ва библиографик иш жараёнларини автоматлаштириш, Россиянинг ИРБИС дастури асосида электрон каталог яратиш, рақамлаштириш ишлари айнан ушбу фундаментал кутубхона негизида яратила бошланди.

    Кейинчалик давр тақозоси билан ўзбек алифбоси белгисидаги библиографик ёзув элементларини киритишга эҳтиёж пайдо бўлди. Ана шу жараёнда малакали иш олиб бориш, электрон каталогни тўғри ташкил этишни йўлга қўйиш мақсадида, илмий-амалий лойиҳа доирасида вилоят кутубхоначиларининг малакаси оширилди. Фундаментал кутубхона йиллар давомида ретроспектив библиография маркази, Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона эса тавсия библиографияси бўйича марказ бўлиб келган.

    Кўплаб долзарб мавзуларда ретроспектив библиографик кўрсаткичлар тайёрлаб, нашр этдик ва бу иш ҳамон давом этмоқда. Қўшни мамлакатлар илмий кутубхоналари билан ҳамкорликда иш олиб боришга ҳаракат қиляпмиз. Кўплаб халқаро анжуманларда иштирок этдик, илмий нашрлар алмашинувини давом эттираяпмиз.

    “Соҳамиз фидойилари” номли туркум нашрларни бошлаганмиз. Бу туркумнинг мақсади кутубхоначилик, библиографик ва китобатчилик соҳасида фаолият юритиб келган, келаётган устозларимиз, ҳамкасбларимиз ҳақидаги маълумотларни бир жойга йиғиш, тўплаш, сақлаш ва ёшлар орасида тарғиб қилишдан иборат.

    — Бугунги кунда кутубхонанинг илм аҳлига кўрсатаётган хизмат даражаси ва илмий адабиётлар ҳақида ҳам маълумот бериб ўтсангиз.

    — Замон талабларидан келиб чиқиб, бизнинг кутубхона ҳам китобхонларга, айниқса, илмий ходимларга самарали хизмат кўрсатиш учун барча имкониятларни ишга соляпти. Кутубхона сайтида кўплаб маълумотлар бериб борилади, барча ижтимоий тармоқларга уланганмиз, уларда кутубхона фаолиятига боғлиқ ҳолда материаллар тақдим этиб келинади. Электрон каталогни ташкил этиш иши давом этмоқда. Турли йилларда ҳар хил дастурлар асосида иш олиб борилди. Ҳозирги кунда Жанубий Корея билан ҳамкорликда мамлакатимизда яратилаётган электрон кутубхона фаолиятида ҳам иштирок этаяпмиз. Бу лойиҳада қатнашаётган 20 та йирик кутубхонадан бири сифатида UzNEL дастури асосида электрон каталог яратиш ва босма нашрларни рақамлаштириш ишлари жадал олиб борилаётир. Муҳим ишларимиздан яна бири, мамлакатимизда биринчи марта Ўзбекистон олимларининг библиометрик маълумотлар базаси яратилмоқда. Ушбу базада 1933 йилдан то шу кунга қадар юртимиз илм-фанини ривожлантиришда иштирок этган илмий кадрлар ҳақида муҳим маълумотлар тўпланади.

    — Кутубхонанинг керакли техник ва дастурий таъминот билан қай даражада таъминлангани ҳақидаги маълумотлар ҳам китобхонлар учун қизиқ.

    — Албатта, замон талабига мос аҳолига кутубхона-ахборот хизмати кўрсатиш учун замонавий ахборот-коммуникация технологиялари зарур. Бусиз бўлмайди. Ҳозирда кутубхона биноси таъмирлаш жараёнида, аммо хизмат кўрсатишни тўхтатганимиз йўқ. Ходимлар шу жараёнда ҳам электрон каталог, Миллий электрон кутубхона яратишда, Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона негизида ташкил этилаётган йиғма электрон каталог ишида фаол иштирок этмоқда. Бунинг учун 30 та компьютер, 1 та замонавий катта сканер, 2 та планшетли сканер, кўп функцияли 3 та принтер (сканер, нусха кўчириш билан бирга) билан таъминланган. Кутубхонамиз Жанубий Корея ва Германия кутубхоналари фаолиятида қўлланилаётган махсус чанг ютгичлар, китобларни тозаловчи қурилмалар, замонавий сканерлар билан жиҳозланса ишимиз самараси янада ошган бўлар эди.

    — Китоб ва китобхонлик ва бугунги ёшларнинг китобга муносабати ҳақидаги мулоҳазаларингиз билан ўртоқлашсангиз.

    — 2017 йилдан бошлаб мутолаа маданиятини ва китобхонлик фаолиятини шакллантириш ва ташкил этиш борасидаги вазифаларимиз давлат сиёсати даражасида эътиборга олинди. Мутолаа маданияти, бу – ўқиш учун мақсадни аниқ белгилашдан тортиб, ўқилган материаллардан шахсий ҳаётда ва жамият тараққиётида унумли фойдаланишгача бўлган жараённи англатади. Шахсан ўзим 1978 йилдан бери олий таълим тизимида кутубхоначи кадрлар тайёрлаш жараёнида қатнашиб келаётганим учун шуни аниқ айта оламанки, мутолаа маданияти ва китобхонлик фаолиятини ташкил этиш, аввало, оиладан бошланади.

    Фарзандларни китоб ўқишга ўргатишда оилавий муҳит жуда муҳим. Ота-онада китобга муносабат, меҳр-муҳаббат қандай бўлса, фарзандларда ҳам шу хислат ривожланади. Жанубий Кореяда шанба, якшанба ота-оналар учун кутубхона кунлари бўлиши менга жуда маъқул келди. Ота-оналар шу кунлари эмизикли гўдагидан то 12 ёшгача бўлган болалари билан кунини кутубхонада ўтказади. Бунинг учун барча керакли шароит яратилган. Болада китобга муносабат гўдаклигиданоқ шакллантирилади. Берлин кутубхоналаридан бирида эса ҳали эмаклаб юрган боланинг пастки токчалардан китоб олиб онасининг олдига судраб келаётганига гувоҳ бўлдим. Улар учун алоҳида махсус хоналар ва ҳамширалар ажратилган. Гўдак учун нима зарур бўлса ҳаммаси бор.

    Кутубхонамизга Ёзувчилар уюшмаси анчагина китоб ажратди, Ғ.Ғулом номидаги НМИУ ёрдам берди, айниқса, маҳаллада истиқомат қилувчи кекса олимлар катта ташаббус кўрсатишди. Бир неча боғчаларда кутубхоналар ташкил этдик. Бундан ташқари, юртимизнинг турли ҳудудларидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари, мактаб, коллеж ва лицейлар, олий ўқув юртлари ҳузуридаги кутубхоналар учун фондимиздаги ортиқча илмий, бадиий-маърифий адабиётлардан ажратдик.

    Услубий ёрдам бериш билан бирга, ҳарбий қисмлар кутубхоналарида “Маънавиятга йўл фақат китоб орқали” мавзусида маъруза-тақдимотлар ўтказдик. Мени ҳарбийлар орасидаги ижодкор ёшлар, уларнинг китоб ўқишга интилиши, қизиқишлари хурсанд қилди. Ёшларимизда китоб ўқишга интилиш яхши, лекин бунга халақит берадиган айрим масалаларни ҳал этиш зарур. Биринчи галда китоб савдосини тартибга солиш керак. Масалан, бир номдаги китоб Тошкент шаҳрининг турли жойида катта фарқ билан турлича нархда сотилади.

    Яна бир масала, кутубхоналарга китоб сотиб олиш учун маблағни кўпайтириш зарур. Хорижий мамлакатлар тажрибасига кўра, китоблар нархи мақсадга қараб ўзгаради: кутубхоналар учун бошқа нарх, сотиб оладиган аҳоли учун алоҳида нарх. Мутахассис сифатида мени кутубхоначининг мавқеи, малакаси, фидоийлиги масаласи ҳам ўйлантиради. Жумладан, соҳа мутахассислиги бўйича олий таълим олса-ю, лекин кутубхонада ишлашдан ўзини олиб қочса. Ахир зиё тарқатишдек савобли ишга дуч келган кишини қабул қилиб бўлмайди. Китобхонлар билан ишлашнинг ҳам ўзига яраша сирлари бор.

    — Асосий кутубхона дунёнинг қайси мамлакатларидаги кутубхоналар билан ҳамкорлик ўрнатган?

    — Бугун интернет замони. Рақамлаштирилган ёки электрон шаклга ўтказилган аудио китоблар оммалашди, лекин улар китобнинг ўрнини босолмайди. Китобхонлармизнинг деярли 80–90 фоизи барибир босма нашрларни сўраб мурожаат қилади. Қўшни мамлакатлар фундаментал кутубхоналари билан аввалдан илмий адабиётлар алмашинуви мавжуд. Биз қатор мамлакатлар кутубхоналари билан илмий-тадқиқот институтларининг илмий журналлари, илмий нашрларини алмашиб турамиз.

    — Келгусидаги янги лойиҳалар, режалар ва қандай янгиликлар кўзда тутилмоқда?

    — Режаларимиз кўп. Кутубхонамиз таъмирдан чиққандан кейин олима аёллар хотиржам илмий фаолият билан машғул бўлишига ёрдам берадиган, жумладан, китоблар мутолааси пайтида гўдак фарзандларига қараб турадиган, устозлар-шогирдлар биргаликда ишлайдиган алоҳида шароитга эга хоналар ташкил этиш ниятимиз бор.

    Мен хорижий мамалакатлар кутубхоналари фаолияти билан танишганимда кўнглимга навбат билан хизмат кўрсатиш ишини ташкил этишни тугиб қўйган эдим. Буни илмий фаолият билан шуғулланувчи китобхонларимиз яхши тушунади. Олимларнинг айримлари кечки пайт, кечаси ёки тонг маҳали илмий иш билан банд бўлади. Тўғри, бунга оилавий шароит ҳар доим ҳам имкон бермайди. Биз эса эрталаб 8.00 дан кечки 17.00 га қадар хизмат кўрсатамиз. Яъни, иш вақтимиз уларга унча мос келмайди. Мана шундай барча учун бирдай мақбул келадиган жиҳатларни амалга татбиқ қилиш бўйича ҳам илғор хориж тажрибасини ўрганиш, ўзимизга қулай ҳолда мослаштириб жорий этиш вақти келди.

    Ўзбекистонда ҳозирга қадар на китобатчилик, на кутубхоначилик иши, на библиографияшунослик энциклопедиялари тайёрланмаган, нашр қилинмаган. Россияда “Книговедение”, “Библиотечное дело” номли қомусий нашрлар мавжуд. Биз талабалар билан машғулотларда ана шу нашрлардан фойдаланамиз. Бу каби манбаалар ўзимизда ҳам яратилиши, уларни ёш авлод мутолаа қилиши, фойдаланиши ҳам илмий, ҳам тарихий аҳамиятга эга.

    Ўзбекистон Миллий университети таянч докторанти

    Давронбек ОРИПОВ суҳбатлашди.

    No date selected
    декабр, 2023
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates