Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиқов олиб борган мажлисда ташкилотнинг Назорат-тафтиш комиссияси, касаба уюшмалари республика ва ҳудудий кенгашлари раислари, тизимдаги масъул ходимлар иштирок этди.
Дастлаб “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг устувор йўналишлари бўйича белгиланган вазифаларнинг 2023 йил якуни юзасидан ижроси ва 2024 йилдаги асосий вазифалари тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, 2023 йил ҳам янги Ўзбекистоннинг миллий юксалиш тарихида ўзига хос муҳим тарихий воқеаларга бой бўлди. Президентимизнинг мустаҳкам сиёсий иродаси, инсон манфаатлари йўлида амалга оширилаётган тизимли ислоҳот ва ташаббуслари, халқимизнинг фидокорона меҳнати билан улкан ютуқларга эришилди. Жумладан, 30 апрель куни мамлакатимиз тарихида илк бор умумхалқ референдуми асосида янги таҳрирдаги Конституциямиз қабул қилинди, шу асосда Ўзбекистон Республикаси Президентлиги учун муддатидан илгари сайлов ўтказилди. Ушбу икки муҳим сиёсий воқелик халқимизнинг нечоғлик якдиллиги, кенг кўламли ислоҳотларни фаол қўллаб-қувватлаётганини кўрсатди.
Якунланган йил касаба уюшмалари фаолияти учун ҳам самарали ўтди. Хусусан, тизимдаги ташкилотлар томонидан ижтимоий шериклик кўламини ошириш, ходимларнинг меҳнат соҳасидаги хуқуқларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини олиб бориш, уларнинг оила аъзолари ўртасида маданий-маърифий, спорт ва соғломлаштириш ишларини ташкил этиш борасида тизимли ишлар амалга оширилди.
Федерация меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш ишларида фаол иштирок этиб, ижтимоий-меҳнат соҳасига доир 150 та норматив ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари юзасидан таклифлар берди. Касаба уюшмалари меҳнат инспекторлари 3000 га яқин корхона ва ташкилотда жамоатчилик назорати ўтказди ва бу кўрсаткич 2022 йилга нисбатан 55 фоизга ортди. Бу жараёнда ходимлар манфаатларига доир меҳнат қонунчилиги ва норматив ҳужжатлар талаблари бузилиши бўйича аниқланган камчиликларнинг бартараф этилиши доимий эътиборда бўлди. Натижада, 4800 дан зиёд мурожаат кўриб чиқилди ҳамда 141 минг 783 фуқаронинг ҳуқуқлари тикланиб, улар фойдасига 64 миллиард 696 миллион сўмдан зиёд зарар ундирилишига эришилди. Янги таҳрирдаги Меҳнат кодексини амалиётда қўллаш борасидаги ишлар ҳам фаол йўлга қўйилди.
Корхона ва ташкилотлар касаба уюшмаси ҳамда иш берувчи ўртасида ижтимоий ҳимоя тизими ва ижтимоий шериклик мустаҳкамланмоқда. Буни 2023 йилда бир ходимга йил давомида жамоа шартномаси орқали ўрта ҳисобда сарфланган маблағ 7,5 миллион сўмдан зиёдни ташкил этганида ҳам кўриш мумкин.
Хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, гендер тенгликни таъминлашга кўмаклашиш йўналишларида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Ўтган йилда Федерациянинг ишонч телефонига хотин-қизлардан тушган жами 26 минг 864 мурожаатда кўтарилган муаммолар ҳал этилишида амалий ёрдамлар кўрсатилди.
2023 йилнинг 1 декабрь ҳолатига кўра, 6 тоифа бўйича “Аёллар дафтари”га киритилган 993 мингдан зиёд хотин-қизнинг муаммолари ҳал этилди. Жумладан, 423 минг 196 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизнинг бандлиги таъминланди, 49 мингга яқин хотин-қизга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари учун кредитлар ажратилди. Уй-жойга муҳтож бўлган 8656 хотин-қизнинг уй-жой шароитларини яхшилаш чоралари кўрилди. Қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди мавжуд 86 минг 335 хотин-қизга моддий ёрдам берилди.
Ишчи-ходимлар ўртасида оммавий спорт ва жисмоний тарбияни ривожлантиришга кўмаклашиш, соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ишлари ҳам касаба уюшмаларининг диққат марказида бўлди.
Ўтган йилларда тизимдаги санаторийлар ва улардаги ўринлар сонини ошириш борасида олиб борилган ишлар бугунга келиб ўз натижасини бермоқда. Хусусан, 2023 йилда Федерация тизимидаги санаторийлар сони 31 тага, улардаги ўринлар сони 6753 тага етди. Бу эса санаторийларда йил давомида 200 мингга яқин дам олувчини, жумладан, 61 минг 279 нафарини имтиёзли ва 3561 нафарини бепул йўлланмалар асосида соғломлаштириш имконини берди.
Эътиборли жиҳати, касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда 200 дан зиёд уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ҳамда уларнинг кузатувчилари давлат бюджети ҳисобидан бепул соғломлаштирилди. “Саховат” интернат уйлари ҳамда Уруш ва меҳнат фахрийлари учун республика пансионатида истиқомат қилувчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга йўлланмалар ажратилди. Ташкилотларда ишловчи пенсионерлар ҳамда касаба уюшмалари аъзоларининг пенсиядаги ота-оналари имтиёзли, ишлайдиган пенсионерлар бепул йўлланмалар билан таъминланди. Кам таъминланган, кўп болали оилалардаги хотин-қизлар, тиббиёт соҳаси ходимлари ҳамда ёш оилалар вакилларидан 888 нафари ижтимоий акциялар доирасида бепул йўлланмалар билан соғломлаштирилди.
Шунингдек, «Меҳрибонлик» уйлари, Болалар шаҳарчалари, оилавий болалар уйлари тарбиячилари, умумтаълим муассасаларининг ўқитувчилари ҳамда таълим ривожига муносиб ҳисса қўшган, давлат мукофотларига сазовор бўлган педагоглардан қарийб 2130 нафарига ҳам бепул йўлланмалар тақдим этилди.
2023 йилги ёз мавсуми даврида 1118 оромгоҳ фаолияти йўлга қўйилиб, уларда 331 минг 711 нафар бола соғломлаштирилди. Шундан, 196 та стационар турдаги оромгоҳда 157 минг 793 ва 922 та соғломлаштириш майдончаларида 173 минг 918 бола дам олдирилди. Шунингдек, халқаро ҳамкорлик дастурлари доирасида тожикистонлик 50 ўғил-қиз Фарғона вилоятидаги “Товул” оромгоҳида, қирғизистонлик 50 нафар бола “Тонг” оромгоҳида ёзги таътилни мароқли ўтказди. Қорақалпоғистон Республикасидан 3 минг ҳамда Хоразм вилоятидан 1500 нафар болажонлар ўз ҳудудларининг энг яхши стационар турдаги оромгоҳларида бепул соғломлаштирилди.
Касаба уюшмалари Федерацияси фаолиятининг устувор йўналишларидан бири бўлган халқаро ва миллий меҳнат стандартларини жорий этишга кўмаклашиш соҳасидаги ишлар ҳам тизимли давом этмоқда.
Мажлисда жамоа шартномалари сифатини янада ошириш, иш ҳақи бўйича жамоатчилик назорати ҳамда меҳнат муҳофазасига оид талабларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини янада кучайтириш кераклиги таъкидланди. Шунингдек, касаба уюшмалари тизимидаги Ёшлар бирлашмалари фаолиятини янада ривожлантириш, уларни ёшларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш бўйича белгилаб олинган вазифаларнинг тўлиқ амалга оширилишига эришиш зарурлиги қайд этилди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясидан келиб чиққан ҳолда, 2024 йилда касаба уюшмалари олдида турган асосий устувор вазифалар белгилаб олинди. Жамоа келишувлари, шартномаларини тузиш ва рўйхатга олиш бўйича ахборот тизимини ишга тушириш, Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йилида ёшларни касаба уюшмаларига фаол жалб этиш, бу орқали уларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, давлат органлари ва ташкилотларида жамоатчилик назорати доирасида Гендерга оид аудитни ўтказиш амалиётини янада кенгайтириш, Президентимизнинг 2023 йил 22 декабрь куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида белгилаб берган вазифаларидан келиб чиқиб, касаба уюшмаси ташкилотларида маданий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш каби чора-тадбирлар шулар жумласидандир.
Мажлисда “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Хотин-қизлар кенгашининг янги таҳрирдаги Низоми ва кенгаш таркибини тасдиқлаш тўғрисида”ги ҳамда “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Бош кенгашининг айрим ваколатларини Ижроия қўмитага бериш тўғрисида”ги масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Бош кенгаш мажлисида касаба уюшмалари тизимида ижтимоий объектлар, хусусан, санатор-курорт муассасалари ҳамда болалар соғломлаштириш оромгоҳлари қурилиши борасидаги ишлар танқидий таҳлил этилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари