Марказий ва Жанубий Осиёнинг транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди

    Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг ташрифи доирасида Деҳли шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев Ҳиндистон Республикаси портлар, кемачилик ва сув йўллари вазири Сарбананд Соновал билан учрашди.

    Томонларнинг диққат марказида савдо ва инвестициявий ҳамкорлик масалалари бўлди. Шу нуқтаи назардан, учрашувда қайд этилганидек, икки мамлакат раҳбарияти томонидан қўйилган улкан мақсадларга фақат Марказий ва Жанубий Осиёнинг логистика ва транспорт алоқаларини ривожлантиришга ўз вақтида эътибор қаратиш орқали эришиш мумкин.

    Ўзбекистон томонидан Тошкент – Сарахс – Чабаҳар – Нҳава Шева порти (Мумбай) йўналиши бўйича контейнерлардан иборат биринчи қатновни ташкил этиш, лойиҳани муваффақиятли якунлагач эса бошқа асосий мақсадларга, шу жумладан, юқоридаги йўлакнинг рақобатбардошлигини оширишга қаратилган қулай шароитларни шакллантиришга киришиш таклиф этилди.

    Ҳиндистон томони билан икки мамлакат ўртасида йўловчи қатновлари сонини ҳафтасига 4 дан 5 гача ошириш, шунингдек, ҳафтасига 2 марта ҳаво транспортида юк ташишни йўлга қўйиш масаласи келишиб олинди.

    Учрашув якунида икки мамлакатнинг транспорт соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларини тўлиқ рўёбга чиқариш мақсадида муҳокама этилган барча масалалар бўйича фаол ва доимий мулоқот қилишга содиқлик билдирилди, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.