Тошкентда Марказий Осиё давлатларининг Афғонистон бўйича махсус вакиллари илк бор учрашди

    Ўзбекистон ташаббуси билан 2025 йил 26 август куни Марказий Осиё давлатларининг Афғонистон бўйича махсус вакилларининг илк учрашуви бўлиб ўтди.

    Мажлисда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон вакиллари иштирок этдилар.

    Иштирокчилар дастлаб Афғонистон масалалари бўйича махсус вакиллар даражасида Контакт гуруҳини ташкил этишнинг долзарблиги ҳақида сўз юритди.

    Ушбу гуруҳ Марказий Осиё мамлакатлари учун умумий қизиқиш уйғотувчи масалалар юзасидан мунтазам ва мақсадли мулоқот олиб борувчи мустақил минтақавий платформа сифатида қаралмоқда.

    Учрашувда Марказий Осиё ва Афғонистоннинг геостратегик ўрни, тарихий жиҳатдан боғлиқ маданий ва иқтисодий макон, шунингдек, Евросиёда барқарорлик, хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлашга бўлган умумий манфаатлар инобатга олиниб, Афғонистон масаласига мустақил ёндашувни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.

    Томонлар Афғонистондаги вазият бўйича умумий, мувозанатли ва реалистик ёндашувлар ишлаб чиқишга келишиб олдилар.

    Марказий Осиё ва Афғонистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, транспорт-логистика ҳамда маданий-гуманитар алоқаларни тиклаш ва ривожлантириш зарурлиги қайд этилди.

    Марказий Осиё давлатлари вакиллари Афғонистоннинг ҳозирги амалдаги ҳокимияти билан ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашди. Минтақавий хавфсизлик, жумладан, трансчегаравий жиноятчилик, экстремизм ва терроризмга, шунингдек, наркотик моддалар савдосига қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни кенгайтиришга қизиқиш билдирилди.

    Контакт гуруҳи Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Консультатив учрашувлари доирасида мунтазам учрашувларни ўтказиш мақсадга мувофиқлиги ҳақида келишиб олди.

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates