Бу ҳақда “Дунё” АА хабар бермоқда.
Ушбу дори воситалари шанба куни «Uzbekistan Airways» миллий авиакомпанияси орқали Шарм аш-Шайхдан Тошкентга етказиб берилди. Жами 80 қутидан иборат 1280 дона «Даклатасвир-60мг» дори воситалари Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги вирусология илмий-тадқиқот марказида даволанаётган беморларга тарқатилади.
Шу ўринда Миср гепатит «В» ва «С» вирусларига қарши курашда сезиларли ютуқларга эришганини қайд этиш жоиз. Расмий маълумотларга кўра, Миср аҳолиси ушбу касалликдан бутунлай холи ва мисрлик олимлар ўз тажрибаларини ўзбекистонлик мутахассислар билан бўлишишга тайёр.
Ўзбекистон элчихонаси Миср соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига таяниб хабар қилишича, жорий йилнинг 5-8 сентябрь кунлари Қоҳирада ўтказиладиган “Аҳоли, саломатлик ва ривожланиш бўйича глобал конгресс”да Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов иштирок этиши кутилмоқда. Ушбу ташриф доирасида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинади.