Жорий йил Ўзбекистон ва Беларус Республикаси ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганига 30 йил тўлди. Шу муносабат билан икки давлат ҳамкорлигида турли расмий тадбирлар ташкил этилмоқда.
Жумладан, Маданият ва туризм вазирлиги ташаббуси билан Беларус Республикаси пойтахти — Минск шаҳрида «Ўзбекистон маданияти кунлари» ва «Ўзбекистон туризми кунлари» тадбирлари ўтказиляпти.
Бугун Беларус давлат филармонияси концерт залида «Ўзбекистон маданияти кунлари» тадбирининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Беларус Республикаси Маданият вазири ўринбосари Валерий Грамода ва Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазири маслаҳатчиси Шавкат Ортиқов сўзга чиқиб, давлатларимиз ўртасидаги кўп йиллик ҳамкорлик, ишончли дўстлик ҳамда дипломатик алоқалар ривожланиб бораётгани эътибор қаратдилар.
«Беларус ва ўзбек халқи муносабатлари 30 йиллик билан чегараланмайди. Дўстона алоқалар узоқ йиллик ўтмишга бориб тақалади. Урф-одат ва анъаналаримиз бир-биридан фарқ қилиши мумкин, буни тан олиш керак. Aммо, мақсадларимиз муштарак. Муҳими, Ўзбекистон турли соҳаларда бизнинг ишончли дўстимиз саналади ва бу ҳамкорлик янгидан-янги йўналишларда янада мустаҳкамланиб боришига ишонаман», — деди вазир ўринбосари Валерий Грамода.
Тадбирда, шунингдек, қатор дипломатик корпус вакиллари, ўзбекистонлик таниқли санъаткорлар, кенг жамоатчилик ҳамда ОAВ ходимлари иштирок этди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – Ўзбекистон санъати ва маданиятини беларуслик маҳаллий аҳолига намойиш етиш ҳамда ўзаро ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлашдан иборат.
Маълумот учун, ушбу тадбирлар 15 апрелгача давом этади. Унда Беларусдаги бир қатор шаҳарларда ўзбекистонлик санъат усталари иштирокида концерт дастурлари намойиш этилади.