Нега Японияда "Абдуллажон"ни яхши кўришади?

    Яхши кино инсонга маънавий озуқа, руҳий мадад ва сабоқ беради. Шунингдек, у халқнинг, миллатнинг ўтмишидан сўзловчи, бугунини акс эттирувчи, орзу-умидларини ифодаловчи ижод маҳсулидир.

    Мукаммал яратилган кино асарлар йиллар ўтса-да, халқимиз қалбидан чуқур ўрин эгаллаб келмоқда. Буни қарангки, ўзбек фильмларининг ўтмиши ва бугунги ривожига кунчиқар юрт Японияда ҳам катта эътибор қаратишар экан. Таниқли киношунос Сауто Саито билан кино санъатининг асосий мезонлари ва талаблари ҳақида суҳбатлашдик.

    - Жаноб Сауто, нима учун кино соҳасида фаолият юритишни истадингиз? Илк бора томоша қилган ўзбек фильмингизни эслай оласизми?

    - Ҳаммаси фотосуратларга қизиқишимдан бошланган. Фильм томоша қилиш жараёнида рамка фильмда қандай муҳим роль ўйнашини тушунганман. Ва ҳар бир фильмни техник нуқтаи назардан таҳлил қила бошладим. Ўша пайтлари Совет Иттифоқи томонидан ишлаб чиқарилган ўзбек фильмлари тез-тез намойиш этиб турилган. Мен ҳар доим бўлаётган воқеаларнинг расмига эътибор қаратардим, бу мен томоша қилишим учун фильм танлашда асосий мезон эди. Ўзбек фильмларидан Али Ҳамроевнинг “Ёр-ёр” фильми менда энг ёрқин таассурот қолдирганини яхши эслайман. Ўша пайтдаги фильмларнинг олтин классикасини томоша қилганимда ўзи мни узоқ сафардан сўнг ниҳоят уйига қайтган сайёҳ каби ҳис қилар эдим.

    - Французлар фильм ишлашда севги фалсафасига, руминияликлар реализмга ва ўткир ҳазилга катта эътибор қаратадилар. Ўзбек кинематографиясининг қандай ўзига хос хусусиятларини ажратиб кўрсата оласиз?

    - Яхши оилавий драма ҳар бир ўзбек фильмининг сюжети асосини ташкил қилади. Халқ анъаналари ва қадим илдизларга бўлган садоқат, ватанпарварлик ғоялари ҳар бир режиссёрнинг диққат марказида туради. Шу ўринда кино тарихидаги энг муҳим фильм сифатида Худойберган Девоновнинг биринчи фильмларини айтиб ўтмоқчиман. “Бизнинг заминимиз- архитектура ёдгорликлари” фильми ўша даврдаги муҳитга қарамай, мамлакатингизда кинематография учун мустаҳкам асос яратди. Биласизми, кино саноатида жасорат талаб қиладиган барча ҳолатларни ажойиб деб аташ мумкин.

    Ҳақиқий миллат руҳини ифодалагувчи фильм бу “Ўтган кунлар”дир. Бу фильмни томоша қилган одам борки, ўзбек халқни яхши кўриб қолади. Айнан шу фильмнинг ўзини кўриб ҳам миллий қадриятларингиз ва анаъанларингиз ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлиш мумкин.

    Дунё кинематографлари учун таниқли ўзбек муаллифларидан бири Али Ҳамроевдир. Унинг фильмлари “Тriptix” ёки “Tansoqchi” фильмлари каби дунё кинематографларини ҳайратга соладиган ажойиб гуманизм ва илоҳий гўзалликка эга.

    Али Ҳамроев ўзбек киносининг ҳақиқий маэстроси. Миллий атмосферани йўқотмасдан чиройли ва метафорик фиоьмлар олиш бобида унга тенг келадигани йўқ. Али Ҳамроевнинг асарлари ҳар қандай ёшдаги киноижодкорларга йўл кўрсатувчи нур бўлиб хизмат қилади, деб биламан.

    Менинг энг севимли фильмларимдан бири Қамара Камолованинг “Аччиқ мева”сидир. Ушбу фильмда ёз фасли бош қаҳрамон қизнинг руҳияти билан чамбарчас ҳолда ғалати ва яшил рангда тасвирланган. Бу янги топилма менда катта таассурот қолдирган. Ўзбек халқи унинг бу интилитшларини қадрласа керак. Ростини айтсам, мен Қамара Камолованинг мухлисиман. Бу ижодкор гарчи кўплаб совет режисёрлари каби машҳур бўлмаса-да, тор доирадаги профессионал ижодкорларнинг ҳурматига сазовор бўлган ижодкор. Унинг фильмларида шундай атмосфера мавжудки, ўзига хос қўлёзмасини дарров таниб оласиз.

    Японияда энг машҳур ўзбек фильми қайси фильм биласизми? Шубҳасиз, Зулфиқор Мусоқовнинг “Абдуллажон” фильмини жуда яхши кўришади. Японияликлар режиссёрнинг ғайриоддий лавҳалари ва ақл-идрокига шунчалик мафтун бўлишганки, ҳатто уни диний фильм деб ҳисоблашади. Мен ҳатто Зулфиқор Мусоқов Ўзбекистонда Япониячалик машҳур бўлмаса керак деб ўйлайман. Зулфиқор Мусоқовни миллий фаворит деб аташ адолатли бўларди. Унинг барча асарлари Ўзбекистон жамоатчилиги томонидан илиқ кутиб олиниши ҳақида эшитганман. Зулфиқор Мусоқовнинг услуби ва ўзига хос дунёқараши ҳар қандай томошабинни беихтиёр ўзига жалб этади.

    - 2019 йилда Киёси Куросава томонидан “Дунёнинг охирига қадар” номли фильм Ўзбекистонда суратга олинди. Япониялик киноижодкорлар бу фильмни “Куросаванинг энг яхши фильмларидан бири” деб аташди. Аммо Марказий Осиёлик ижодкорлар бу фильмни кескин танқид остига олишди...

    - Киёши Куросаванинг иши билан яхши танишман. Икки йил олдин суҳбатлашганимда унинг яхши ижодкор ва мулоҳазали инсон эканлигига гувоҳ бўлганман. “Дунёнинг охирига қадар” фильмига келсак, чиндан ҳам камчиликлари йўқ эмас. Бироқ бу фильмда ўзига хос услуб ва дунёқараш акс этганлигини ҳисобга олсак, ёмон фильм деб айта олмайман. Айниқса, режиссёр бу фильмда ўзининг рассомлик маҳоратини жуда яхши намоён этган.

    Ушбу фильмнинг тақдимот маросими Токионинг бир нечта кинотеатрларида юқори савияда ўтказилганини яхши эслайман. Тадбирларда япониялик ижодий гуруҳ билан бирга Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси Ғайрат Фозилов, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Феруза Тўрахўжаева, киноактёр Адиз Ражабов ҳам иштирок этишган. Таъкидлаш лозимки, таниқли, ёш киноактёр Адиз Ражабов ушбу фильмда асосий роллардан бирини маҳорат билан ижро этган. Айниқса, япониялик журналистлар ва ОАВ ходимлари билан “Crank in” интернет-нашриётида ўтказилган матбуот анжумани менда жуда катта таассурот қолдирган. Анжуманда фильм ижодкорларидан Киёси Куросава, Ацуко Маэда, Рё Касэ, Шота Сометани, Токио Эмото ва Ўзбекистонлик делегация вакиллари иштирок этишган.

    Шунингдек, Токионинг машҳур Гинза кўчасида жойлашган Сутая кутубхонада Адиз Ражабов иштирокида ажойиб учрашув ҳам жуда кўтаринки руҳда бўлиб ўтган. Кутубхонада Ўзбекистон, унинг маданияти, анъаналари, санъатига оид махсус жой борлиги ўзбекистонликларни жуда хурсанд қилган эди. Фильм тақдимотидан сўнг бўлиб ўтган бу учрашувда япон томошабинлари Ўзбекистон ҳакида кўплаб саволлар беришган. Уларни купроқ Ўзбекистоннинг тарихий обидалари, таомлари, урф-одатлари қизиқтирган. Томошабинлар бу ажойиб диёрга ташриф буюриб, унинг маданияти, анъаналари билан яқиндан танишиш истагини билдиришган. Учрашувда тарихи қадим юртингизнинг сайёҳларни қизиқтира оладиган манзиллари кўплигига ҳам алоҳида урғу берилган эди. Жумладан, япон киноихлосмандлари томонидан “Ўзбекистоннинг чиройли жойлари фильмда карийб кўрсатилмаган. Нима учун?”- деган саволига “- Куросава жаноблари ўз олдиларига ялтироқ фильм суратга олишни мақсад қилмаганлар. Ўзбекистон одамларининг оддийлиги, камтарлиги билан ҳам гўзал!”- деб жавоб берган эди киноактёр Адиз Ражабов.

    - 2019 йилнинг энг яхши ўзбек фильм сифатида қайси фильмни айта оласиз?

    - Сўнгги ўн йил ичида ўзбек кино саноатида сезиларли даражада ўзгаришлар рўй берди. Ва бу ўзгаришлар янги даврни бошлаб берди. Умид Ҳамдамовнинг “Иссиқ нон” фильми ўзбек киноси ривожидаги муҳим қадам деб биламан. Шу боис бу фильм “Оскар” мукофотига тавсия қилинди.

    Энг муҳими, ўзбек киносидаги муаммоларни ҳал қилишга ҳукумат томонидан жуда катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, ўзбек киноси халқаро миқёсда ютуқларга эишиши учун етарлича шарт-шароитлар яратиб берилаётгани кишини қувонтиради. Биласизми, ёш киноижодкорлар, аввало, классик фильмларни ўрганишлари керак. Шундагина уларнинг пойдевори мустаҳкам бўлади. Ўзлигини йўқотган ижодкорни дунёнинг ҳеч қаерида тан олишмайди. Кейинги пайтларда режиссёрларнинг тарихий мавзуларга мурожаат қилаётгани ҳам яхши фильмлар сафини кенгайтирмоқда. “Қўқон шамоли”, “Исломхўжа”, “Илҳақ”, “Авлоний”, “Элпарвар”, “Имом ат-термизий” каби ўзбек фильмлари менда жуда катта таассурот қолдирди.

    Кино – дунё халқларини бирлаштирувчи куч. Шу боис унинг ғоялари ҳамиша умуминсоний бўлиши зарур. Миллий илдизлардан куч олса-да, унинг асосий мақсади умумбашарий мақсадлар билан чамбарчас боғланиши муҳимдир. Зеро, айни пандемия даврида дунё аҳли бу маънавий занжир қанчалар аҳамиятли эканлигини янада чуқурроқ ҳис қилмоқда.

    Келгусида ўзбек киносида бугунги интилишлар ва изланишларнинг самараси сифатида профессионал тарзда суратга олинган энг яхши фильмлар кўпайишига ишонаман.

    Мухлиса АЗИЗОВА

    суҳбатлашди

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates