Наманган зиёлиларига эҳтиром намунаси

    Умримнинг саксонинчи довонига қадам қўйдим. Бу галги таваллуд айёмим ҳаётимдаги энг ҳаяжонли ва унутилмас воқеа сифатида қалбимга муҳрланди.

    Боиси, муҳтарам Президентимиз туғилган куним муносабати билан 18 февралда махсус фармонга имзо чекди.

    Юбилейда каминани «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони билан тақдирлаш ҳақидаги мамлакатимиз раҳбарининг Фармонини Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ижтимоий ривожланиш департаменти мудири Одил Абдураҳмонов ўқиб эшиттирди. Юксак мукофотни тантанали равишда топшириб, кўксимга тақишганида бошим осмонга етди.

    Фурсатдан фойдаланиб, камтарона меҳнатларимни юқори даражада баҳолаб, катта эҳтиром билдирган Юртбошимизга матбуот орқали чексиз миннатдорлик йўллайман.

    Шу қувончли лаҳзаларда раҳматли отам Файзулло Имомовнинг ён дафтарим илк саҳифасида ва ёзув столим устида турадиган «Ўғлим, ҳаётнинг эгри йўлларида ҳам доимо тўғри юргин!» дея айтган пурмаъно ҳикматли сўзлари алоҳида аҳамият касб этганини, ҳар қандай ҳолатда илмга суянмоқ лозимлигини яна бир карра англадим. Собиқ шўролар тузумининг долғали йиллари, ватанимиз мустақилликка эришиш остонасидаги таҳликали даврларга шахсан гувоҳман.

    Сиёсий партияларда, Олий Мажлисда фаолият юритдим, халқ депутатлигига қайта-қайта сайлашди. Вилоятимизнинг тўнғич олий ўқув юрти ҳисобланган Наманган давлат университетида узоқ йил ректорлик қилдим. Самарали илмий мактаб яратишга интилдим. Олимлик ва арбобликни бараварига уддалаш насиб этди. Профессорлик, сиёсий фанлар доктори мақомига эришдим. Шукурки, ҳозирда издошларимнинг саноғи йўқ. Рағбат одамни руҳлантиради. «Эл-юрт ҳурмати» орденига, «Ўзбекистон белгиси», «Олий таълим аълочиси», «Маънавият фидойиси» кўкрак нишонларига лойиқ кўришди.

    Байрамона тадбирда атрофимда парвона бўлган, қутлаб ардоқлаган яқинларим, дўсту биродарларим, касбдошларим ва шогирдларим, фарзандларим, кенг жамоатчилик эъзозидан беҳад мамнунман. Ҳа, барчалари «Инсон қадри учун» эзгу тамойилининг чиройли намунасини таъминлашди. Юртбошимизнинг мазкур эътибори ва эътирофи Наманган зиёлилари, нуронийлари учун шараф ва оиламизга шонли санадир, десам, айни ҳақиқатдир.

    Чин дилдан таъкидлашни истардимки, қаерда ишлашимдан, даражам ва ёшим қандайлигидан қатъи назар, бор куч ҳамда салоҳиятимни Янги Ўзбекистон тараққиёти учун сарфлайман.

    Турсунбой ФАЙЗУЛЛАЕВ,

    НамДУ профессори, сиёсий фанлар доктори,

    «Эл-юрт ҳурмати» ордени ва

    «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси» фахрий унвони соҳиби

    No date selected
    июл, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates