UzAuto Motors автомобиллар сотувини тўлиқ онлайн шаклга ўтказмоқчи

    Саноат 1 декабр 2023 1202

    UzAuto Motors шартнома бериш жараёнини тўлиқ онлайн тарзда амалга оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда компания ахборот хизмати хабар берди.

    «Жорий йил август ойидан бошлаб UzAuto Motors автомобиллар учун навбатни камайтиришга қаратилган қатор чора-тадбирлар қабул қилган эди. Бу ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, шунингдек, автомобилларни ишлаб чиқариш жадвали асосида сотиш навбатларини 3 баробарга, кутиш муддатини эса ўртача 1-3 ойга қисқартириш имконини берди.

    Аммо кутиш муддатлари билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш бўйича қилинган ечимлар, дилерлик марказларида оммавий автомобиллар учун шартномаларни олишдаги кескинликни камайтирмади, бу эса ҳақли равишда истеъмолчилар норозилиги келиб чиқишига сабаб бўлмоқда.

    Бундан аввалги контрактацияда, дастурий таъминотда юқори юкланиш туфайли юзага келган техник носозликлар уни сезиларли даражада янгилаш зарурлигини кўрсатди.

    Шу муносабат билан, UzAuto Motors компанияси Ахборот ва коммуникациялар вазирлиги билан ҳамкорликда UzAutoSavdo тизимини модернизация ишлари амалга оширилиб, тизимнинг техник жиҳозланишини кучайтириш бўйича самарали ишлар қилинмоқда», дейилади хабарда.

    Онлайн сотув бўйича амалга оширилаётган ишларнинг якунланиши ва онлайн савдога тўлиқ ўтиш вақти компаниянинг расмий каналларида қўшимча равишда эълон қилиниши қайд этилган.

    Автомобилни онлайн харид қилиш бўйича шартнома тузиш учун мижозлар қуйидагиларни амалга оширишлари лозим:

    1. OneID тизимидан рўйхатдан ўтиш;
    2. Телефонга «UzAvtoSavdo» иловасини юклаб олиш (iOS/Android), avdo.uzavtosanoat.uz сайтига кириши керак;
    3. OneIDдаги пароль ёки логин ёрдамида сайт/иловадан рўйхатдан ўтиш;
    4. Автомобиль модели, ранги ва комплектацияси ҳамда маъқул келган дилерлик марказини танлаган ҳолда шартнома тузиш керак бўлади.