Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ташкил этилганининг 33 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Наманган вилояти Давлатобод туманида «Ватанпарварлар боғи» мажмуасининг очилиши байрамга муносиб совға бўлди.
Тантанали очилиш маросимда вилоят ҳокимлиги, Шарқий ҳарбий округ қўмондонлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, кенг жамоатчилик ва ёшлар вакиллари иштирок этди.
Мажмуанинг қурилишида Президентимиз томонидан белгилаб берилган концепция бўйича талаблар бажарилган.
Мазкур боғда кўргазма сифатида ҳарбий техникалар ўрнатилди, Ватан ҳимояси йўлида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларимизнинг бюстларидан иборат бўлган «Қаҳрамонлар номи барҳаёт» композицияси ҳамда «Ватанпарварлик музейи» барпо этилди.
Шунингдек, боғда ёшларнинг мазмунли дам олишлари ва чиниқишлари учун турли машқ майдонлари, ҳарбий мудофаа истеҳкомлари ва бошқа иншоотлар барпо этилди.
Рамзий лента қирқилиб, йиғилганлар «Ватанпарварлар боғи»да сайр қилдилар. «Қаҳрамонлар номи барҳаёт» композициясида ўз хизмат вазифасини ўташ чоғида ҳалок бўлган 14 нафар наманганлик йигитларнинг бюсти остига гулчамбарлар қўйилди.