"Коррупция шундай ёвуз иллатки, у халқнинг давлатга, Конституция ва қонунларга ишончига путур етказади, барқарор ривожланиш ва хавфсизлик учун жиддий таҳдидга айланади" – деб таъкидлаб ўтди давлатимиз раҳбари.
Шу маънода, “Навоийуран“ давлат корхонасида мазкур коррупцияга қарши қатъий позиция ва амалий чора-тадбирлар билан ҳамоҳанг равишда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, корхонада халқаро ISO 37001 «Коррупцияга қарши курашиш менежменти» ва ISO 37301 «Комплаенс менежменти» тизимлари бўйича стандартлар жорий этилди ва уларнинг талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи сертификатлаштириш аудити муваффақиятли якунланди.
Жорий йилнинг 5 июнь куни “CERT International” халқаро сертификатлаш ташкилотининг бош аудитори Риад Ибрагимов мазкур стандартлар бўйича сертификатларни “Навоийуран“ давлат корхонаси Бош директори Джамал Файзуллаевга тантанали равишда топширди ва корхона жамоасининг ЭСГ соҳасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаб, келгусидаги лойиҳаларда муваффақиятлар тилади.
Мазкур сертификатлар корхонада коррупциявий хавфларни аниқлаш, олдини олиш ва бартараф этишга қаратилган самарали бошқарув тизими мавжудлигини ҳамда комплаенс-менежмент соҳасидаги жаҳон андозаларига мувофиқ равишда иш юритилаётганини кўрсатади.
Бунга қадар “Навоийуран“ ДК томонидан бешта ISO халқаро стандарти — ISO 9001 «Сифат менежменти», ISO 14001 «Экологик менежменти», ISO 45001 «Меҳнатни муҳофазаси ва техника хавфсизлигини таъминлаш менежменти», ИСО 27001 «Ахборот хавфсизлиги менежменти» ва ISO 50001 «Энергетика менежменти» амалиётга жорий қилинган ва тегишли сертификатлар қўлга киритилган эди.
Шу тариқа, халқаро ISO стандартлари сонининг 7 тага етказилиши “Навоийуран“ ДКнинг халқаро талабларга мос корпоратив бошқарув, ижтимоий масъулият ва экологик барқарорлик соҳаларидаги ислоҳотларга содиқ эканини яна бир бор намоён этди. Ўз навбатида ушбу ютуқ корхонанинг халқаро ЭСГ рейтингини янада яхшилаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
“Навоийуран“ ДК ПР хизмати
Ҳамкорлик материали