Президентимиз томонидан давлат хизматини ривожлантириш, давлат ташкилотларига ёшларни жалб этиш, уларга зарур шарт-шароитлар яратиб беришга алоҳида аҳамият бериб келинмоқда.
2021 йилнинг “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилиниши сўзимизнинг яна бир тасдиғидир.
“Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Мирзо Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак.” Шу сўзларнинг ўзиёқ Давлат раҳбарининг ёшлардан юқори натижаларни кутаётганини англатади.
Таъкидлаш лозимки, “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан “Ёшлар давлат хизматида ишлаши тўғрисида” мавзусида 2020 йил 21-27 ноябрь кунлари ўтказилган жамоатчилик фикри сўрови натижалари бўйича респондентларнинг 49,2 фоизи давлат органларида ишлаш истагини билдиришди.
Бу эса ёшларимизда давлат ташкилотларида фаолият олиб боришга қизиқиш етарли даражада эмаслиги, айни ишларни янада жадаллаштириш зарур эканлигини кўрсатади.
Масаланинг иккинчи томони шундаки, сўровнома иштирокчилари фикрларида аск этган давлат хизмати тизимида ишлайдиган кишилар эга бўлиши керак бўлган кўплаб шахсий ва касбий сифатлардан ташқари ватанпарварлик хиссиёти, давлатнинг, халқнинг манфаатини ўзиникидан устун қўйишга тайёрлиги, шижоаткорлик, жаҳон стандартлари, илм-фан ютуқлари, замонавий техника ва технологияларга мос равишда мунтазам билим савиясини оширишга интилиши, катта хажмдаги маълумотлар билан ишлаш, уларни умумлаштириш каби жиҳатлар ҳам алоҳида ўрин тутади.
Булардан ташқари, ташкилот йўналишидан келиб чиқиб, ёшлардан махсус билим, савия, кўникмалар ҳам талаб қилиниши сир эмас.
Масалага урғу берганимиздан мақсад — ёшларимизнинг давлат ташкилотларида ишлаш истагини камайтириш эмас. Балки, давлат хизмати фақат имконият эмас, машаққатли, сабр-матонат талаб қиладиган, юқори даражали мажбурият ҳам эканини англатишдир.
Зеро, айрим ёшларимиз давлат ташкилотидаги лавозимни эгаллагандан сўнг ҳалқнинг бир қисми экани, аҳоли фаровонлигига хизмат қилиш лозимлигини унутиб қўймоқда. Баъзилари эса билим савиясини оширишдан, янгиликка интилишдан, шижоат ва ташаббускорлигини намойиш этишдан тўхтаб қолмоқда.
Шу маънода давлат ташкилотларида иш фаолиятини танлаш тўғрисидаги қарор онгли равишда, давлат хизматининг барча хусусиятларини инобатга олиб қабул қилинса, ёшларимиз давлатимиз раҳбари ва халқининг ишончига муносиб жавоб қайтарган бўлади, десак муболаға бўлмайди.
Асосийси, барча тоифадаги давлат хизматчилари учун олий ҳакам — халқ эканлигини ёдимиздан чиқармаслик зарур!
Шуҳрат Мавлянов,
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги бош инспектори