Президентимиз бундан уч йил олдин бўлиб ўтган Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг VIII Қурултойи иштирокчиларига йўллаган табрикларида 11 ноябрни касаба уюшмалари куни, деб эълон қилган эдилар.
Шу боис ҳам ушбу сана Ўзбекистон касаба уюшмаларининг ҳаётида унутилмас ва зарҳал ҳарфлар билан ёзиладиган тарихий кунга айланди.
Ушбу санани муносиб нишонлаш мақсадида Навоий шаҳрида байрам тадбири ташкил этилди. Тадбирда вилоят ҳокими Нормат Турсунов иштирок этиб, соҳа ходимларини табриклади.
Маълумот учун, вилоятда 8162 нафар ишчи-ходим, пенсия ёшидагилар, юбилей саналарини нишонлаётган ходимлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва ижтимоий ҳимояга муҳтожларга 2 миллиард 941,2 миллион сўмлик моддий ёрдам ва турли тўловлар амалга оширилгани давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган инсон қадри тамойилининг амалий ифодаси бўлди.
Эътиборлиси, ижтимоий ҳимояга йўналтирилган бу мабғаларнинг 1 миллиард 189,9 миллион сўми айнан касаба уюшмалари маблағлари ҳисобига тўғри келади.
Бугунги кунда вилоятда касаба уюшмалари тизимида 3300 дан ортиқ бошланғич ташкилот самарали фаолият кўрсатиб келмоқда. Тизимда эса 120 нафардан зиёд ходим ва 1200 нафарга яқин фаоллар фидокорона меҳнат қилмоқда.
Кенгаш томонидан жорий йилнинг ўтган даврида вилоятимиздаги 369 та корхона, ташкилот ва муассасанинг 6709 нафар ходими касаба уюшмаси аъзолигига қабул қилингани Касаба уюшмаларига бўлган юксак ишончдан далолатдир.
Тадбир сўнгида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, аҳолининг эҳтиёжманд қатламини ҳамда меҳнат жамоалари аъзоларини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш ишларида фаол иштирок этаётган бир гуруҳ фидойи соҳа ходимлари ҳамда танлов ғолиблари диплом, пул мукофоти ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.