Таъкидланганидек, Давлатимиз раҳбари бошчилигида жорий йилнинг 5 февраль куни ўтказилган ижтимоий соҳадаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилишда мактаблардаги инспектор-психологлар штати Ички ишлар вазирлигидан Миллий гвардия тизимига ўтказилди.
Инспектор-психологларнинг асосий вазифаси – ўқувчиларнинг таълим-тарбиясини ташкил этишда мактаб жамоаларига яқиндан кўмаклашиш, мунтазам дарс қолдирувчи ўқувчиларнинг ота-оналари билан ишлашдан иборат.
Эндиликда мактаб директорларининг маънавий-маърифий ишлар, Чақириққа қадар ёшларни тайёрлаш бўйича ўринбосарлари, психолог ва синф раҳбарларининг ўқувчилар маънавиятини юксалтириш ва дарслардаги иштироки, таълим-тарбия ишларини ҳамоҳанг ташкил этишга доир масъулияти янада оширилади.
Ота-оналар ва маҳалла фаоллари иштирокидаги “мактаб — ота-она — маҳалла” ҳамкорлиги узвий ташкил этилади.
Шу мақсадда ўқувчиларнинг дарсда иштирок этиш кўрсаткичлари ҳаққонийлигини таъминлаш учун e.maktab электрон кундаликка ўқитувчилар ва синф раҳбарлари томонидан ўз вақтида қайдлар киритиб борилади.