Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги “Туризм хизматларини сертификатлаш маркази” ДУК жойлаштириш воситалари (меҳмонхоналар) хизматларини сертификатлаштириш ва уларга тоифа (юлдуз) бериш тизими ҳақида маълумот берди.
Айтилишича, жойлаштириш воситалари (меҳмонхоналар) хизматларини сертификатлаштириш, уларга тоифа (юлдуз) беришда, шунингдек, сертификатлаштирилган хизматларининг стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 июлдаги 433-сон қарори билан тасдиқланган “Туристик хизматларни сертификатлаштириш ва туристик индустрия обйектларини таснифлаш тартиби тўғрисида”ги Низомга мувофиқ амалга оширилади.
Меҳмонхоналарни таснифлаш тизимига асосан, уларга тегишли тоифа (юлдуз) бериш Ўз ДСт 3296:2018 “Туризм хизматлари. Меҳмонхоналар ва ўхшаш жойлаштириш воситалари. Таснифлаш тизими” Ўзбекистон Республикаси Давлат стандарти қўлланилади.
Мазкур стандартнинг A иловасида турли тоифадаги меҳмонхоналар ва ўхшаш жойлаштириш воситаларига доир талаблар ўрнатилган бўлиб, уларни баҳолаш натижасида тегишли 1, 2, 3, 4 ва 5* (юлдуз) тоифаси берилиши мумкин.
Хозирги кунда амалиётда меҳмонхоналарни баҳолаш натижасида қуйидаги энг кўп аниқланаётган номувофиқликлар кузатилмоқда, хусусан:
- мехмонлар кириш учун автотранспортдан келиш йўлида атмосфера ёғинларидан ҳимоялаш учун соябон (талаб 4 ва 5 тоифали меҳмонхоналар учун мажбурий);
- техник лойиҳага биноан кўчмас генератор (талаб 3, 4 ва 5* учун мажбурий);
- сувга ишлов бериш (филтрация ва тозалаш) бўйича ускунанинг (талаб 4 ва 5 учун мажбурий);
- техник лойиҳага биноан жамоат ва яшаш жойларида мажбурий вентиляция тизими (талаб 3, 4 ва 5* учун мажбурий);
- хизмат/юк ташиш учун қўшимча лифт ёки юк кўтаргичнинг (талаб 4 ва 5 учун мажбурий);
- 2 ва 3 учун кўп хонали ёки қўшилган номерлар;
- 4 ва 5 учун эса кўп хонали номерлар ва номерларнинг умумий сонидан 4 фоиздан кам бўлмаган “юқори тоифали” номерлар;
- 3 учун - 3,5 м. кв, 4 учун - 4,0 м. кв ва (қўшимча санузел - 2,5 м2), 5* учун - 5,0 м. кв.дан (қўшимча санузел учун 3,0 м2) кам бўлмаган санузел майдони мавжуд эмаслиги.
Қуриб битказилган меҳмонхоналарда юқоридаги талабларни таъминлаш учун келгусида қўшимча таъмирлаш, тузатиш ва ҳаражатларнинг олдини олиш мақсадида меҳмонхоналарни қуриш ва (ёки) капитал реконструксия қилиш жараёнларида мазкур талабларни ҳисобга олиш сўралади.