Қонуннинг ушбу мазмунига кўра, қонун чиқарувчи орган бир-бири билан жуда яқин, ўхшаш бўлган муайян мансабни эгаллаш ва муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилишни бирлаштириб, битта нормада берган.
Муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазо чораси сифатида яққол ифодаланган превентив хусусиятга эгадир. Мазкур жазонинг қўлланиши асосий жиҳатдан, эгаллаган лавозими ёки амалга ошириладиган фаолияти билан боғлиқ ҳолда мавжуд имкониятларни суиистеъмол қилиш билан боғлиқ бўлган жиноятларни содир этадиган шахслар томонидан мазкур жиноятларни қайта содир этилишининг олдини олиш зарурияти билан шартланади.
Муайян ҳуқуқдан маҳрум этиш – бу муддатли жазо чораси бўлиб, унинг моҳияти нафақат маҳкумни муайян вазифаларни бажаришдан четлатиш, балки уни ҳукмда белгиланган муддат давомида у ёки бу лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ёхуд у ёки бу фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилишдан иборат.
Шунингдек, уни ҳукм билан белгиланган муддат давомида у ёки бу лавозимларни эгаллаш ёхуд у ёки бу фаолият тури билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этишдан ҳам иборат бўлади, бунинг мақсади уни тегишли лавозим ёки фаолият билан шуғулланиш билан боғлиқ бўлган янги шунга ўхшаш жиноятни содир этиш имкониятидан амалда маҳрум этишдир.
Ҳозирги вақтда қонун чиқарувчи нуқтаи назаридан маълум лавозимларни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазонинг энг юмшоқ турларидан бири бўлишига қарамай, унинг ўзига хос ҳуқуқий чекловларининг ҳажми ва мазмуни жуда муҳимдир.
ЖКнинг 45-моддаси 1-қисми мазмуни бўйича, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш кўринишидаги жазо чорасини тайинлашда тақиқлаш фақат муайян лавозимни эгаллашга ёки муайян фаолиятни амалга оширишга тааллуқли бўлади.
Муайян лавозимни эгаллашнинг тақиқланиши маҳкумнинг мазкур лавозимдан (яъни ҳукмни чиқариш пайтига қадар маҳкумнинг айни лавозимни эгаллашни давом эттириши шартида) озод қилинишини ва шунга тенг тарзда бошқа корхона, муассаса ва ташкилотларда маҳкум томонидан мазкур лавозимни эгаллаш ҳуқуқининг чекланиши билан боғлиқдир. Қонуннинг мазмунига мувофиқ, маҳкум муайян лавозимни (масалан, ҳисобчи, омбор мудири ва ш.к.) ёки қандайдир вазифани амалга ошириш билан боғлиқ бўлган бир қатор лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши (масалан, моддий жавобгар лавозимларни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш) мумкин. Лекин у ҳолда ҳам, бу ҳолда ҳам маҳкум эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум бўлаётган лавозимлар суд ҳукмида аниқ белгиланган бўлиши керак.
Шу билан бир вақтда, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш кўринишидаги жазо тури маҳкумни халқ хўжалигининг у ёки бу тармоғида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилмаслигини таъкидлаш лозим.
Хусусан, суд маҳкумнинг савдо соҳасида моддий жавобгар лавозимларни эгаллашини тақиқлаши мумкин, бироқ унинг мазкур соҳадаги бошқа лавозимларда ишлашини ман қилишга ҳақли эмас.
Муайян фаолиятни амалга оширишнинг тақиқланиши маҳкумни қандайдир нисбатан доимий иш, масалан, касбий фаолият билан ва шунингдек, ҳордиқ чиқариш, тадбиркорлик фаолияти ҳамда ш.к. соҳалардаги ишлар билан банд бўлиши ҳуқуқидан маҳрум этишдан иборат. Бунда, қонун мазмунига мувофиқ тарзда, маҳкумнинг суд ҳукмида, шунингдек, аниқ белгиланган муайян фаолият туридан маҳрум қилиниши мумкинлигини таъкидлаш зарур. Шу билан бир вақтда, мазкур тақиқлаш фақат қонуний фаолият турларига нисбатан амалга оширилиши мумкин; суд ўз ҳукмида маҳкумни жиноий фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қила олмайди, чунки мазкур шахс айни фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига умуман ҳақли эмас ва мана шундай жазо чораси мазмунсиз ва бемаъни чора бўлиб қолади (масалан, маҳкумга гиёҳванд моддалар, уларнинг аналогларини сотиш бўйича фаолиятни амалга оширишни ман этишга йўл қўйиш мумкин эмас).
Жиноятни содир этишда айбдор деб топилган шахс у ёки бу лавозимни эгаллаш ҳуқуқидан маҳрум этилиши ёки муайян фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин. Шахс учун шу иккала ҳуқуқларни амалга ошириш имкониятини тақиқлашга йўл қўйиб бўлмайди.
ЖК 45-моддаси 2-қисмидаги ҳолатларга мувофиқ, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилишни фақат айбдор деб топилган шахс томонидан содир этилган жиноят мазкур шахснинг эгаллаб турган лавозими билан ёки унинг фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган ҳолларда жазо чораси сифатида қўллаш мумкин. Шу муносабат билан Олий суд Пленумининг тушунтириши бўйича, “айбдор ўзи эгаллаган лавозим ёки хизмат фаолияти билан бевосита боғлиқ ҳолда жиноят содир этган ҳар бир ҳолда, суд жиноятнинг хусусиятидан келиб чиқиб, маҳкумни у ёки бу мансабни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш масаласини муҳокама қилиши шарт. Бундай жазони тайинлаш пайтида ҳукмнинг қарор қисмида судланувчи шуғулланиши мумкин бўлмаган мансаб характери ёки фаолият тури аниқ кўрсатилиши керак.
Ҳукм чиқарилаётган пайтда маҳкум жиноят содир этилиши билан боғлиқ бўлган мансабни эгалламаслиги ёки фаолият тури билан шуғулланмаслиги ҳолати қўшимча жазо қўллаш учун тўсиқ бўлмайди”.
Aгарда содир этилган жиноят ўзининг хусусиятлари бўйича шахснинг эгаллаб турган лавозими ёки унинг фаолияти билан боғлиқ бўлмаса, бу ҳолда мазкур шахс айни шу лавозимни эгаллаш ҳуқуқидан ёки мазкур фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин эмас.
Жазо чорасини муайян фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқидан маҳрум қилиш кўринишида тайинлаш ҳолатида судлар маҳкумнинг ҳаёт кечиришини таъминловчи тизимда унинг амалга ошираётган фаолиятининг ўрнига, шунингдек, даражасига эътиборни қаратишлари лозим. Хусусан, агар амалга оширилаётган фаолият маҳкумнинг асосий даромад манбаи (масалан, ов қилиш) бўлса, мазкур жазо турини тайинлашга йўл қўйилмаслиги керак. Хулоса қиладиган бўлсак, худди шундай тарзда суд кўриб чиқаётган давлат мажбурлови чорасини маълум бир шахсларнинг ягона касбий фаолияти (масалан, тадбиркорлик фаолияти, транспорт воситаларини бошқариш ва ш.к.) бўлган фаолият турларининг соҳиблари бўлган шахсларга нисбатан тайинланишининг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги масаласини муҳокама қилиши зарур бўлади.
Аброр Мамажонов,
Тошкент давлат юридик университети
Жиноят ҳуқуқи, криминология ва коррупцияга
қарши курашиш кафедраси ўқитувчиси, ю.ф.ф.д.









