1 декабрдан бошлаб Наманган вилоятидаги тўртта ҳудудда аҳолидан маиший чиқиндиларни олиб кетиш хизмати мамлакатда илк бор хусусий корхона томонидан амалга оширила бошлади.
Вилоят ҳокимлиги, вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳамда «Наманган мусаффо иқлим» МЧЖ ўртасида тузилган давлат-хусусий шериклик битими асосида мазкур жамият Наманган шаҳри, Тўрақўрғон, Мингбулоқ ва Наманган туманларида ушбу хизматларни кўрсатиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Корхонага давлат томонидан 74 та махсус автотранспорт воситаси 7 йил муддатга бўлиб тўлаш шарти билан, 2 та чиқиндиларни жойлаштириш полигони маиший чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлашга инвестиция киритиш шарти билан 10 йил муддатга, 36 та маиший чиқиндиларни қабул қилиш шохобчаси ва 206 та чиқинди контейнери 10 йил муддатга беғараз фойдаланиш учун тақдим этилди.
«Ўзбекистонда 2011 йилда шу соҳада иш бошлаган илк тадбиркорлик субъекти бўлсак керак. Энди Наманган вилоятидаги тўртта ҳудудда аҳолидан маиший чиқиндиларни олиб кетишга киришдик. Биз соҳага 7,8 миллион доллар инвестиция киритиб, Хитойдан 80 та чиқинди ташувчи техника олиб келамиз. 4 та чиқиндиларни саралаш ва қайта ишлаш ускунаси, 50 та маиший чиқиндиларни тўплаш шохобчаси ва 150 та чиқинди контейнери, шунингдек, 3 та чиқиндини қайта юклаш станциясини қуриб битказамиз», — дейди жамият директори Фахриддин Ибрагимов.
Ҳозир вилоятнинг Чуст ва Косонсой туманларида ҳам тадбиркорлар шу пайтгача «Тоза ҳудуд» давлат корхонаси томонидан амалга ошириб келинган хизматларни ўз зиммасига олишга қизиқиш билдиряпти.
Маълум бўлишича, бугунги кунга келиб аҳолининг чиқиндиларни ташиб кетиш хизматидан бўлган қарзи 21 миллиард сўмни ташкил этади. Қарздорликни бартараф этиш, ҳудудни тоза сақлаш ишларини янада жадаллаштириш мақсадида «Наманган мусаффо иқлим» МЧЖ қўшимча равишда назоратчи вазифасига 60 нафар талабгорни ишга қабул қилишга тайёрлиги билдирди.
Маълумот учун, Наманганда мазкур битимларни амалга ошириш натижасида аҳолини маиший чиқиндиларни ташиш хизмати билан 100 фоиз қамраб олиш, чиқиндиларни қайта ишлаш даражасини эса ҳозирги 13 фоиздан келгуси йили 38 фоизгача етказиш режалаштирилган. Бу ҳақда Наманган вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар беради.