Хотин-қизлар бандлигини таъминлашнинг қулай ва самарали ечимлари

    Аҳолининг 49,7 фоизи ҳамда меҳнат ресурсларининг 45 фоизи аёллар ҳиссасига тўғри келмоқда.

    Мамлакатимиз фуқароларининг катта қисмини ёшлар ва хотин-қизлар ташкил этади. Аҳолининг 49,7 фоизи ҳамда меҳнат ресурсларининг 45 фоизи аёллар ҳиссасига тўғри келмоқда. Демак, юртимиздаги ижтимоий масалаларнинг аксарияти улар ҳаёти билан чамбарчас боғлиқ.

    Сўнгги йилларда хотин-қизларни ижтимоий ҳимоялаш, уларни касб-ҳунарга ўқитиб, бандлигини таъминлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, бу борада маҳалла даражасигача юритиладиган вертикал тизим яратилди. Хотин-қизлар масалалари бўйича ҳар бир маҳаллада алоҳида раис ўринбосари, туманда маҳалла ва оила бўлими бошлиғи ўринбосари ҳамда 2 нафар мутахассиси, вилоятда эса 8 нафаргача штат бирлиги берилди.

    Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 8 октябрда жамиятда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш ҳамда бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги ташаббуси билан хотин-қизлар масалалари бўйича янги иш тизими — ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида “Аёллар дафтари” жорий этилди. Мазкур тизимнинг жойлардаги натижадорлиги ҳамда Президентимиз ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича илгари сурган 5 та муҳим ташаббус доирасида хотин-қизларни иш билан таъминлаш масалалари юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Нозим ҲУСАНОВ билан суҳбатлашдик.

    — Биламизки, юртимизда хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш белгилаб олинган янгича ислоҳотларнинг асосий йўналишларидан бирига айланган. Бу борадаги ишлар бир неча йил аввал бошланган эди. Аммо тан олишимиз керак, ўтган йили “Аёллар дафтари” жорий этилгач, ушбу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар янада фаоллашиб, аниқ натижалар кўрина бошлади.

    — “Аёллар дафтари” ҳар бир хотин-қиз билан манзилли ишлаш, мутлақо янгича ва тизимли вазифаларга асосланган ўзига хос механизм сифатида йўлга қўйилди. Авваллари биз аёлларни иш билан таъминлаш ҳақида гапирардик, аммо қанча аёл ижтимоий ҳимояга муҳтож, қанчаси ишсиз, қанчаси касб-ҳунар ўганиш истагида, деган саволларга тўлиқ жавобимиз йўқ эди. “Аёллар дафтари”ни шакллантириш жараёнида тегишли вазирлик-идоралар мутасаддиларидан иборат ишчи гуруҳлар ҳар бир туман (шаҳар), маҳалла, хонадон бўйича хотин-қизлар муаммоларини ўрганиб, тегишлилиги бўйича йўналишларга ажратган ҳолда, амалий ёрдамлар кўрсатяпти.

    Жорий йилнинг ўзида 253,2 минг аёлнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож, шундан 131,2 минг нафари иш билан банд этиш ва 36,4 минг нафари касб-ҳунарга ўқитишга, 69,9 минг нафари кредит олиш, 15,7 минг нафарининг касаначилик ва томорқада банд этишга эҳтиёжи борлиги аниқланиб, “Аёллар дафтари”га киритилди. Меҳнат бозоридаги 8 та энг муҳим йўналиш белгилаб олиниб, бугунги кунга қадар уларнинг 77,8 минг нафарига бандлик хизматлари кўрсатилди. Шулардан 21,2 минг аёл ишга жойлаштирилиб, 16,2 минг нафари жамоат ишларига жалб қилинган бўлса, қолганлари касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилди. Улар орасида 4,8 минг аёлга ишсизлик нафақаси тайинланди ва тўлаб берилди. Бу тизимдан кўзланган мақсад хотин-қизларга фақат моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш эмас, балки уларни ишга жойлаштириш орқали доимий даромад манбаи билан таъминлаш, камбағалликни қисқартиришдан иборат.

    Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Иқтисодий ва ижтимоий кенгашининг таърифига кўра, камбағаллик — бу инсоннинг асосий эҳтиёжлари, жумладан, озиқ-овқат, тоза ичимлик сув, санитария иншоотлари, соғлиқни сақлаш, турар жой, таълим хизматлари билан боғлиқ эҳтиёжларини тўлақонли қондира олмаслик ҳолати ҳисобланади. Бунда нафақат даромад, балки ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имконияти ҳам назарда тутилади. Яъни тирикчилик учун зарур бўлган минимал эҳтиёжларни қондиришга етарли даромади бўлмаган, оғир касалликка чалинган, ишсиз аҳолини камбағал дейишимиз мумкин.

    Шу боис, ҳозирги кунда республикамизда камбағалликни қисқартириш бўйича жаҳон тажрибасида кенг қўлланиладиган 3 восита — камбағал оилаларнинг доимий даромад манбаини яратиш, инсон капитали сифатини ошириш ҳамда тўғридан-тўғри қўллаб-қувватлашдан фойдаланилмоқда. “Аёллар дафтари” айнан ана шу 3 жиҳатни кенг қамраб олади.

    — Эҳтиёжманд оилаларнинг доимимй даромад манбаини яратиш ва инсон капитали сифатини ошириш ҳақида гапирдингиз. Келинг, шу икки жиҳатга кенгроқ тўхталган ҳолда, бу борада амалга оширилаётган ишларга назар солсак.

    — Хотин-қизлар мисолида олиб қарайдиган бўлсак, доимий даромад манбаини яратиш деганда, албатта, уларни иш билан таъминлаш назарда тутилади. Бу борада Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан фаол ҳамкорлигимиз йўлга қўйилган бўлиб, ўтган давр мобайнида хотин-қизлар учун республикада жами 170 мингга яқин иш ўрни яратилди. 2020 йилда 234,8 минг аёлга бандлик хизматлари кўрсатилиб, 54,8 минг нафари ишга жойлаштирилган бўлса, жорий йилнинг шу даврига қадар яна 76 198 нафар хотин-қизнинг бандлиги таъминланди.

    Айни пайтда республика бўйича жами 432,7 минг нафар хотин-қиз “Аёллар дафтари” рўйхатига киритилган бўлиб, меҳнат органлари орқали улардан 167,6 минг нафарининг бандлигига кўмаклашиш вазифаси белгиланган. Жараёнда хотин-қизларнинг талаб-истаклари асосида 50 минг нафарини корхоналардаги мавжуд бўш (вакант) ҳамда захираланган иш жойларига жойлаштириш, 45,4 минг нафарини ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилиш, 8,4 минг аёлга субсидиялар ажратиш орқали ўзини-ўзи банд қилиши ҳамда 36,4 минг вакилаларни касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўнимакларига ўқитиш орқали бандлигига кўмаклашиш ишлари олиб борилади.

    Яна бир аҳамиятли жиҳати, юртимизда хотин-қизларнинг касб кўникмаларини мустаҳкамлаш, ҳаётда муносиб ўрин эгаллаши, уларни доимий иш билан банд қилиш мақсадида жойларда сендвич ва бошқа арзон ҳамда қулай материаллардан тезкорлик билан тикувчилик корхоналарини қуриш ҳам тадбиркорлар орасида оммалашиб бормоқда. Шу кунга қадар 200 га яқин ана шундай корхоналар ташкил этилиб, уларга 4 100 нафардан ортиқ хотин-қиз ишга жойлашди. Шунингдек, 75 та туманда 111 та тикув-трикотаж ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этилиб, уларда жами 35 минг нафар ёш хотин-қизнинг бандлиги таъминланди. Мазкур корхоналарга, айниқса, Наманган, Фарғона, Андижон вилоятлари ҳамда Тошкент вилоятида талаб катта.

    Юқорида айтиб ўтилган кейинги йўналиш — инсон капитали сифатини оширишда камбағал аҳолини қўллаб-қувватлашнинг имтиёзли кредитлар ва тўғридан-тўғри молиявий ёрдам бериш, тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва касб-ҳунарга ўқитиш сингари механизмларига урғу берилмоқда. Бунда барча ҳудудларда касб ва ҳунарга ўқитишда мономарказларни ташкил этиш, устоз-шогирд анъанасини тиклаш ва кенгайишини рағбатлантириш, “World skills” стандартларини амалиётга жорий этиш, ўқитишда нодавлат ва нотижорат ташкилотлари ҳамда хусусий секторни кенг жалб этиш ишларига катта эътибор қаратиляпти. Хотин-қизлар орасида ҳам қизиқиш ортиб бораётган йўналишлардан бири — бизнес ва тадбиркорлик кўникмалари бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этиш қамров даражаси оширилмоқда.

    Бугунги кунда республика бўйича 15 та “Ишга мархамат” мономарказлари, 30 та шаҳар ва туманда касб-ҳунарга ўқитиш маркази, 136 та МФЙнинг ҳар барида ўқув маскани ташкил этилган. 2016 йилда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимида бор-йўғи 2 та ўқув маркази фаолият кўрсатган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони 181 тага етди. Ўқув курсларида 16 дан то пенсия ёшигача бўлган ёшдаги иш билан банд бўлмаган фуқаролар ўқиши мумкин. Улар ўрнатилган тартибда меҳнат идораларига иш қидираётган ёки ишсиз сифатида рўйхатдан ўтгач, мутахассислиги бўйича мақбул иш мавжуд бўлмаган ҳолларда, йўлланмага асосан ўқув курсларига жалб этилади.

    Ушбу ўқув муассасаларида 40 та касб ва мутахассислик бўйича ўқитиш йўлга қўйилган. Ўқиш муддати 1 ойдан 6 ойгача давом этади. “Ишга марҳамат” мономарказлари ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш марказлари битирувчиларига Президентимизнинг 2020 йил 11 августдаги “Камбағал ва ишсиз фуқароларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, ўқишни тамомлаганлигини тасдиқловчи ҳужжат ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дипломи даражасига тенглаштирилган “Skills паспорт” берилади. Бу “паспорт” курслар тингловчиларига эгаллаган билимларини меҳнат фаолиятида амалга ошириш ҳуқуқини берса-да, кўпроқ таълимнинг кейинги турини давом эттириш учун асос ҳисобланади. Ўқув курсини тамомлаганлик тўғрисидаги сертификат эса республика ҳудудидаги барча иш берувчи корхона ва ташкилотларда ходимнинг меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини беради.

    Эҳтиёжманд хотин-қизларни ўқитишда бир қатор имтиёзлар берилиб, зарур ҳолларда ўқиш даврида стипендия билан таъминланади. Бундан ташқари, бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан битирувчиларнинг эгалланган мутахассислиги бўйича ишга жойлашиши, тадбиркорлик қилиши ёки ўзини-ўзи банд этиш мақсадида субсидия олишида амалий кўмак кўрсатиляпти. Бугунги кунда 61 260 нафар фуқаролар касб-ҳунарга ўқитишга жалб қилинган бўлиб, шундан вазирлик тасарруфидаги ўқув марказларида 17 303 нафар, бошқа давлат таълим муассасаларида 30 504 нафар, нодавлат таълим муассасаларида 5 162 нафар, уста-шогирд анъанаси буйича 8 291 нафар иш билан банд бўлмаган фуқаролар касб-ҳанар ва тадбиркорликка ўқитилмоқда. Шундан 39 минг нафарини хотин-қизлар ташкил этади.

    Яна бир янгилик, Президентимиз томонидан “ижтимоий шартнома” тажрибасини кенг қўллаш, бунда, аввало, фуқаро касб ўрганиши, ишга жойлашиши, ўзини-ўзи банд қилиши учун давлат томонидан моддий ва ижтимоий кўмак кўрсатилиши бўйича топшириқлар берилган эди. Ана шу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 20 апрелдаги “Давлат маблағлари ҳисобидан банд бўлмаган аҳолига берилаётган субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловларнинг мақсадли ва самарали ишлатилишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, шу йил 1 майдан 28 та танланган туман (шаҳар)да тажриба-синов тариқасида давлат маблағлари ҳисобидан субсидия, грант, нафақа ва бошқа тўловлар ажратилган ишсиз фуқаролар, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган банд бўлмаган аҳоли билан маҳаллий меҳнат органлари ўртасида ажратилаётган маблағларнинг мақсадли ишлатилиши ва бу борада тарафларнинг ижтимоий масъулиятини белгиловчи ижтимоий контракт тузиш амалиёти жорий этилмоқда. Ушбу туман (шаҳар)ларда Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг жами 26,9 миллиард сўм маблағлари субсидия, грант ва нафақалар учун сарфланиши режалаштирилган.

    — Суҳбатимизни касб ва лавозимлар классификатори йўналишида давом эттирсак. Президентимиз топшириғи асосида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги олдига касб ва лавозимлар классификаторида олий маълумот талаб қиладиган мутахассисликлар ва лавозимларни қисқартириш вазифаси қўйилган эди. Бу борада қандай янгиликлар амалга оширилмоқда?

    — Ҳақиқатан, Президентимиз таъкидлаганидек, касб ва лавозимлар классификатори бугунги замон ва меҳнат бозори талабларига мос келмасди. Ўтган давр мобайнида 2 минг 484 та, яъни 70 фоиз хизматчи лавозими бўйича олий маълумот талаб этилган. Хусусан, маълумотлар базаси билан ишлайдиган мутахассис, веб-дизайнер каби ихтисосликларга ҳам олий малака талаби қўйилган. Ваҳоланки, ушбу касбларни IT марказларда ярим йилда яхши ўрганиш мумкин.

    Амалиётда олиб қарайдиган бўлсак, юртимизда ишга жойлашишга муҳтож ёшлар ва аёлларнинг ўрта ҳисобда 7 фоизи олий маълумотли, 45,9 фоизи ўрта махсус ва 47,1 фоизи ўрта маълумотлиларни ташкил этади. Ана шу жиҳатлар олий маълумот талаб қиладиган мутахассисликлар ва лавозимларни қисқартириш заруратини юзага келтирди.

    Аввало, касб ва лавозимлар классификатори тушунчасига тўхталсак. Кўпчиликка нотаниш бўлган бу сўз иш берувчилар ва ходимлар ўртасида меҳнат шартномалари тузиш жараёнида лавозимларнинг тўғри кўрсатилиши ҳамда ишчилар тоифасини белгилаш ва табақалаштиришнинг омили ҳисобланади. Шу билан бирга, классификатор асосида ўқув ва таълим муассасаларида касбларга тайёрлаш йўналишлари ва малака даражаси белгиланади.

    Мамлакатимизда биринчи марта 2010 йилда хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори жорий қилинган. Ўша вақтлари унда 8 мингдан ортиқ лавозим ва касблар мавжуд бўлган. Кейинчалик, 10 йил давомида классификатор бир неча бор янги касблар ва лавозимлар билан тўлдирилди.

    Президентимизнинг 2020 йил 31 декабрдаги “Малакаларни баҳолаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва меҳнат бозорини малакали кадрлар билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан меҳнат бозори талабларидан келиб чиқиб 12,1 мингга яқин хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификатори ишлаб чиқилди ҳамда “Ўзстандарт” агентлигидан рўйхатдан ўтказилди. Аввалгисидан фарқли тарзда янги классификаторда таълим даражаси талаблари бекор қилиниб, бунинг ўрнига миллий малака рамкалар даражалари бўйича талаблар белгиланди. Хусусан, “веб-дизайнер” лавозимига қўшимча 2 та лавозим — олий маълумот талаб этиладиган 6-малакали “веб-дизайнер” ҳамда касб-ҳунар коллежи дипломи билан қабул қилинадиган 4-малакали “веб-дизайнер” киритилди.

    Шунингдек, классификаторда асосий лавозимларга ишга қабул қилишда IT мутахассислиги бўйича номзоднинг таълим даражаси иш берувчи томонидан белгиланади ва ушбу лавозимга касб-ҳунар коллежлари битирувчилари қабул қилиниши имконияти яратилди. Классификаторга кўра, ҳозирги кунда олий маълумотсиз ишлаш мумкин бўлган 8 332 та касб ва 294 та маълумот талаб қилинмайдиган ишчи касблар мавжуд. Бундан ташқари, қарор билан янги классификаторда таълим турлари бўйича ўрнатилган талаб бекор қилиниб, касбий талабларга асосан таълим даражаси белгиланди. Бунга кўра, олий таълим даражаси талаб этиладиган касб ва лавозимлар 29 фоиз, ўрта ва ўрта махсус 70 фоиз, малака талаб этилмайдиган 1 фоизни ташкил этяпти. Ушбу ўзгариш ва янгиланишлар кўпроқ аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш ва бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Ирода ТОШМАТОВА суҳбатлашди.

    9 октябр 2024,

    Янги Ўзбекистоннинг маънавий қиёфаси ёхуд ёруғ келажак пойдевори қандай қўйилмоқда?

    Мамлакатлар тараққиётида маънавият, маданият бирламчи масалалардан бири ҳисобланади. Айниқса, ҳозиргидек глобал дунёда ўзликни сақлаб қолиш, ягона халқ бўлиб олға интилишда санъат ва маданиятнинг аҳамияти катта. Юртимизда эзгулик, инсонпарварлик тамойилига асосланган “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” ғояси кенг тарғиб этилмоқда. Бу жамиятимизда соғлом дунёқарашни ривожлантириб, бунёдкорлик ташаббусини умуммиллий ҳаракатга айлантиришга хизмат қиляпти. Халқимиз қалбида бугунги ислоҳотларга ишонч, тинч ва осойишта кунларга шукроналик, эртанги ёруғ келажакка умидни тобора кучайтирмоқда. Мазкур ислоҳотлар жараёнида маданият ва санъатга, унинг тараққий топишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates