Наманганнинг юксалаётган туризм салоҳияти иқтисодиёт ривожида ҳам муҳим ўринни эгаллайди

    Суҳбат 12 феврал 2021 7595

    Туризм. Бу сўз бугун бутун дунё аҳлини ўзига оҳанрабодек жалб этмоқда. Чунки туризм соҳаси мамлакатлар иқтисодиётида алоҳида ўрин тута бошлади. Жумладан, кейинги йилларда юртимизда ҳам бу йўналишда катта қадамлар ташланди, туризм салоҳиятини ошириш юзасидан бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилди. Натижада республикамизнинг ҳар бир ҳудудида туризмни ривожлантириш бўйича янги лойиҳалар, имкониятлар бўй кўрсатди.

    Суҳбатдошимиз – Наманган вилоят туризмни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Аюбхон Бабамирзаев. Мухбиримиз унинг ўтган йил давомида вилоятда туризм соҳасида амалга оширилган ишлар ва галдаги режалар хусусидаги фикрларини ёзиб олди.

    - Аюбхон Мамадалиевич, суҳбатимиз аввалида вилоятдаги мавжуд туризм объектлари ҳақида маълумот бериб ўтсангиз.

    - Вилоятда мавжуд туризм объектлари сони 301 тани ташкил этади. 24 та зиёратгоҳ, 242 та маданий мерос объекти, 152 та археология ёдгорлиги, 98 та архитектура ёдгорлиги, 22 та истироҳат боғлари шулар жумласидан.

    Бугунги кунда вилоятда 28 та тур оператор, 4 та дирекция, 25 та меҳмонхона ва 48 та меҳмон уйи (2013 ўрин), жами 78 та жойлаштириш воситаси, 40 та микроавтобус, 6 та гид-таржимон маҳаллий ва хорижий фуқароларга сайёҳлик хизматлари ташкил қилинган. Соҳада 1900 нафар ишчи-ходим меҳнат қилмоқда. 2020 йил давомида хорижий ва маҳаллий туристлар учун 5 та туризм ахборот маркази, 70 та намунавий санитария-гигиена шохобчаси, 40 та туристик объектига олиб борувчи йўл кўрсатгич белгилари ва 80 та туризм объектида Wi-Fi ҳудудлари ташкил қилинди.

    - 2020 йил мамлакатимиз ҳам карантин шароитига ҳаёт кечирди. Бироқ шундай бўлса-да, вилоятга хорижлик сайёҳлар ташрифи кузатилди, шундайми?

    Албатта, ўтган йилнинг январь-ноябрь ойлари давомида вилоятимизга жами 34091 нафар (шундан 4052 нафари хорижий, 30039 нафари маҳаллий) сайёҳ ташриф буюрди. Бошқача айтганда, 2020 йилда туризм хизматлар экспорти ҳажми 5,4 млн АҚШ долларини ташкил этди.

    Ўтган йили бир қатор маданий мерос объектлари таъмирлангани ва реконструкция қилинганидан хабаримиз бор. Шу ҳақдаги аниқ маълумотлар билан ҳам бўлишсангиз.

    Ўтган йили республика туризм маршрутига киритиш мақсадида вилоятдаги 25 та маданий мерос объектини таъмирлаш учун таклиф берилган эди. Натижада Чортоқ туманидаги “Султон Увайс Қароний” зиёратгоҳи, Тўрақўрғон туманидаги “Ахсикент очиқ осмон музейи”, Чуст туманидаги “Бибиона” зиёратгоҳи, Поп туманидаги “Ҳазрати Боб” зиёратгоҳида қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилиб, бу мақсад учун бюджет маблағлари ҳисобидан 26,8 млрд.сўм сарфланди.

    Шу билан биргаликда, ҳомийлик ва бюджет маблағлари ҳисобидан Наманган шаҳрида жойлашган “Ўн бир Аҳмад” ва “Қодирхўжа эшон уйи”, Уйчи туманидаги “Девона бува”, Чуст туманидаги “Буонамозор” ва “Айритом бобо”, Наманган туманидаги “Хилватхона” зиёратгоҳларида реконструкция ва реставрация-тиклаш ишлари амалга оширилди. Бу объектларнинг айримларида таъмирлаш ишлари давом этаяпти.

    Шунингдек, жорий йилда 16 та маданий мерос объектининг инфратузилмасини яхшилаш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилган. Маданият вазирлиги маданий мерос департаменти ва Наманган давлат университети билан ҳамкорликда “Ахсикент” ва “Мунчоқтепа”(Қадимги Поп) археологик ёдгорлигини умумжаҳон ЮНЕСКО рўйхатига киритиш учун номзоднома тайёрланмоқда.

    Ички туризмни ривожлантириш мақсадида республика миқёсида бошқа вилоят ҳокимликлари билан туризм соҳасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

    Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, вилоят ҳудудининг ўзига хослигидан келиб чиқиб, экотуризм (тоғли ҳудуд ва дарё буйи туристик объектлари), агротуризм (балиқчилик кластерлари, мевали боғлар, йилқичилик), гастрономик туризм (Чуст ош маркази, мега палов), зиёрат туризми, экстремал туризм, этнотуризм, тиббиёт туризми йўналишларини ривожлантириш имкониятлари мавжуд.

    - Шундай экан, жорий йилда қандай вазифалар амалга оширилиши назарда тутиляпти?

    - Вилоятда 2021-2022 йилларда маҳаллий ва хорижий ташаббускорлар томонидан жами қиймати 2,0 трлн. сўм миқдоридаги 43 та истиқболли инвестиция лойиҳаси амалга оширилиши ҳамда 1493 та янги иш ўрни яратилиши бўйича манзилли рўйхат шакллантирилган.

    Поп туманининг Чодак, Янгиқўрғон туманининг Нанай, Чуст туманининг Ғова ҳамда Косонсой туманининг Олмазор маҳаллаларида 4 та туризм қишлоқлари ва уларда 500 та оилавий меҳмон уйларини ташкил қилиш натижасида 1000 дан ортиқ аҳоли иш билан таъминланиши назарда тутилган.

    Жорий йилда сайёҳларни янада кўпроқ жалб этиш мақсадида 10 дан ортиқ тадбирлар ташкил этилиши режалаштирилган. Хусусан, “Нон фестивали” байрами доирасида юртимизда илк бора барча нон турлари тайёрланиб, хорижий ва махаллий туристларга ҳавола қилинади. Шунингдек, Наврўз умумхалқ байрами доирасида 7 тонналик сумалак тайёрланади, Наманган шаҳрида май ойида 60-юбилей “Гуллар фестивали”ни ўтказилади ва мазкур тадбирда чет эллик гулчилар ҳамда сайёҳлар иштирок этиши кутилмоқда.

    Гастрономик туризмни янада ривожлантириш мақсадида Наманган шаҳрининг марказида (“Афсоналар водийси” боғида) “Taste of Uzbekistan” гастрономик фестивалини, Чуст туманида “Ош фестивали”ни, Халқаро велосипед кунига бағишлаб “Тунги велосайр”тадбирини ташкил этиш режалари ҳам бор.

    - Мамлакатда ички туризмни қайта тиклаб олиш, туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш ҳамда иш ўринларини сақлаб қолиш мақсадида қандай чора-тадбирлар амалга оширилади?

    - Айни шу мақсадда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан маҳалла фаоллари, нуронийлар, ёшлар жамоалари, корхона ва ташкилотлар меҳнат жамоаларининг вилоят ҳудуди ва вилоятлараро саёҳатларини ташкил этиш режа-жадваллари тасдиқланди.

    Бунда 13 минг нафар “Темир дафтар”га киритилган аёлларнинг вилоят ичида ҳамда 332 минг нафар сайёҳларнинг бошқа ҳудудлардан вилоятга ташрифи ташкиллаштирилади.

    Шу билан бирга, Поп ихтисослашган ўрмон хўжалигининг Гулистон бўлими Чодак қишлоғи ҳамда Косонсой тумани Олмазор МФЙда жойлашган тоғли ҳудудларда қоя тошларга чиқиш, шунингдек, мото ва автокросс пойгаларини ташкил этишдан иборат хавфсиз экстремал туризм турларини ривожлантириш имкониятлари ўрганилиб, тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилади. Зиёрат туризмини янада ривожлантириш, сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсади 2021-2026 йиллар давомида яна вилоятдаги 23 та зиёрат объектларида реконструкция, таъмирлаш, инфратузилмани ривожлантириш лойиҳалари амалга оширилади.

    Бир сўз билан айтганда, вилоятнинг туризм салоҳиятини ошириш, соҳада янги лойиҳаларни амалга оширилишини таъминлаш мақсадида 2021-2023 йиллар учун дастур ишлаб чиқилди. Мазкур дастурга 167 та лойиҳа киритилган бўлиб, буларнинг барчаси туризм соҳасида хизматлар ҳажмини ва сифатини ошириш, ялпи ҳудудий маҳсулотдаги туризмнинг улушини кўпайтиришга хизмат қилади.

    - Соҳада амалга оширилаётган йирик лойиҳалар ва уларнинг амалга ошириш механизмлари, киритилаётган хорижий инвестициялар ҳажми ҳақида ҳам маълумот бера оласизми?

    Йирик лойиҳалардан бири - “Поп Туризм” мажмуаси бўлиб, Поп туманида тоғ этагида 54 гектар майдонда жойлашади. Лойиҳа умумий қиймати 2,5 млн. АҚШ долларини ташкил этади. Бу 2,1 млн. АҚШ доллари тўлиқ хорижий инвестиция маблағлари, 0,4 млн. АҚШ доллари банк кредити бўлган туризм мажмуаси лойиҳаси ҳисобланади. Ушбу лойиҳа “Apart Hotel Cosmos”МЧЖ томонидан Россия Федерациясининг “Строй Лидер”МЧЖ фирмалари билан хамкорликда амалга оширилмоқда. Лойиҳа доирасида 200 ўринли 3 юлдуз тоифадаги меҳмонхона, 205 ўринли ўтов типидаги дам олиш маскани, 3 км. узунликдаги йўловчи ташувчи дор йўли, овқатланиш шаҳобчалари, сузиш хавзаси, болалар майдончалари, кичик амфитеатр ва соғломлаштириш марказлари бунёд этилади. Мажмуа 2021 йилнинг сентябрь ойигача қурилиб фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.

    Яна бир йирик лойиҳа - “Namangan square” мажмуаси. Бунда Наманган шаҳрида “NAMANGAN PREMIUM INVESTMENT”МЧЖ томонидан 1500 та турар-жой комплекслари (уй ва виллалар), 2 та пентхауз, эгизак миноралар, меҳмонхоналар, Spa ва соғломлаштириш масканлари, спорт зал, уй кинотеатри, футзал, гольф, баскетбол ва гандбол майдонлари, стол теннис, бассейнлар ва яшил ороллар, бизнес-марказ, конференция зали, савдо дўконлари, кафелар, ресторан ва савдо марказлари, 3 та болалар боғчаси, шифохона, амфитеатр, фавворалар, кўллар, пиёда юриш йўлакчалари қурилиб, ишга туширилиши режалаштирилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 50 млн. АҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳа 2024 йилда қурилиб фойдаланишга топширилади.

    “Namangan Outstanding Square” мажмуаси эса “NAMANGAN QIANGXING INVESTMENT” МЧЖ томонидан 6,9 гектарер майдонида 70,0 млн. долларлик “Namangan Outstanding Square” мажмуасини ташкил этиш лойиҳаси ишга туширилиши натижасида йилига 70-80 млрд. сўмлик хизматлар ташкил этилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 70 млн. АҚШ доллари. Лойиҳа 2023 йилда қурилиб фойдаланишга топширилади.

    “Афсонлар водийси” эса вилоятнинг туризм “магнити” ҳисобланади. Умумий қиймати 618,0 млрд. сўмлик 155 гектар майдонни эгаллаган мажмуада айни пайтда 113 та тадбиркорлик субъектлари томонидан 16 турдаги аттракционли тематик парк, 2400 ўринли амфитеатр, 7 хил сув аттракционлари ва 16 та бассейнли аквапарк, 2 та замонавий шаршара ва мусиқали фаввора, 3 та ресторан, 1800 ўринли 2 та автотураргоҳ ташкил этилган. 2022 йил март ойига қадар миллий ҳунармандлар маркази, масжид, 400 ўринли меҳмонхона, 110 та виллани ишга тушириш режалаштирилган. Боғ тўлиқ фойдаланишга топширилса, йилига 600 минг нафар сайёҳлар ва маҳаллий аҳолига хизмат кўрсатиш имконияти яратилади.

    - Суҳбатимиз сўнггида шундай савол билан мурожаат этмоқчиман: сиз вилоят туризмини ривожлантиришдаги “ўсиш нуқталари”ни сиз қандай белгилаган бўлар эдингиз?

    Назаримда, Чуст туманини туризм марказига айлантириш мумкин. Бунда “Мавлоно Лутфий” истироҳат боғида хорижий ва маҳаллий аҳолининг турли бош кийимларини ўзида жамлаган “Дўппи музейи” ташкил қилиш ва Чуст дўппиларининг савдосини йўлга қўйиш, “Биби она” зиёратгоҳи ҳамда “Варзик” маҳалласидаги “Тешиктош” ва кузатув майдонига эга қоятошларга турлар ташкил қилиш, дўппидўзлар ва пичоқчи усталар маҳаллаларини туманнинг ташриф қоғози сифатида фойдаланиш, Чуст туманининг дўппидўзлик мактаби санъатини ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мерослар объектлар рўйхатига киритиш бўйича таклиф киритиш бу режани амалга ошириш механизмлари бўлиши, шубўасиз.

    Шунингдек, “Афсоналар водийси” боғини вилоятнинг “чорловчи нуқтаси” сифатида фойдаланиш орқали, вилоятга ташриф буюрган меҳмонларни ҳудуд бўйлаб саёҳатларга жалб этиш керак. Ушбу маскан бўйича кенг тарғибот ишларини олиб бориш ҳамда турли инфотурлар ташкил қилиш, вилоятда фаолият юритаётган туроператорларни бир жойда жамлаш орқали боғ ҳудудида “Visitor centre” фаолиятини йўлга қўйиш, “Visitor centre”да турли йўналишларда ишлаб чиқилган турпакетларни ташриф буюрувчиларга сотиш чораларини кўриш керак. Меҳмонлар учун транспорт хизматлари ва гид-экскурсоводлар фаолиятлари йўлга қўйилади.

    Қолаверса, тесктиль корхоналарнинг мавжуд салоҳиятларидан фойдаланган ҳолда ички туризмни ривожлантириш мақсадида “Shopping” туризмини йўлга қўйиш лозим. Бунда текстиль корхоналарида мавсумдан чиққан маҳсулотларни омборда тўпланиб қолинишининг олдини олиш мақсадида маҳсулотларга турли чегирмалар жорий қилиш ва республика бўйлаб олдиндан тарғиб қилиш, бошқа вилоятларнинг марказий кўчаларидан тўғридан-тўғри Наманганга келувчи автотранспорт воситалари фаолиятини (текстиль корхонаси ҳисобидан ёки маълум бир қисми маҳаллий ҳокимлик томонидан қоплаб берилади) йўлга қўйиш, тўй маросимлари учун келин ва куёв сарполарини Наманган вилоятидан харид қилишга чорлаш бўйича тарғибот қилиш кутилган самарани беради.

    - Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур. Завқли ва машаққатли фаолиятингизда ҳамиша омад ёр бўлсин!

    Санжарбек ҲАМИДОВ суҳбатлашди.

    9 октябр 2024,

    Янги Ўзбекистоннинг маънавий қиёфаси ёхуд ёруғ келажак пойдевори қандай қўйилмоқда?

    Мамлакатлар тараққиётида маънавият, маданият бирламчи масалалардан бири ҳисобланади. Айниқса, ҳозиргидек глобал дунёда ўзликни сақлаб қолиш, ягона халқ бўлиб олға интилишда санъат ва маданиятнинг аҳамияти катта. Юртимизда эзгулик, инсонпарварлик тамойилига асосланган “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” ғояси кенг тарғиб этилмоқда. Бу жамиятимизда соғлом дунёқарашни ривожлантириб, бунёдкорлик ташаббусини умуммиллий ҳаракатга айлантиришга хизмат қиляпти. Халқимиз қалбида бугунги ислоҳотларга ишонч, тинч ва осойишта кунларга шукроналик, эртанги ёруғ келажакка умидни тобора кучайтирмоқда. Мазкур ислоҳотлар жараёнида маданият ва санъатга, унинг тараққий топишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates