Mobile ID: унинг афзаллиги нимада?

    Жорий йилнинг 1 августдан бошлаб “Электрон ҳукумат” тизимларига киришда шахсни идентификациялаш ва тасдиқлашнинг янги модули – Mobile ID синов тартибида ишга тушди.

    Айни кунда аҳолини Мобил-ID тизими ёрдамида идентификациялаш фуқаронинг хоҳишига кўра барча Давлат хизматлари маркази ёки нотариал идора томонидан ёхуд Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг мобил иловаси орқали амалга оширилмоқда. Бу борада Тошкент вилоятида ҳам бир қатор ижобий ишлар олиб борилмоқда.

    — Эндиликда ушбу модул ёрдамида фуқаролар доимо ёнида олиб юрувчи мобил телефон рақами орқали рўйхатдан ўтиб, барча давлат хизматларидан (молиявийдан ташқари) электрон рақамли имзосиз фойдаланишлари мумкин, фақат бунинг учун фуқароларимиз смартфонига my.gov.uz мобил иловасини юклаб олган бўлиши лозим, — дейди Қибрай туман адлия бўлими Давлат хизматлари маркази директори Зебунисо Ҳакимова. — Шу кунгача тумандаги корхона, ташкилот ва муассасалар, қолаверса, фуқаролардан 3 минг 45 нафари бевосита Давлат хизматлари марказимизга келган ҳолда Мобил-ID тизимига уланди.

    Бевосита Давлат хизматлари марказлар ёки нотариал идора орқали фуқароларни Мобил-ID тизимига идентификация қилиш 2022 йил 31 декабрга қадар тўлов ундирилмасдан, 2023 йил 1 январдан бошлаб эса базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 фоизи миқдорида бир марталик тўлов ундирилган ҳолда амалга оширилади.

    Маълумот ўрнида, Тошкент вилоятида 22 минг 297 нафар фуқаро бевосита Давлат хизматлари марказига келган ҳолда Мобил-ID тизимига уланган, деб хабар беради Тошкент вилояти адлия бошқармаси матбуот хизмати.