Марказий Осиё интеграцияси: минтақанинг ўзаро боғлиқлиги бизга нима беради?

    Минтақавий муаммолар вақт ўтган сайин кескинлашмоқда. Уларни бир давлат даражасида ҳал қилиб бўлмайди. Бунда биргаликдаги ҳаракатгина яхши самара беради.

    Тарихи бир, урф-одат, маданият ва қадриятлари муштарак Марказий Осиё минтақаси халқлари ўртасида ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва шериклик муносабатлари тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Хусусан, кейинги йилларда минтақа давлатларининг умумий ички маҳсулоти 40 фоизга кўпайди.

    Мамлакатларимиз ўртасида савдо ҳажмининг барқарор ўсиши кузатилмоқда. Масалан, товар айланмаси 2,5 баробардан зиёд ошди. Ўзаро инвестициялар ҳажми қарийб 6 марта, тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар оқими эса 45 фоиз ўсди. Бундан ташқари, ички минтақавий туризм 2 баробар фаоллашди.

    Глобал ва минтақавий сиёсат кун тартибидаги кўплаб долзарб масалалар бўйича ҳам ягона позицияда туриб ҳаракат қилмоқда. Жумладан, мамлакатларимиз 2017 йилдан буён Марказий Осиёдаги тараққиёт ва шерикликнинг муҳим масалаларига оид БМТнинг 8 та резолюциясини қабул қилиш юзасидан ташаббусларни илгари сурди. Буларнинг барчаси халқаро ҳамжамият томонидан юксак баҳоланиб, кенг эътироф этилмоқда. “Марказий Осиё +” форматида қарийб 10 дан ортиқ ҳамкорлик мулоқоти таъсис этилгани буни тасдиқлайди.

    Дунёда геосиёсий рақобат ва қарама-қаршиликлар кучайиб бораётган, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги муаммолари кескинлашаётган бугунги даврда минтақамизда яхши қўшничилик ва ўзаро кўмак асосидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш нафақат глобал сиёсий-ижтимоий вазият тақозоси, балки халқларимизнинг эзгу хоҳиш-истагига ҳам айланмоқда.

    Сиёсий фанлар доктори, профессор Ойбек СИРОЖОВ билан суҳбатимиз айнан шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар, эришилаётган натижалар ва истиқболдаги вазифалар хусусида бўлди.

    — Суҳбат аввалида минтақавий интеграция тушунчасига изоҳ бериб ўтсангиз. Тарихда бу борада қандай тажрибалар бор?

    — Интеграция жипслашиш, бирлашиш ҳисобланади. У жараён сифатида бир қанча қисмларга бўлинади (давлатлараро, минтақавий, глобал ва ҳ.к). Минтақавий интеграция бу — маълум бир минтақа давлатларининг тенглик, ўзаро хоҳиш-истак асосида минтақавий яхлитликни вужудга келтиришга қаратилган жараён. Минтақавий интеграция тенглик, ишонч ва манфаатлар уйғунлиги асосида амалга ошади.

    Тарихда айнан бир хил моделдаги минтақавий интеграция учрамайди. Бу, биринчидан, интеграциянинг мақсади ва вазифасидан келиб чиқиб, турли моделлари, турлари борлиги билан боғлиқ бўлса, иккинчидан, интеграцион жараёнларнинг субъектлари бўлган давлатлар миллий манфаатлари, минтақалар, давр талабининг турли-туманлиги билан изоҳланади. Айнан минтақавий интеграция жараёнининг мураккаблиги ҳам шунда, яъни ҳар бир минтақа ўзига хос интеграция моделини ўзи шакллантириши лозим.

    Интеграцион уюшманинг куч асосида шакллантирилган бирлашмалар (империялар)дан фарқи ихтиёрийлик, тенглик ва умумманфаатдорлигида ҳисобланади. Жараёнда ҳамма ихтиёрий иштирок этиши, қарорлар қабул қилишда тенглик ва натижалардан бир хилда манфаатдор бўлиш минтақавий интеграциянинг долзарблигини кўрсатади.

    — Марказий Осиёга интеграциялашув нима беради?

    — Биринчидан, хавфсизликни мустаҳкамлаш учун зарур. Дунё борган сайин мўртлашиб, локал урушлар минтақавий урушлар даражасига кўтарилмоқда. Халқаро ҳуқуқ (суверенитет дахлсизлиги, давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик) тамойиллари уларни назорат қилувчилар томонидан бузилмоқда. Бундай таҳдидлардан ҳимояланишнинг самарали йўли кучларни бирлаштириш ҳисобланади.

    Иккинчидан, минтақавий муаммолар вақт ўтган сайин кескинлашмоқда. Уларни бир давлат даражасида ҳал қилиб бўлмайди. Бунда биргаликдаги ҳаракатгина яхши самара беради.

    Учинчидан, минтақанинг иқтисодий тараққиётига хизмат қиладиган лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш учун кучларни бирлаштириш керак. Бир давлат якка ҳолда бу лойиҳаларни амалиётга татбиқ эта олмайди. Экспертларнинг фикрича, минтақа давлатларининг товар айирбошлашда ўз имкониятларини максимал ишга солиши минтақа учун 10-20 миллиард доллар фойда келтириб, 1 миллион 200 мингдан 2 миллионгача қўшимча ишчи ўринларини ташкил қилиш имконини беради.

    — Биз бу борада ҳозир қайси босқичдамиз?

    — Минтақавий интеграция кўп томонлама ҳамкорликнинг юқори босқичида шаклланади. Кўп томонлама ҳамкорлик ривожланмаган маконда минтақавий интеграция ҳам шаклланмайди. Чунки кўп томонлама ҳамкорлик натижасида минтақавий интеграциянинг асосий тамойиллари — ўзаро ишонч, умумманфаатдорлик ортади. Ўз навбатида, бу ҳамкорлик самара беради ва уни ривожлантиришга эҳтиёж кучая боради. Буни жамият ҳам, ҳукумат ҳам ҳис қила бошлайди. Бундан ташқари, минтақавий интеграция учун кўлам ва жабҳалар ҳам муҳим. Яъни турли соҳалар, турли тоифа вакиллари кесимидаги интеграция шаклланиши керак. Бу эса кўп томонлама ҳамкорлик заминида юзага келади. Ана шу мезонлар асосида минтақадаги интеграцион жараён даражасига баҳо берадиган бўлсак, Марказий Осиёда минтақавий интеграция асослари шаклланяпти ёки минтақа кўп томонлама ҳамкорликнинг ривожланиш босқичида.

    Навбатдаги масала — минтақамиздаги интеграция жараёнларига Афғонистонни жалб қилиш масаласига келсак, минтақавийлашув мезонларига кўра, бу мамлакатсиз минтақа имкониятлари чекланади, лекин шу ҳолатда уни интеграцион жараёнларга тортиб ҳам бўлмайди. Сабаби, унда Афғонистоннинг имкониятлари билан бирга муаммоларини ҳам баҳам кўришимиз зарур бўлади. Бу минтақа хавфсизлигига таҳдидларни келтириб чиқариши мумкин. Шундай экан, аввало, Афғонистон билан ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишимиз муҳим ва қуйидаги лойиҳалар истиқболли ҳисобланади.

    Жумладан, биз учун энг муҳим гео­стратегик лойиҳа Трансафғон коридори ҳисобланади. Бу лойиҳа Афғонистондаги ижтимоий муаммолар, яъни иш ўринлари яратиш имкониятини ҳам беради. Транзитдан афғон халқи улкан фойда олади. Шу билан бирга, бунинг бутун минтақа учун геосиёсий аҳамияти шундаки, тобора мустақил қутб сифатида шаклланаётган Ҳиндистон билан боғлиқлик пайдо бўлади.

    Афғонистон томонидан қурилаётган Қўштепа каналини бетонлаштиришда минтақа давлатларининг иштирок этиши орқали сув исрофгарчилигини каррасига камайтириш мумкин. Шу нуқтаи назардан, мавжуд ҳокимият билан муроса орқали мақсадга эришиш муҳим ҳисобланади. Ўзбекистон ҳукуматининг бу борадаги сиёсатини олқишлаш мумкин. Сабаби, давлатимиз ҳар қандай шароитда афғон халқига гуманитар ёрдам беряпти ва халқаро ҳамжамиятни ҳам бунга чорлаяпти.

    Афғонистон билан муносабатларда “юмшоқ куч”дан самарали фойдаланиш муҳим. Шу нуқтаи назардан, минтақа Афғонистон билан алоҳида — “Марказий Осиё+Афғонистон” форматида ҳамкорликни ривожлантириши мақсадга мувофиқ. Бу форматнинг асосий мақсади — ҳамкорликни кучайтириш орқали Афғонистонни минтақа учун потенциал хавфдан улкан имкониятлар макони ­даражасига олиб чиқиш. Қолаверса, кейинги йилларда минтақа дипломатиясининг муҳим ютуқларидан бири ҳам турли форматлар кесимида дипломатик алоқаларни мустаҳкамлаш ва унда устуворлик минтақани яхлит ҳолда намоён этиш ҳисобланади (С5+1, Марказий Осиё+Япония, Марказий Осиё+Хитой, Марказий Осиё+ЕИ).

    — Минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича ана шундай муҳим жараёнлар қандай натижа бермоқда?

    — Назаримизда, эришилган энг муҳим ютуқ кейинги йилларда давлатлар ўртасида ўзаро ишонч мустаҳкамлангани бўлди. Сир эмас, минтақада интеграция йўлида 30 йилдан ортиқ вақт мобайнида ҳаракат қилиб келинади. Аммо яқин йилларгача давлатлар ўртасида айнан ўзаро ишонч бўлмагани, бир-биридан ҳадиксираш оқибатида маълум жабҳаларда бир-бирини тўлдирувчи эмас, рақобатчига айланиш тенденцияси устуворлик касб этиб келаётган эди. Бугун эса вазият ўзгарди. Давлат раҳбарларидан бошлаб, жамиятимизнинг ҳар бир аъзосигача қўшниларни потенциал рақиб эмас, балки муҳим ҳамкор деб қараб, муносабатлар шу қараш асосида янгича тарзда йўлга қўйила бошланди. Бу эса мавжуд муаммоларни учинчи томоннинг аралашувисиз ўзаро ҳал қилиш имконини бермоқда.

    Масалан, чегара муаммосини олайлик. Ўзбекистон томонидан Қирғизистон билан чегара муаммосини бартараф этиш масаласи илгари сурилди. Йиллар мобайнида ўзаро баҳсга сабаб бўлган ҳудудлар муроса-мадора орқали ҳал қилинди. 2022 йил ноябрда тўлиқ келишувга эришилди. 2023 йилда эса 2009 йилдан буён ёпиқ бўлган Андижон вилоятидаги “Мингтепа” ва “Хонобод” ўзбек-қирғиз чегара божхона постлари очилди.

    Бундай саъй-ҳаракатлар эса ҳатто урушгача борган Тожикистон — Қирғизистон ўртасидаги чегара муаммосини тинч йўл билан, келишувлар асосида ҳал қилиш учун туртки бўлди. 2023 йил октябрда икки давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш тўғрисидаги баённома имзоланди. Шу кунларда бу борада яна бир хушхабар тарқалди. Яъни жорий йилнинг 11-18 февраль кунлари Тожикистоннинг Бўстон шаҳрида Қирғизистон ва Тожикистон ҳукуматлари делегацияларининг чегараларни делимитация ва демаркация қилиш масалалари бўйича навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилиш якунлари бўйича томонлар давлат чегараси чизиғининг яна 1,11 километри бўйича келишиб олди.

    Навбатдаги ютуқ минтақада бирлашиш заруратини кўпчилик англаб бораётгани ва айнан ана шу асосда ўзаро ҳамкорлик янада кенгайганидадир. Украина ва Россия можароси фонида дунё тартиботининг ўзгариши минтақа давлатлари сиёсий элитасини ўзаро бирлашишга ундамоқда. Қолаверса, Ўзбекистон ташаббуси билан минтақада янги форматдаги сиёсий институт — давлат раҳбарларининг маслаҳатлашув учрашуви шакллантирилиши минтақага қарши қаратилган чақирувларга биргаликда, бамаслаҳат жавоб бериш имконини яратди. Бугунги кунда ушбу сиёсий институт минтақавий интеграция шаклланиши учун имкон яратадиган ягона институт ҳисобланади.

    — Минтақавий интеграцияни таъминлашда Ўзбекистон омилига қандай баҳо берасиз?

    — Президентимизнинг “қўшниларимиз билан рақобат эмас, ўзаро манфаатли ҳамкорлик” деган концептуал ғояси мамлакатимиз қўшнилар билан ҳамкорлигининг янги босқичини бошлаб берганини алоҳида қайд этиш жоиз. Айнан шу ғояни моддий кучга айлантириш учун давлатимиз раҳбари минтақадаги барча республикаларга давлат ташрифларини амалга оширди. Умуман, Ўзбекистон минтақавий ҳамкорликка либерал ёндашиб, тадрижий ривожланиш, умумманфаат устуворлиги тарафдори сифатида прагматик сиёсатни олиб бормоқда. Президентимизнинг “Қўшнимизнинг ютуғи — бу бизнинг ҳам ютуғимиз. Уларнинг тинч ва фаровон ҳаёти — бутун минтақамизда тинчлик ва барқарорликни сақлашнинг гарови деб биламиз. Мана шу йўлда янги амалий қадамлар қўяётганимиз, жумладан, қўшни давлатларнинг раҳбарлари билан олиб бораётган музокараларимиз бунинг амалий тасдиғидир”, деган фикрлари Ўзбекистоннинг минтақавий интеграция масаласида собитқадам эканидан далолат беради.

    Бундай очиқлик сиёсати истиқболда ҳам давом этиши белгиланмоқда. Жумладан, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида Марказий Осиёда халқаро ҳуқуқ ва минтақадаги барча давлатлар миллий манфаатларини инобатга олган ҳолда кенг қамровли стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини чуқурлаштириш масаласи илгари сурилган.

    2024 йил учун мўлжалланган давлат дастурида ҳам Марказий Осиё минтақасида амалий ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш вазифаси белгиланган. Буларнинг барчаси Ўзбекистон минтақавий ҳамкорликдан манфаатдорлигини, бу йўналишда очиқликка ва ўзаро ишонч, дўстлик, ҳамкорликка асосланган сиёсий фаолияти бундан кейин ҳам изчиллик билан давом этишини намоён қилади.

    Эндиликда бу жабҳадаги ишларни тизимли давом эттириш ва янги босқичга кўтариш учун интеграцияга тўсиқ бўлаётган муаммоларни чуқур ўрганишимиз лозим. Зеро, интеграциянинг мураккаблиги унинг ҳар бир минтақага хос бўлган муҳим асоси мавжудлигида ва ана шу асосга таяниб, ­стратегия ишлаб чиқиш ва сиёсат юритишда ҳисобланади.

    Қизиғи шундаки, минтақадаги муаммолар ҳам интеграция учун асос бўла олади. Масалан, Европада кўплаб урушларга сабаб бўлган ресурслар (пўлат ва кўмир) Европа интеграцияси асоси бўлди. Давлатлар ўртасидаги доимий курашлар ва баҳсларга сабаб бўлган бу ресурслар интеграция учун жиддий қадам ташлашга замин яратди.

    Назаримизда, бизда ҳам худди шундай асос сифатида сув, газ ва электр энергиясини олиш мумкин. Хўш, улар қандай қилиб асос бўла олади? Ана шуни таҳлил қилсак.

    Биринчидан, юқоридаги ресурслар минтақани боғлайди. Улардан рационал фойдаланиш бир давлат кесимида ҳал бўлмайди. Бундан ташқари, ушбу ресурслардан фойдаланиш масаласи вақт ўтган сайин долзарблашиб бормоқда. Қолаверса, бу ресурслар бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. Бири иккинчисини тақозо қилади.

    Энди илгари сураётган ғоямизни очиқласак. Минтақадаги сув захираларининг 90 фоизга яқини Қирғизистон ва Тожикистон ҳудудларида шаклланади. Улар сувдан, асосан, электр энергияси ишлаб чиқишда фойдаланади. Ўзбекистон, Қозоғистон ва Туркманистон учун эса қишлоқ хўжалигида жуда зарур. Бунинг учун Қирғизистон ва Тожикистон электр йўқотишларини қоплаш учун Туркманистон газидан фойдаланиб, Ўзбекистон ИЭСлари кўпроқ электр энергия ишлаб чиқиб, қиш мавсумида Тожикистон ва Қирғизистонга етказиб бериши мақсадга мувофиқ.

    Ёки Туркманистон газ хомашёсининг Ўзбекистон заводларида қайта ишлашни ташкил этиш учун етказиб берилиши икки давлат учун ҳам манфаат олиб келади. Худди шундай, Қозоғистон нефтини ҳам қайта ишлаш мумкин. Ана шу тарзда минтақадаги муҳим ресурслардан биргаликда, рационал фойдаланиш давлатларни бирлаштиради, минтақавий интеграцияга асос солади. Муҳими, бундай формуладан ҳамма манфаатдор бўлади. Бу жараёнга босқичма-босқич Афғонистонни ҳам жалб қилиш мумкин.

    Умуман олганда, бугунги кунда минтақавий интеграцияни шакллантириш учун ноёб имконият вужудга келди. Бу, аввало, дунёда кечаётган геосиёсий вазият билан боғлиқ. Яъни ҳозиргача минтақа интеграциясига тўсқинлик қилиб келган йирик геосиёсий кучлар муаммолар гирдобида ўзаро курашмоқда.

    Иккинчидан, тобора долзарблашиб бораётган минтақавий муаммоларнинг ечими йўлида ҳам дилема вужудга келди. Яъни бирлашиб, уларни ечамиз ёки вазиятимизни янада чигаллаштириб бораверамиз. Шундай экан, вақтдан унумли фойдаланиш муҳим. Минтақавий интеграция учун жиддий қадамлар ташлаш зарур. Бу борада 2024 йил ҳал қилувчи йил бўлиши лозим.

    Марказий Осиёда сув хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ҳамкорликдаги илмий-амалий лойиҳаларни йўлга қўйиш ҳамда уларни молиялаштириш бўйича халқаро грантларни жалб қилиш ҳам олдимизда турган муҳим вазифа.

    Ишончимиз комилки, тарихан ҳамкор ва ҳамнафас яшаб келган минтақамиз халқлари бугунги мураккаб геосиёсий вазиятда келажак тақдиримизни белгилайдиган бундай долзарб вазифалар ечими йўлида ҳамжиҳатлик, якдиллик кўрсатиб, келгуси авлодларимиз тинч, фаровон ва гўзал заминда, аҳил-иноқ, бахтли яшаши учун бугун мустаҳкам пойдевор қўйишга эришади.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Баҳор Хидирова

    суҳбатлашди

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates