Миллий рақс халқимизнинг энг мунаввар қадрияти

    Ўсиб келаётган ёш авлод онгу шуурига эзгулик ва нафосат, эстетик-маънавий камолотга муҳаббат туйғуларини сингдиришда ўзбек миллий рақс санъатининг ўрни ҳамда аҳамияти беқиёс. Миллий рақсларда халқимизнинг энг мунаввар қадриятлари, инсоний фазилатлари, миллий анъаналари ифодаланади.

    Ўзбекистон Президентининг 2020 йил 4 февралдаги «Рақс санъати соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш ва илмий салоҳиятни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ҳамда «Миллий рақс санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари маданият ва санъат тараққиётида ўзига хос тарихий воқеа бўлди. Айни қарорлар асосида Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби негизида давлат олий таълим муассасаси шаклида Маданият вазирлиги тизимида Ўзбекистон давлат хореография академияси ташкил этилди.

    Ушбу академияда ўқитишнинг замонавий ва илғор услубларидан кенг фойдаланиш, ўқувчилар иқтидорини ҳар томонлама ривожлантириш таълим жараёнига замонавий педагогик ва инновацион технологияларни, маданият ва санъат соҳасида илм-фан бўйича эришилган илғор ютуқларни татбиқ этиш ҳамда илмий тадқиқотлар натижалари бўйича маънавий-маърифий ва илмий-оммабоп адабиётларни тайёрлаш ва нашр қилиш бугунги куннинг муҳим масалалари саналади. Бундан мақсад — рақс таълим тизимини такомиллаштириш, малакали кадрлар тайёрлашга бўлган эҳтиёжни тўла қамраб олиш, янги авлод дарсликлари яратишдан иборат.

    Айни пайтда академия ректори Ш.Тохтасимов раҳбарлигида айни кунларимизгача етиб келган маданий-маърифий меросни дунё халқларига яқиндан таништириш, ўзбек миллий рақс санъати ва маданиятини кенг тарғиб қилиш борасида жиддий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Илмий-услубий тадқиқотлар замонавий ўзбек хореографиясининг, ўзбек миллий рақс санъатининг назарий масалалари ва ечимлари баён этилгани билан қим­матлидир.

    Шу ўринда бир маълумотни келтириб ўтмоқчимиз. Таниқли санъатшунос, Ўзбекистон халқ артисти Р.Каримова «Ўзбек рақслари» китобида «Ўзбек халқининг миллий ифтихори бўлган рақс санъати неча-неча асрлар давомида шаклланди, ривож топди. Лекин бу санъат тури ёзма равишда ўз аксини топмаган», деган эди. Ўзбекистон миллий энциклопедиясида эса: “Ўзбекистонда гарчи рақс асрлар давомида яшаб, ривожланиб келган бўлсада, ўтмишда рақс ёзилмаган. Натижада қанчадан-қанча мумтоз ва халқ рақслари изсиз йўқолиб кетган. Этнограф Ираида Бахта Фарғона рақс туркумини сўз билан ёзиб олганлиги таъкидланади. Умуман, кўпчилик рақсшунос мутахассисларнинг тадқиқотларида “ўзбек рақсларини ёзиб олиш XX асрнинг 30 йилларидан бошланди”, деган фикр илгари сурилган. Истеъдодли хореограф-санъатшунос Ш.Тохтасимовнинг «Ғолибо ул рақс анинг ихтиросидур...» (ҳаммуаллиф Ҳ.Ҳамроева) мақоласида миллий тикланишдан миллий юксалиш сари дадил одимлаётган мамлакатимизда халқимизнинг маънавий камолотини, эстетик савиясини белгиловчи кўплаб бадиий қадриятларимизнинг янги қирраларини кашф этишга, уларнинг тарихий илдизларини тизимли ўрганишга алоҳида эътибор берилган.

    Муаллифлар буюк мутафаккир Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳазратларининг туркий насрнинг бетакрор намунаси бўлмиш «Бобурнома» асаридан рақс санъати ҳақидаги қимматли фикрларни келтирар экан: “Миллий маданий меросимиз ҳақида сўз кетганда, рақс ёзуви азалдан мавжуд эканлиги илмий жиҳатдан тан олиниши шарт. Зеро, миллий рақс санъатимиз нафақат юртимизда, балки хорижий мамлакатларда ҳам катта қизиқиш билан ўрганилаётган маънавий-эстетик қадриятлар тизимидир. «Бобурнома» муаллифи Сайид Бадр исмли кишининг рақсдаги ихтироси ва Ҳиндистон лўлилари «ўюн»идаги ижро жараёни ҳақидаги фикрларини жуда аниқ, илмий мукаммалликда баён этади. Бу мукаммаллик замирида атоқли давлат арбоби, улуғ шоир Бобур мирзонинг санъатшунос-тилшунос-этнограф сифатидаги теран билими, рақс нафосатини бевосита амалиёт билан боғлаб таҳлил эта олиш салоҳияти борки, у ўзининг қонуний баҳосини олиши шарт. Ва бу мулоҳазалар биз ҳали тарихимизни тўлиқ билмаслигимизни, Шарқда қадимдан рақсларни ёзма ифодалаш тажрибаси борлигини англатади”, дейди.

    Академия илмий жамоаси миллий рақс санъатига оид муаммоларнинг ечимини излаш ва топишда, бу ҳақда жамоатчиликнинг фикрини уйғотишда алоҳида фидойилик кўрсатмоқда. Полшада инглиз тилида чоп этилган “Хоразм «Лазги»си ҳақида” мақоласида халфачилик санъатига асосланган «Гармонь Лазги»нинг янги қирралари ҳақида, «Узбекское националное тансевалное искусство: от становления к повышению» («Ўзбек миллий рақс санъати: тикланишдан юксалиш сари», Россия) номли тадқиқотда эса миллий рақснинг тарихий илдизлари хусусида фикр ­юритилади.

    Шунингдек, Ўзбекистон давлат хореография академиясида «Ўзбек миллий рақс санъатини тарғиб қилишга бағишланган веб-сайт ва мультимедиа маҳсулотлари тўпламини яратиш» мавзусида тайёрланган илмий-амалий лойиҳа Инновацион ривожланиш вазирлигининг олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ташаббускор илмий-тадқиқот ло­йиҳалари танлови ғолиби сифатида барча босқичлардан муваффақиятли ўтиб, молиялаштиришга тавсия этилди. Бугунги кунда лойиҳа устида илмий изланиш­лар олиб борилмоқда.

    Лойиҳанинг асосий мақсади ўзбек рақс санъатининг тарихи, тарихий анъаналари, номлари ва усулларини тиклаш ҳамда бойитиш, миллий рақс тарихини ватанимизнинг ўтмиши, жаҳонга машҳур алломаларимизнинг ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ ҳолда ўрганишдир. Шунингдек, миллатимизнинг ўзбекона фазилатлари, миллий қадриятлари, бой маънавиятини акс эттирувчи рақслари ва саҳна либослари, безак ва тақинчоқларини кенг жамоатчиликка, хусусан, хорижий давлатлар ва сайёҳларга намойиш қилиш ҳам муҳим ўрин тутади. Миллий рақс санъати соҳасида мактаб яратган устозларнинг ижодий фаолиятини, рақс номларининг маъно-мазмунларини, элементлари, рамз, ҳаракат ва ишораларининг моҳиятини ўрганиш, ўзбек миллий рақсининг тарихий илдизларини аниқлаб, рақслар ва атамаларнинг ҳудудий харитасини ва картотекасини тузиш, унинг жаҳон маданиятида тутган ўрнини мустаҳкамлаш борасида ҳам эътиборга молик ишлар амалга оширилиши белгиланган. Йўқолиб бораётган ноёб рақс намуналарини тўплаш, уларнинг тарихи ва тавсифининг изоҳли луғатини яратиш, республиканинг барча вилоятлари ва туманларига илмий экспедициялар ташкил қилиш эса лойиҳанинг муҳим йўналишларидан бирини ташкил қилади. Аудио ва видеомаҳсулотлар доирасида жонли интервьюлар тайёрлаш ҳамда хорижда истиқомат қилаётган ватандошларнинг ўзбек маданияти, жумладан, ўзбек миллий рақс санъати анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантириш борасидаги фаолиятларини қўллаб-қувватлаш мақсадида улар билан маданий ҳамкорликни кучайтириш ҳам асосий вазифаларимиздан ҳисобланади.

    Шу нуқтаи назардан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ҳамкорлигида ўзбек миллий рақс санъатининг тарихи, анъаналари, етук намояндалари, атамалари, либослари, безаклари ва тақинчоқлари ҳақида тайёрланадиган мультимедиа маҳсулотлари миллий маданий марказлар ва хориждаги ватандошларнинг жамоат ташкилотлари учун зарур манба бўлади. Бугунги кунда лойиҳа илмий гуруҳи ҳам ўз олдига қўйган мақсад ҳамда режаларини ушбу қарорда белгилаб берилган вазифалар билан уйғун тарзда амалга ошириб келмоқда, дастлабки изланишларнинг натижаси кўринмоқда. Устоз — шогирд анъаналарига асосланиб, ­Ўзбекистон халқ артисти, Хоразм рақс мактабининг етук намояндаси ва тарғиботчиси Гавҳар Матёқубова ҳаёти ва ижодий фаолиятига бағишланган монография ҳамда “Хоразм «Лазги»си: тарихи ва тавсифи” номли луғат-альбом устида тадқиқот ишлари олиб борилмоқда.

    Яқинда лойиҳа доирасида Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда “Cанъат ва адабиёт: илмий-амалий изланишлар йўлидаги илк одимлар” 1-Халқаро илмий-­амалий талабалар онлайн конференцияси бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиздаги олий ўқув юртлари билан бир қаторда Москва давлат университети, Осиё ва Африка халқлари институти, Москва давлат лингвистика университети, Туркиядаги Нейде университети талаба ва магистрлари ўзбек санъати, маданияти ва адабиётига оид мақола ҳамда маърузалари билан иштирок ­этишди.

    Мамлакатимизда миллий ва умумбашарий аҳамиятга молик миллий рақс санъатини янада юксак мавқега кўтаришга хизмат қиладиган, тарихий аҳамиятга эга ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Миллий рақсимиз миллат тарихини, руҳияти, орзу-умидлари ва армонларини акс эттирадиган санъат намунаси ҳисобланади. Унинг тарихини ўрганиш халқнинг урф-одатлари, анъаналарини, бугуни ва келажагини ўрганиш, тадқиқ қилиш демакдир. Академия илмий жамоаси саъй-ҳаракати миллий рақс миллатнинг ўзлигини, қадим орзу-умидларини акс эттиришини ёшларга тушунтириш миллий рақсларимизни бебаҳо маданий меросимиз, мамлакатимизнинг ташриф қоғозларидан бири сифатида асраб-авайлашга қаратилган. Шунингдек, ўзбек рақс санъатини тарғиб қилишга, истеъдодли талабаларнинг хориждаги нуфузли олий даргоҳларда таҳсил олишларига, бу борада халқаро алоқаларни кучайтиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Айни кунларда Ўзбекистон давлат хореография академиясида ­Москва давлат лингвистика университети билан ўзаро ҳамкорлик ҳақида шартнома тайёрланмоқда. Зеро, миллий рақс санъатининг маданий ҳаётимиздаги ўрнини белгилаш, унинг йўқолиб бораётган турларини тиклаш ва ноёб намуналарини асраб-авайлаш, янада ривожлантириш, дунё миқёсида танитиш ва тарғиб қилиш энг устувор вазифалардан биридир.

    Ҳулкар ҲАМРОЕВА,

    Ўзбекистон давлат хореография академияси катта ўқитувчиси, филология фанлари номзоди

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates