Минтақа чарм саноат хаби — қўшилган қиймат занжири соҳани ушбу мақомга олиб чиқмоқда

    2023 йил якуни билан саноат корхоналари томонидан 247 миллион жуфт пойабзал ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

    Мамлакатимизда янги Ўзбекистонни барпо этиш, Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш йўлида олиб борилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, бугун барча соҳа ва тармоқларда жадал янгиланиш, тараққиётнинг янги босқичига ўтиш жараёни кечмоқда. Мана шу қизғин, таъбир жоиз бўлса, тарихий жараённинг бевосита иштирокчи ёки кузатувчиси сифатида кўпчилигимизда “Энг катта ўзгариш қайси соҳада кузатиляпти?” деган савол пайдо бўлиши табиий, албатта. Ва бу саволга аксариятимиз халқ билан самарали мулоқот тизими, уй-жой қурилиши, энергетика таъминоти, тадбиркорлик муҳити, сўз эркинлиги, давлат хизматлари кўрсатиш каби қатор йўналишларни мисол сифатида келтирамиз. Чунки булар ҳар биримизнинг кундалик турмушимизга бевосита таъсир қилувчи соҳа ва тармоқлар бўлиб, улардаги ўзгаришлар самарасини ўз танамизда ҳис қиляпмиз.

    Бошқа томондан эса улардан кўп бўлса кўпки, кам бўлмаган даражада ривожланаётган соҳалар ҳам бор, фақат бизга таъсири билвоситалиги учун эътибор қилмаймиз. Чарм-пойабзал ва мўйначилик саноати ана шундай тармоқлардан бири. Жумладан, кейинги йилларда соҳани ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор натижасида ишлаб чиқариш занжирининг узвийлиги таъминланди. Бу борада “Хомашёдан — тайёр маҳсулотгача” тамойили асосида терини қайта ишлашдан тортиб, ундан қўшилган қийматли, рақобатбардош ва экспортбоп тайёр маҳсулотлар олишгача бўлган барча босқичларни қамраб олувчи яхлит тизим яратилди.

    — Илгари фойдаланилмаган имкониятлар кенглиги борасида чарм-пойабзал ва мўйначилик саноати етакчилардан бири эди, — дейди “Ўзчармсаноат” уюшмаси раиси Фахриддин Бобоев. — Чунки қишлоқларда яшовчи одамларимиз ўз хонадонида ўнлаб чорва боқарди, яъни чарм-пойабзал саноати учун зарур хомашё топиш мумкин эди. Лекин хомашёни қайта ишлаш йўлга қўйилмагани туфайли, масалан, пойабзалнинг асосий қисмини катта маблағ эвазига импорт қилардик. Бугун бу ҳолат тамоман акси: хом ашё импорт қилиб, тайёр маҳсулот экспорт қиляпмиз. Соҳа ривожида давлат томонидан қўллаб-қувватлашдан тортиб, халқаро сифат сертификатларига эга бўлиш, янги бозорга йўл олишга қаратилган Президентимизнинг қарорлари, норматив ҳужжатлар қабул қилинаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳар бир тадбиркорга индивидуал ёндашув асосида амалий кўмак кўрсатил япти. Бу қадам, энг аввало, “Ўзчармсаноат” уюшмаси фаолиятининг йўлга қўйилиши билан бошланди.

    Дарҳақиқат, чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳасини бошқариш тизимининг самарадорлигини ошириш, хомашёни қайта ишлашни чуқурлаштириш, илғор технологияларни жорий этиш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турини диверсификациялаш ва экспорт қилинадиган товарларни кенгайтириш асосида уларнинг жадал ривожланиши учун зарур шарт-шароит яратиш мақсадида 2018 йил 3 майда давлатимиз раҳбарининг “Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини оширишни янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси “Ўзчармсаноат” уюшмаси этиб қайта ташкил қилинди. 2022 йил 26 февралдаги “Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор билан эса, тери хомашёсини чуқур қайта ишлаш асосида ундан юқори қўшилган қийматли тайёр чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва экспорт қилишни жадаллаштириш мақсадида 2026 йилга қадар чарм-пойабзал, жун ва мўйначилик маҳсулотлари экспортини 2,8 баробар кўпайтириш вазифаси белгиланди.

    Президентимизнинг жорий йил августда тадбиркорлар билан ўтказган навбатдаги очиқ мулоқоти доирасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳасини янада ривожлантириш, импорт ўрнини босувчи, экспортга мўлжалланган юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш мақсадида навбатдаги муҳим ҳужжат қабул қилинди. Президентимизнинг 2023 йил 11 октябрдаги “Чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларида ислоҳотларни янада жадаллаштириш ва соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2024-2026 йилларда чарм-пойабзал саноатини янада ривожлантириш ва хорижий брендлар билан ҳамкорлик ўрнатиш дастури тасдиқланди.

    Бугунги кунда мазкур ҳужжатлар ижроси доирасида чарм-пойабзал ва мўйначиликда хомашё ресурсларидан самарали фойдаланиш, сифат кўрсаткичларини ошириш, кичик саноат зоналарини ташкил қилиш, ташқи бозорлардаги тарғиботни кучайтириш ва кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш бўйича ишлар фаол давом эттирилмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида бугун Ўзбекистон чарм саноати Марказий Осиёда энг кўп ишлаб чиқариш қувватига эга мамлакат, энг йирик экспортёр давлат мақомига эришди. Ўзимиздаги хомашёдан ташқари, қўшни давлатлардан тери харид қилиб, уни қайта ишлашдек салоҳиятга эга тармоқ вужудга келди.

    Дунё бозорига мос катта салоҳият

    Айни пайтда уюшма таркибига 280 миллион жуфтдан зиёд ишлаб чиқариш қувватига эга 500 дан ортиқ пойабзал фабрикалари киради. “Ўзчармсаноат” уюшмасидан маълум қилишларича, 2023 йил якуни билан саноат корхоналари томонидан 247 миллион жуфт пойабзал ишлаб чиқарилиши кутилмоқда. 500 дан зиёд моделдаги пойабзал маҳсулотларини ишлаб чиқариш давр талабига ҳамоҳанг тарзда, жумладан, комбинацияланган ва экологик тоза материаллардан фойдаланиш негизида ўзлаштирилди.

    Масалан, Қорақалпоғистонда фаолият юритаётган “Orient Technology”, Сирдарё вилоятидаги “Peng Sheng Charm”, Сурхондарёдаги “Top Quality Brand” ва Тошкент вилоятидаги “Angren Charm Invest” корхоналари Италия ҳамда Германиянинг замонавий технологияларига асосланган асбоб-ускуналар билан жиҳозланган.

    Шунингдек, Фарғона вилоятидаги иш жараёни тўлиқ автоматлаштирилган “Vodiy Shoes”, Андижон вилоятидаги “Ravon taraqqiyot orzusi” кўптармоқли корхоналарини ҳам ана шундай ишлаб чиқариш қувватлари қаторига киритиш мумкин.

    Ўтган вақт мобайнида соҳани ривожлантириш юзасидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, мамлакатимизда пойабзалга эҳтиёжнинг катта қисмини қоплаш имконияти яратилди. Жумладан, бугунги кунда эркаклар пойабзали бўйича эҳтиёж 92 фоиз, аёллар ва болалар пойабзали бўйича эса 60-75 фоиз ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳисобидан қопланяпти. Эътиборлиси, бу борадаги ички талабни тўлиқ қоплаш, шу билан бир қаторда, экспорт имкониятини кенгайтириш чоралари кўрилмоқда.

    — Мамлакатимиз Марказий Осиёда етакчиликни эгаллаб тургани ҳолда, яқин келажакда дунёнинг чарм-пойабзал соҳаси ривожланган 10 та давлати қаторига кириши бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда, — дейди Уюшма раиси. — Нега деганда, бунга эришиш учун пойдевор сифатида барча шарт-шароит яратиб берилган. Қолаверса, белгиланган марралар босқичма-босқич забт этилаётгани ҳам юқоридаги мақсадни амалга ошириш учун умумий сало ҳият мавжудлигини англатади. Биргина мисол, юртимиз корхоналари томонидан соҳа учун зарур хомашёларнинг аксарият қисми тўлиқ маҳаллийлаштирилиб, тармоқдаги истеъмолчилар танлови учун таклиф қилинмоқда, улар ўзаро манфаатли келишувлар бўйича ўз вақтида етказиляпти. Натижада таннарх муайян даражада пасайиб, маҳсулотларимизнинг рақобатбардошлиги йилдан-йилга ошмоқда.

    2023 йил январь-ноябрь ойларида ҳам тармоқда самарали натижаларга эришилди. Ишлаб чиқариш қувватлари сони ошди, маҳсулотлар тури ва ҳажми ортди. Мисол учун, жорий йилнинг 11 ойида 7 триллион 105 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 2022 йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш 112 фоизни ташкил этди. Натижада маҳсулот таннархини 10,3 фоиз камайтиришга эришилди, 315 миллиард сўм маблағ иқтисод қилинди. Йил якуни билан эса 7 триллион 701 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши режа қилинган.

    Уюшма томонидан 2024 йил учун белгилаб олинган режалар ҳам улкан. Жумладан, чарм-пойабзал ва мўйначилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини камида 49,7 фоизга ошириш орқали 11 триллион 520 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, таннархни 5,2 фоиз камайтириб, 509 миллиард сўм маблағни иқтисод қилишга эришиш кўзда тутилган.

    Инвесторлар синовидан ўтган ишончли тармоқ

    Маълумки, ҳар бир соҳа ривожида инвестицияларнинг ўрни беқиёс. Шу ўринда кейинги йилларда чарм саноатига йўналтирилаётган инвестицияларни тармоқ ривожининг асосий дастаги, десак муболаға бўлмайди. 2017-2022 йилларда мавжуд корхоналарни модернизация қилиш ва янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига соҳада 800 та лойиҳа доирасида умумий қиймати 930 миллион долларлик инвестиция, жумладан, 291 миллион доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ўзлаштирилди. 70 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди.

    Агар ушбу йўналишдаги рақамларни йиллар кесимида таҳлил қиладиган бўлсак, инвестиция ҳажми йилдан-йилга ошиб бораётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Хусусан, 2017 йилда бор-йўғи 18 миллион доллар, жумладан, 5 миллион доллар хорижий инвестиция ўзлаштирилган бўлса, бу кўрсаткич 2022 йил якунига келиб, 296,6 миллион долларга етди. Бошқача айтганда, 2017 йилга нисбатан 16 баробар кўп инвестиция жалб этилди. Шундан 71,3 миллион доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестиция экани чет эллик ишбилармонларнинг юртимиз чарм саноатига қизиқиши юқорилигидан далолат беради.

    Эътиборли жиҳати, чарм-пойабзал соҳаси бугун сармоя киритиш учун энг истиқболли тармоқлардан бирига айланди ва асосий йўналиш импорт ўрнини босувчи маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қаратилди. Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига сунъий чарм, пойабзал қолиплари ва пойабзал таглиги, чарм-пойабзал саноати учун кимёвий маҳсулотлар, желатин, полиуретан, елим ва бошқа бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчи 70 га яқин янги корхоналар ташкил этилди. Натижада 89,4 миллион долларлик қўшимча экспорт имконияти яратилди.

    Масалан, Сирдарё вилоятида “Peng Sheng Charm” ҳамда Тошкентдаги “МММ Amin Bio” корхоналари желатин, Фарғона вилоятидаги “Sanfa Leather” корхонаси сунъий чарм, Андижон вилоятидаги “A Ibro Plast” корхонаси ТЭП гранулалари ва “Sino International” корхонаси Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб “NIKE” бренди остида кроссовкалар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

    — 2023 йил якунига келиб, умумий қиймати 325 миллион долларга яқин 197 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши таъминланади, — дейди Фахриддин Бобоев. — Натижада 21 мингта янги иш ўрни яратилиши кутилмоқда. 2024 йилда ҳам соҳага сармояларни фаол жалб этиш бўйича ишлар янада кучайтирилади. Хусусан, камида 70 миллион долларлик хорижий инвестицияни ўзлаштириш, қиймати 360 миллион долларлик 245 лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган. Бунинг эвазига тармоқда яна қўшимча 25 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилади.

    Уюшма раисининг қўшимча қилишича, келгуси йилларда пойабзал саноати учун ускуна ва бутловчи қисмлар, сунъий чарм, полиамид асосида микрофибра матолари, ҳар хил турдаги спорт пойабзаллари ва анжомлари, пойабзал тагликлари ясаш учун қолиплар, полеуретан хомашёси, кимёвий реактивлар, тери чиқиндиларини қайта ишлаш, чарм- атторлик ва спорт анжомлари, махсус пойабзаллар ишлаб чиқариш ҳамда терини қайта ишлаш кластерларини ташкил қилиш бўйича истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.

    Хомашёдан тайёр маҳсулотгача

    Ўзбекистон теридан чарм, желатин, протеин ва бошқа маҳсулотларни чуқур қайта ишлаш бўйича Марказий Осиёда йирик марказга айланиб бормоқда. Шунингдек, кластер усулида лойиҳалар амалга ошириш бўйича ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган.

    Бугунги кунда соҳа бўйича терини қайта ишлаш ҳамда тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган 10 дан ортиқ кластер корхоналари мавжуд. Жумладан, “Peng Sheng Charm”, “Orient Technology”, “Premium Leather”, “Angren Сharm Invest”, “Hamkor Nur Savdo”, “Nafis Charm”, “Ravon taraqqiyot orzusi” каби корхоналарда ишлаб чиқаришнинг тўлиқ занжири шакллантирилган. 2023 йилда яна 5 та янги кластер ташкил этилиши режалаштирилган.

    Тармоқда кластер лойиҳаларни амалга оширишдан асосий мақсад, энг аввало, ишлаб чиқариш занжирини бир жойда жамлашдир. Бу орқали хомашёдан тайёр маҳсулотгача бўлган барча жараён бир жойда бажарилиши ҳисобига инвестициявий жозибадорликни ошириш ва таннархни пасайтиришга эришилади.

    Шунингдек, кластер усули юқори қўшилган қийматли экспортбоп ҳамда рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эришиш имконини беради. Логистика масаласини енгиллаштириш, ишлаб чиқариш кооперациясини йўлга қўйиш каби зарур шароитлар пайдо бўлади.

    Бундан ташқари, терини қайта ишловчи корхоналар учун ягона оқова сув тозалаш иншооти барпо этилади, бунда 3-4 та кластер корхонаси учун марказлашган ягона тозалаш иншооти хизмат қилади. Бу, ўз навбатида, жаҳон стандартларидан бири бўлган “LWG” (Leather Working Group) сертификатига эга бўлишга замин яратиши билан аҳамиятлидир.

    Халқаро бозорга йўл олаётган ўзбек чарм-пойабзаллари

    Ишлаб чиқаришни кенгайтириш, техник ва технологик янгилаш, модернизация қилиш ҳамда жаҳон сифат стандартларини жорий этиш бўйича соҳада бугунги кунгача юзлаб инвестиция лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилди. Натижада чарм-пойабзал ва чарм буюмлар экспорти ҳажми 2017 йилга нисбатан 5,5 баробар кўпайиб, 2022 йилда 460 миллион доллардан ошди.

    Айни пайтга қадар пойабзал, чарм-атторлик, қоракўл ва мўйна маҳсулотлари, асосан, Германия, Италия, Португалия, Франция, Бельгия, Миср ва Корея давлатларига экспорт қилинган бўлса, 2022 йилдан улар қаторига АҚШ, Япония, БАА, Камерун ва Колумбия каби давлатлар қўшилди.

    Экспорт салоҳиятини янада ошириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда. Жумладан, Германиянинг “Berkemann” ва Россиянинг “Avanti”, “Яхтинг”, “Парижская коммуна”, “Ортомода”, “Маракс”, “Bars”, “Восток”, Туркиянинг “Vakko”, “Hotic”, “Greyder”, “Yargici” пойабзал брендлари, “Manu Atelier” ва “Esin Akan” каби компанияларининг чарм-атторлик маҳсулотлари брендлари бўйича “аутсорсинг” ва “франчайзинг” йўналишида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Жорий йил якуни билан экспорт ҳажмини 610 миллион долларга етказиш режалаштирилган.

    Шу билан бирга, 2024 йилда Қатар, Вьетнам, Мексика ва Африканинг бир қатор давлатлари каби 10 дан ортиқ янги экспорт бозорларини ўзлаштириш ҳамда 20 хил турдаги янги маҳсулотни ташқи бозорларга йўналтириш вазифаси белгилаб олинган.

    Европа бозорига кенгроқ кириб бориш мақсадида энг йирик стандартлаш ва сертификатлаш ташкилотлари — Англиянинг “Чарм ишчи гуруҳи” (LWG) ва “Барқарор теричиликни ривожлантириш ташкилоти” (SLF) билан ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали маҳаллий корхоналар экспорт географиясини кенгайтириш бўйича ҳам амалий чоралар кўрилмоқда.

    Кези келганда таъкидлаш ўринлики, жорий йил “Ўзчармсаноат” уюшмаси SLF ва LWG сертификатлаш ташкилотлари аъзолигига қабул қилинди ва бунга соҳа корхоналари ҳам жалб этилмоқда. Бу, ўз навбатида, уюшмага аъзо корхоналарнинг нафақат Европа, балки дунёнинг исталган нуқтасида эркин савдони амалга оширишига имкон яратади. Шунингдек, ушбу сертификатлар халқаро бозорда Ўзбекистон маҳсулотларининг тан олинганини англатади.

    — Жорий йил 18-20 октябрь кунлари юртимизда ўтказилган “UzCharmExpoEurasia — 2023” 15-халқаро кўргазмаси доирасида “Глобал брендлари билан ҳамкорлик Ўзбекистон чарм-пойабзал соҳасининг жаҳон пойабзал саноатига интеграциялашуви шакли сифатида” мавзусида халқаро конференция ҳам бўлиб ўтди, — дейди Фахриддин Бобоев. — Конференцияда Ўзбекистон чарм-пойабзал саноати сўнгги 6 йилда минтақамиз ва МДҲда етакчи ўринларни эгаллаётгани соҳа мутахассислари иштирокида таҳлил қилинди. Тадбирда АҚШ, Италия, Германия, Туркия, Хитой, Россия ва бошқа давлатларнинг маҳсулотни сертификатлаш бўйича нуфузли халқаро ташкилотлари, халқаро кўргазмалар ва миллий чарм-пойабзал ассоциациялари вакиллари иштирок этди. Умуман олганда, чарм ва чарм-пойабзал соҳасида маҳсулот ишлаб чиқаришнинг тўла узвийлаштирилган занжири, ўсаётган бозор ва инвестиция дастурлари Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги мавқеини янада оширмоқда. Айни шу мақсадда уюшмамиз томонидан йилига икки бор ташкил этиладиган “UzCharmExpo” халқаро кўргазмаси хорижий мамлакатлар билан муносабатларнинг амалий ривожланишига кенг имконият яратмоқда.

    Янги марралар сари

    Давлатимиз раҳбарининг юқорида зикр этилган 2023 йил 11 октябрдаги қарори билан 2023-2025 йилларда тери хомашёсини чуқур қайта ишлаш негизида экспортга йўналтирилган юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича инвестицион лойиҳалари ишга туширилади. Шунингдек, чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳасида инвестиция лойиҳалари учун ер майдонларини ажратиш тизими соддалаштирилиб, кичик саноат зоналари фаолияти такомиллаштирилмоқда.

    Республикамизда ташкил этилган 16 та ихтисослашган чарм-пойабзал кичик саноат зонасида жойлаштириладиган инвестиция лойиҳалари учун электрон онлайн аукцион савдоларига чиқариладиган ер участкаларининг бошланғич нархи 25 йил муддатдан келиб чиқиб, ҳисоб-китоб қилинади. Ер участкалари электрон онлайн аукцион савдоларига аниқланган бошланғич нархининг 10 фоизи миқдорида чиқарилади. Электрон онлайн аукцион савдолари ғолиблари томонидан ер участкалари учун маблағлар 3 йил давомида тенг улушларда тўлаб берилади.

    Чарм-пойабзал саноатини янада ривожлантириш ва хорижий брендлар билан ҳамкорлик ўрнатиш дастури доирасида 2024-2026 йилларда “Berkemann”, “Caprise”, “Baldinini”, “Li-Ning”, “Anta Sports”, “Peak Sport”, “Xtep” каби 30 дан ортиқ нуфузли хорижий брендлар жалб қилинади.

    2023-2025 йилларда чарм-пойабзал ва мўйначилик соҳаларида юқори қўшилган қийматли, импорт ўрнини босувчи тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича умумий қиймати 1 миллиард долларга тенг 769 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади.

    Умуман, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясига мувофиқ, 2030 йилга қадар мамлакатимиз чарм ва чарм-пойабзал соҳасида бундан-да катта амалий ишлар қилинади. Хусусан, саноатнинг драйвер соҳаларини ривожлантириш ва ҳудудларнинг саноат салоҳиятини тўлиқ ишга солиш мақсади доирасида чарм-пойабзал саноатига 30 дан ортиқ нуфузли хорижий брендларни жалб этиш ҳисобига қўшилган қиймат 5 баробар оширилади. Келгуси 7 йилда соҳага қаратилган эътибор ва амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон чарм ва чарм-пойабзал тармоғи янги уфқларни забт этиши шубҳасиз.

    Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates